Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:14

Путиннинг бешинчи президентлик муддати: Эътибор қаратиш керак бўлган беш жиҳат


Россия президенти Владимир Путин олти йил аввал Кремлдаги инаугурация маросимида. 7 май, 2018
Россия президенти Владимир Путин олти йил аввал Кремлдаги инаугурация маросимида. 7 май, 2018

Март ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғолиб бўлган Владимир Путин 7 май куни Кремлда ўтган инаугурация маросимидан сўнг янги олти йиллик президентлик муддатини расман бошлади.

Кейинги 6 йил давомида Россия сиёсатида қуйидаги ўзгаришлар бўлиши тахмин қилинмоқда: Украинадаги уруш учун янги сафарбарлик, урушни молиялаштириш учун янги солиқлар, Кремль ичида кадрлар алмашинуви, НАТО учун янги таҳдидлар ва ўзгача фикрларни бостириш.

Россия сиёсати бўйича фахрий эксперт Татьяна Становая Путин ва Кремлнинг Россия геосиёсий позицияси борасидаги мавқеини шундай изоҳлайди:

“Бу қуруқ ташвиқот эмас, балки мафкуравий экспанция, «путинизм»ни Ғарб мамлакатларига экспорт қилиш ва потенциал «дўстлар» билан фаол ишлаш режалари аксидир. Бошқача айтганда, қадриятлар учун геосиёсий кураш яна Ғарбга кўчмоқда ва Путин ўзини ҳар қачонгидан ҳам дадил ҳис қилмоқда”.

Бу «муқаддас уруш» чегаралари яна кенгаяди”, дейди у

Россия Украина билан урушда Иккинчи Жаҳон Урушидан бери энг катта инсоний ва техникавий йўқотишларга учради. Ғарб ҳисоб-китобларига кўра, ҳалок бўлган ёки яраланган рус аскарлари 320 000 дан ортиқ, шунингдек, Россия минглаб танклари, транспорт воситалари ва артиллерия тизимларидан ҳам айрилган.

Шунга қарамай, Россия ўз иқтисоди ва саноатини урушга мослаштира олди. Урушга 300 мингдан ортиқ захирадаги аскарлар билан бирга минглаб маҳбуслар ҳам жалб этилди.

Финляндия Банкининг Ривожланаётган Иқтисодиётлар Институти тадқиқотига кўра, янги шартномалар учун бонуслар 700 000 рублгача (7 600 АҚШ доллари) оширилган. Бу Россияда 2022 йилги йиллик ўртача иш ҳақидан кўп.

Ҳарбий қўмондонлар шартнома мажбуриятларини ўзгартиргани ва сохталаштиргани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Хабарларга кўра, баъзи маҳбус аскарлар қисқа муддатли хизматдан сўнг ваъда қилинганидек озодликка чиқарилмаган, аксинча, уларга уруш тугаганидан кейин озод бўласизлар деб айтилган.

«2024 йилда Кремль бир қарорга келади. Агар йўқотишлар бугунгидек юқори бўлиб тураверса, Кремль янги ҳарбийлар топиши керак бўлади», дейди Тафтс университети қошидаги Флетчер ҳуқуқ ва дипломатия мактаби тадқиқотчиси эксперт Павел Лузин.

Кремль ё «зўрлик, мажбурлаш орқали» навбатдаги сафарбарликни амалга оширади ёки Украинага кўпроқ муддатли чақирилувчиларни юборишга мажбур бўлади.

Ҳозирги вақтда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган барча россиялик эркаклар армияда 12 ой хизмат қилиши шарт, аммо қонун янги чақирилувчиларни чет элдаги жанговар ҳаракатларга юборишга рухсат бермайди.

Дастлабки икки йилда Кремль Украинадаги уруш учун 30 триллион рублдан (325 миллиард доллар) ортиқ маблағ сарфлаган. Экспертларга кўра, бу йил ҳарбий харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 8 фоизидан ошиши кутилмоқда.

Улкан ҳарбий харажатлар Ғарб санкциялари фонида Россия иқтисодини ҳаракатлантирган восита бўлди. Бу йил Россия иқтисодиёти 2,6 фоизга ўсиши прогноз қилинган.

15 март куни Украинанинг Россия назорати остидаги Донецк шаҳрида бўлиб ўтган Россия президентлик сайлови.
15 март куни Украинанинг Россия назорати остидаги Донецк шаҳрида бўлиб ўтган Россия президентлик сайлови.

Уруш учун харажатнинг катта қисми нефть ва газ сотишдан олинган даромад ҳисобидан қопланмоқда. Январь ойида Россия Молия вазирлиги бу йил нефть ва газ савдосидан 11,5 триллион рубль (125 миллиард доллар) даромад олишни кутаётгани, Хитой ва Ҳиндистон асосий харидорлар эканини маълум қилди.

Москва давлат ғазнасидаги захира жамғармаларини ҳам уруш учун сарфламоқда. Ҳукумат маълумотларига кўра, 2023 йил охирига келиб миллий бойлик фонди деярли ярмига қисқарган.

Путин февраль охиридаги нутқида давлат даромадларини кўпайтириш ва кўпроқ даромад олувчиларга солиқ юкини оширишни кўзда тутувчи Солиқ кодексидаги ўзгаришларга ишора қилди.

