Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:26

Путин президентлигидан норозилар намойишида юзлаб одам ҳибсга олинди (ВИДЕО)


Норозилик намойишлари, Москва, 5 май, 2018-йил
Норозилик намойишлари, Москва, 5 май, 2018-йил

Москвада 5 май кунги рухсат этилмаган норозилик намойишида Навальний қатори яна юзлаб кишилар ҳибсга олинди. Намойишчилар Владимир Путиннинг тўртинчи марта президентлик лавозимига киришишига норозилик билдирди.

Россия мухолифат етакчиси Алексей Навальний ўзи билан бирга намойишда иштирок этган юзлаб намойишчи ҳибсга олиниб, кейин қўйиб юборилганини билдирди.

“Улар менга намойишни уюштирганим ва полицияга бўйсунмаганим учун иккита баённома тўлдирди. Аммо, кечки соат 12 яримда суддгача қўйиб юборди”, деб ёзди Навальний 6 май куни эрталаб Твиттердаги сафиҳасида.

Навильнийнинг коррупцияга қарши жамғармаси ҳуқуқшуноси Вероника Полякованинг "Интерфакс" ахборот агентлигига билдиришича, унинг ишига оид эшитув Москва шаҳрининг Тверь туман судида 11 май куни бўлиб ўтади.

Навальний Москва марказидаги Пушкин майдонидаги намойишга келиб қўшилиши билан орадан кўп ўтмай қўлга олинди. Полиция махсус бўлинмаси кўплаб намойишчиларни машиналарга босиб олиб кетди, баъзиларини Путинга тарафдор кишилар калтаклади.

Навальний ҳукуматга қарши норозилик намойишлари уюштиргани учун олдин ҳам айбланиб, бир неча марта қамалиб чиққан.

ОАВ хабарига кўра, Москвада норозилик намойишига минглаб киши чиқди. Полиция улар сони 1 500 киши бўлганини айтмоқда. Санкт-Петербургдаги намойишда 1000 га киши қатнашди.

Мен Путинни мамлакатни бошқаришга лойиқ эмас, деб ҳисоблайман. У ҳокимият тепасида 18 йилдан бери ўтирибди, бироқ бирор яхши иш қилгани йўқ, − деди москвалик норозилик намойиши иштирокчиси Дмитрий Никитенко Ассошиэйтед Пресс ахборот агенлигига. – У яхшиликча кетиши керак.

Полиция фаолиятини мустақил кузатувчи OVD-Info ташкилоти берган маълумотга кўра, мамлакатнинг 26 та шаҳрида намойишлар билан боғлиқ тарзда 1262 киши ҳибсга олинди. Қайд этилишича, айрим қўлга олинганлар вояга етмаган ўсмирлардир.

Москвада 703 нафар, Санкт-Петербургда эса 22 нафар намойиш қатнашчиси ушланди. Пойтахт полицияси “тахминан 300 киши” ушланганини хабар қилди. Бутун мамлакатдан қанча киши ушлангани ҳақида ҳеч нарса дейилмади.

41 яшар Навальний ўз тарафдорларини Путиннинг 7 май куни бўлиб ўтадиган инаугурация – президентлик лавозимини бажаришга киришиш маросими олдидан “У бизга подшоҳ эмас!” шиори остида кўчаларга чиқишга даъват қилди. Бундан мақсад Путиннинг автократик бошқарув усулига норозилик билдириш эди.

У 4 май куни Твиттерга қўйган хабарида Путинни “қўрқоқ чол” деб атади.

Биз қаллоб ва ўғрилардан таркиб топган ҳокимият идораларини Путинга овоз бермаган миллионлаб ватандошлар билан ҳисоблашишга мажбур қиламиз, − деди у 4 май куни.

Путин 7 май куни тўртинчи марта президентликка киришишдан олдин қасамёд қилади. Шу тариқа у 18 йиллик ҳукмронлигини яна узайтирмоқчи.

Тарафдорлари уни “тиз чўкиб қолган” мамлакатни оёққа турғазди, деб ҳисобласа, мухолифлари коррупция ботқоғига ботган ва мамлакат бойликларини ўғирлаш билан шуғулланаётган авторитар ҳукмдор деб билади.

Мовква шаҳри ҳокимият идоралари Навальний тарафдорларини “мутлақо ноқонуний” норозилик намойишларида қатнашишдан огоҳлантирди.

Анъанавий казак йийимларини кийиб олган кишилар намойишчаларни калтаклаётган ва майдон устидан вертолёт учиб ўтаётган пайтда махсус полиция бўлинмалари уларни ушлаб олиб кета бошлади.

Пушкин майдонидаги оломон орасида кўпчилиги ёшлардан иборат Путин тарафдорлари ҳам бор эди, улар “Мамлакат – бизники, қонунлар – бизники” ва “Путин тарафдоримиз”, деб бақирди.

Ижтимоий тармоқлар полиция қаршилик кўрсатмаётган кишиларни зўрлаб ушлаётгани акс этган видео ва фотосуратлар билан тўлиб кетди.

Москва полицияси матбуот котиби Владимир Серников эса бунинг зидди ўлароқ, “Полиция билан Миллий гвардия бугун қонундан четга чиқмай, ўз ишини билиб ва шовқин кўтармай ҳаракат қилди”, деб баёнот берди.

Кўплаб намойишчиларга, полицияга бўйсунмади, деган маъмурий айб қўйилди, аммо улар суд мажлисига қадар озод қилинди.

АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Ҳизер Ноэрт Твиттерда, Қўшма Штатлар “Россиянинг юзлаб тинч намойишчиларни қўлга олганини қоралайди ва уларни тез орада озод этишни талаб қилади”, деб ёзди.

Европа Ташқи сиёсат масалалари идораси раҳбари Федерика Могерини Россиядаги норозилик намойишларига полициянинг муносабати “фундаментал фикр ва йиғилишлар ўтказиш эркинлиги”га таҳдид қилаётгани ҳақида баёнот берди.

XS
SM
MD
LG