Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:27

Путиннинг рақиби ва "Россиянинг янги умиди". Тошкентда туғилган Борис Надеждин ким?


"Фуқаролик ташаббуси” партиясидан Россия президентлигига номзод Борис Надеждин Санкт Петербургдаги матбуот анжуманида. 14 январь, 2024
"Фуқаролик ташаббуси” партиясидан Россия президентлигига номзод Борис Надеждин Санкт Петербургдаги матбуот анжуманида. 14 январь, 2024

Борис Надеждин Давлат Думасининг собиқ депутати ва урушга қарши бўлган ягона номзод. Унга Россия Марказий сайлов комиссияси Россия президентлигига номзод бўлиш учун зарур имзоларни тўплашга рухсат берган. Сайлов 2024 йилнинг 15-17 мартига белгиланган. Эҳтимолий номзодлар январь ойи охиригача имзо тўплашлари керак.

Агар Надеждин сайловда мустақил номзод сифатида қатнашса, у 300 минг имзо тўплаши керак бўлади. У бу вазифани "деярли нореал" деб атайди. Шунинг учун у бир неча партия билан музокара олиб бориб, парламентга кирмаган “Фуқаролик ташаббуси” партиясидан ўз номзодини тасдиқлатишга муваффақ бўлди. Унинг номзодлиги 2023 йил 23 декабрда эълон қилинган. Декабрь ойида Марказий сайлов комиссияси номзодини сайловга рўйхатга олишни рад этган ржевлик журналист Екатерина Дунцовадан фарқли ўлароқ, Надеждинга имзо тўплашни бошлашга рухсат берилди. 23 январь куни у керакли 100 минг имзо тўпланганини, жараён давом этаётганини айтди.

Надеждин Россия президентлигига номзодини қўйиш истаги ҳақида шундай деди: "Мен бу ишга бир сабабга кўра аралашаман: Мамлакатимиз ҳалокатга томон муқаррар кетмоқда, президент бизни ўша томонга етакламоқда". Шу билан бирга, кузатувчилар таъкидлашича, Надеждин Кремль билан келишилган номзод, Владимир Путиннинг навбатдаги қайта сайлов кампанияси ишончли чиқиши учун махсус кўрсатилган. Надеждиннинг “Ўнг кучлар иттифоқи” собиқ аъзоси бўлгани, “Ягона Россия”нинг бошланғич саралашларида қатнашгани, “Адолатли Россия” партиясидан сайловга номзоди кўрсатилгани ва федерал каналларнинг тез-тез меҳмони бўлиб туриши унинг самимийлигига шубҳа уйғотган.

Аммо Надеждиннинг урушга қарши ва Путинга қарши риторикаси сабабли ўн минглаб одамлар Россияда ҳам, хорижда ҳам унинг учун имзо қўймоқда. Мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган россиялик мухолифатчилар ҳам Надеждинга имзо чекишга даъват этди.

Путин бешинчи президентлик муддатига номзодини қўймоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:35 0:00

Борис Надеждин 2024 йилгача нималар қилган?

60 ёшли Борис Надеждин физика-математика фанлари номзоди. У 1963 йилнинг 26 апрелида Тошкентда мусиқачилар оиласида дунёга келган. 3 ёшлигида Тошкент зилзиласини бошидан кечирган. Бобоси Борис Борисович Надеждин 1930-йилларда коммунистик партия томонидан Ўзбекистонга йўлланган. Таниқли ўзбек совет композитори ва Тошкент консерваториясининг доценти бўлган. Тошкентдаги мусиқа мактабларининг бирига унинг номи берилган. Ота-онаси болалигида Надеждинни виолончелист сифатида ўқишга юборишган, аммо у физик бўлмоқчи эди, кейин у "совет тадбиркори" бўлди (қайта қуриш йилларида кооператив тузганди) ва 90-йиллар бошларида у депутатликка сайланишга қарор қилди. Мана, 30 йилдирки у сиёсатда.

1990-йилларда Надеждин Ўнг кучлар иттифоқидан (СПС) Давлат Думасининг депутати бўлган. У Борис Немцов, шунингдек, президент маъмуриятининг амалдаги раҳбари Сергей Кириенко билан ҳамкорлик қилган. 2012 йилда президентлик сайловларида Сергей Мироновнинг ишончли вакили, шунингдек, Владимир Путин жамоасидан кузатувчи бўлган. Сиёсий эксперт сифатида у федерал каналлардаги ток-шоуларда қатнашади. У 2016 йилда Давлат Думасига сайловлар олдидан “Ягона Россия” партиясининг праймеризларида қатнашган ва ҳозир буни шундай эслайди: “Хўп, праймеризга келсак, бу “Ягона Россия”ни троллинг қилиш эди. "Ягона Россия" партияси сайловда камдан-кам ҳолларда дебатларда қатнашади. Лекин дебатда қатнашиш праймеризларда мажбурий эди. Бу баҳслар учун улар турли одамларни, оломонни тўплашарди. Ўшанда ўйладим: нега бундан фойдаланмаслигим керак? Праймеризга ёзилдим. Бу баҳсларда мен уларни яксон қилдим. Қизиғи шундаки, мен бу праймеризда вилоят Думаси учун ҳам ғолиб бўлдим. Номзодимни қўйиш ниятим бўлмагани учун, улар менга иккинчи ўринни беришларига келишиб олдик”.