Important Stories ва Bloomberg хабарига кўра, ҳукумат 5 миллион рублдан ортиқ даромад оладиганлар учун даромад солиғини 15 фоиздан 20 фоизга, корпоратив солиқ ставкаларини эса 20 фоиздан 25 фоизга оширишни кўриб чиқмоқда.

Бу Молия вазирлиги 2024 йил учун прогноз қилган 1,6 триллион рубллик (17 миллиард доллар) бюджет тақчиллигини тўлдиришга ёрдам беради.

Россия Бош штаби раҳбари генерал Валерий Герасимов ва Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу сайлов участкасида.
Россия Бош штаби раҳбари генерал Валерий Герасимов ва Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу сайлов участкасида.

«Россия ҳарбийлари Россия сиёсатида тобора кўпроқ мавқега эга бўлиб бориши муқаррар. Россиядаги ҳар бир уруш, қанчалик ҳалокатли бўлишидан қатъи назар, Россия сиёсатида ҳақиқатан ҳам муҳим роль ўйнаган жуда машҳур генералларни пайдо қилди» дейди Россия хавфсизлик хизмати бўйича эксперт Андрей Солдатов.

Путин ўз нутқида йирик ижтимоий сиёсатга йўналтирилган бешта янги «миллий лойиҳа»ни яратиш ҳамда ҳукумат таркибидаги ўзгаришлар ҳақида ҳам гапирди.

«Кўп йиллардан буён Путин ҳокимият алмашуви ёки ворислар ҳақидаги ҳар қандай спекуляцияга барҳам бериш учун Россиянинг юқори элитаси ўртасида катта ўзгаришлар қилишдан ўзини тийиб келган. Аммо энди янги сиёсий ўйинчига ваколат беришдан бошқа иложи йўқ», дейди сиёсий шарҳловчи Андрей Перцев.

Агар катта ўзгаришлар рўй берса, эътибор қилиш керак бўлган номлардан бири – президент маъмуриятининг саҳна ортидаги нуфузли вакили, президентлик сайловларини ишлаб чиқиш учун масъул бўлган Сергей Кириенко бўлади. У, шунингдек, Кремлнинг Москва ноқонуний аннекция қилган Украина ҳудудлари бўйича асосий вакилидир.

Путиннинг 2007 йилда Қўшма Штатларни Учинчи Рейхга ўхшата бошлаган жанговар риторикаси 2018 йилдаги сўнгги сайловларидан кейин ва 2022 йил февралида Украинага бостириб кириши арафасида янада ёмонлашди.

Парламентдаги нутқи давомида Путин Россиянинг ядро арсенали ҳақида фахр билан гапирар экан, Ғарб давлатлари Украинадаги урушга тўғридан-тўғри қўшилса, ядро қуролидан фойдаланиш билан таҳдид қилди.

Путиннинг инаугурацияси арафасида Мудофаа вазирлиги тактик ядро қуролидан фойдаланиш бўйича машғулотлар режасини эълон қилиб, машғулотларни Ғарб расмийларининг «иғвогар баёнотлари ва таҳдидларига» жавоб деб атади.

Путин режими Россиянинг Украинага қарши уруши натижасига боғлиқ, дейди таҳлилчилар. Агар тўғридан-тўғри ғалаба бўлмаса, Путин ғалаба сифатида даъво қилиш имконини берадиган бошқа натижага эришмоқчи. Бу ўз навбатида жанговар риторика давом этишини англатади.

2012 йилдан бери Путин фуқаролик жамияти, нодавлат ташкилотлар, ҳуқуқ гуруҳлари, мустақил оммавий ахборот воситаларига босимларни кучайтирди. Кўп одамлар ва ташкилотлар қора рўйхатга киритилди, судга тортиш билан таҳдид қилинди, банкрот қилинди ёки мамлакатдан ҳайдаб чиқарилди.

Украинадаги уруш Россияни полиция-давлатига айланишини янада тезлаштирди. Ҳукумат урушни танқид қилган ҳаммани жиноий жавобгарликка тортмоқда.

Урушга қарши позицияни ёқлаган собиқ депутат Борис Надеждин Путин ва можарога қарши бўлган кўплаб россияликлар томонидан қўллаб қувватланди. Аммо расмийлар уни президентлик сайловларида қатнашишига имкон бермади.

OzodNazar: Путиннинг янги муддати ва Марказий Осиё
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:52:44 0:00

Февраль ойида Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальний қамоқхонада ўлиши рус мухолифатига яна бир зарба бўлди. Ҳатто Навальнийнинг дафн маросимида қатнашганларнинг айримлари ҳибсга олинди.

Тахминларга кўра, Путиннинг бешинчи муддатида ўзгача фикрловчиларга босим кучаяди. Кремль жамият розилик ёки лоқайдлик ўртасида бўлишини хоҳлайди.

«Кремль оммавий тартибсизликларни ёқтирмайди. Улар бу режим барқарорлиги учун таҳдид солишидан хавотирда. Шунингдек, ҳукумат оммавий норозиликларнинг беқарорлаштирувчи томонларини бўрттириб кўрсатади деб ўйлайман. Улар ташаббускорлик ёки аҳолини бирлаштирадиган ҳар қандай нарсадан қўрқади. Кремль сиёсий бефарқликни, сиёсат билан шуғулланмайдиган одамларни афзал кўради. Тизим барқарорлиги аслида бефарқликка асосланган», дея хулоса қилади Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ вакили Томас Грем.

Форум

XS
SM
MD
LG