Кремль билан келишилган ёки келишилмаган номзод?

Ҳозир Борис Надеждин, ўзининг таъкидлашича, Кремль розилигисиз Россия президентлигига даъвогарлик қилмоқда. "Мен президент маъмуриятидан ҳеч ким билан гаплашмаганман ва гаплашмайман ҳам. Тасаввур қилинг, президент маъмуриятига бораман ва «менда ажойиб ғоя бор, Путинни ва махсус операцияни танқид қиламан, штаб очаман, одамлар мени қўллаб тўпланишади, шу ишни қилишга менга ёрдам берасизми?» дейман. Менимча, шундай қилгудек бўлсам, улар мени ифлос супурги билан ҳайдаб солишади», дейди у.

"Настояшчее Время" эфирида унга «Қандай қилиб сиз урушга қарши чиқишларингиздан кейин ҳам бемалол юрибсиз, бундай чиқишлар учун таъқиб муқаррар бўлган бир давлатда?» деб савол берилганда Борис Надеждин шундай жавоб берди: "Мен бунинг жавобини билмайман: мен 20 йилдан бери Путинни ва унинг йўлини танқид қиламан, лекин ҳамон тирикман, озодман ва ҳатто “хорижий агент” ҳам эмасман.

«Верстка» нашри Россия президенти маъмуриятига яқин уч манбага таяниб ёзишича, дастлаб Надеждин Кремлда келишилган номзод бўлган, аммо у «СВО» (Россияда Украинадаги урушни шундай аташ талаб этилади) ва Владимир Путинга қарши чиққач, келишув бузилган. Надеждиннинг ўзи: "Бу сайловларда иштирок этишимга ҳеч қандай кафолат йўқ", деди. «Верстка» манбаларига кўра, Марказий сайлов комиссияси "имзоларнинг паст сифати"ни баҳона қилиб, унинг номзодини рад этишни режалаштирган.

Надеждин "Украинадаги СВО"га қарши тўғридан-тўғри қарши гапирадиган ягона номзод: "Путин СВОни бошлаш билан ҳалокатли хатога йўл қўйди. СВОнинг белгиланган мақсадларидан ҳеч бири амалга ошмади. Катта зарарларсиз бунга эришиш даргумон. Иқтисодга ва Россия аҳолисига тузатиб бўлмайдиган зарба бу”, дейилади Надеждиннинг манифестида. У ўзини “Путиннинг принципиал рақиби” деб атайди: “Путин дунёга ўтмишдан туриб қарайди ва Россияни ўтмишга тортади. Россияга келажак керак."

“Настояшчее Время” нашрига берган интервьюсида Надеждин агар президент этиб сайланса, Украинадаги уруш бўйича режаси сулҳ ва музокаралар эканлигини айтди: “Аммо мен бир муҳим нарсани айтмоқчиман: мен рус ватанпарвариман, ватанимга хизмат қиламан ва уни ҳимоя қиламан. Сиёсий раҳбарият фронтга мажбуран юборганлар ҳақида ҳам, Украина халқининг азоб-уқубатлари ҳақида ҳам қайғураман, аммо биринчи навбатда, Россия ҳақида ўйлайман".

Надеждин ҳам сафарбарликка қарши чиқди ва 2024 йил январь ойида эрлари фронтдан қайтарилмаётгани сабабли шикоят қилиб тўпланган аёллар билан учрашди.

Украина уруши ва Россия сиёсий-ҳарбий элитасидаги бўлинишлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:41 0:00

Надеждин сайловда ўз номзодини рўйхатга қўйдириш учун камида 100 минг сайловчи имзосини тўплаши кераклигини, Марказий сайлов комиссияси 31 январь куни бу имзоларни қабул қилиши ва номзодлар рўйхатини 10 февралдан кечиктирмай эълон қилишини маълум қилди. Шу билан бирга, Федерациянинг ҳар бир субъектидан 2,5 мингдан кўп бўлмаган имзолар топширилиши керак. 23 январь куни бу маррага эришилганини эълон қилган Надеждин имзо йиғиш давом этаётганини айтди.

Борис Надеждинга имзо тўплашга рухсат берилгандан сўнг, кўплаб мухолифат арбоблари, шу жумладан, Россияни тарк этганлар ҳам уни у ёки бу тарзда қўллаб-қувватлашга қарор қилишди: фақат ушбу номзодни кўрсатиш учун имзо қолдириш орқали руслар қонуний равишда урушга қарши позициясини билдириши мумкин.

"Надеждинга бўлган муносабатимни ўзгартирмасдан туриб ҳам, мен унга имзо қўйиш чақириқларига қўшиламан. Имзо овоз бериш билан бир хил эмас ва имзо қўйган одам нимагадир мажбурланмайди, лекин бу Россия жамиятининг сиёсий вакиллик ва янги овозларга талаби борлигини кўрсатади", деб ёзди Любов Соболь. "Борис Надеждинга имзо чекинг. Агар Надеждин сизнинг номзодингиз бўлмаса ҳам, урушга қарши позициянгизни шу тарзда ифодалаш учун бир ҳафтадан камроқ вақт қолди", дея чақирди Михаил Ходорковский. Георгий Альбуров, Иван Жданов, Руслан Шаведдинов, Алексей Венедиктов, Илья Варламов, Екатерина Дунцова, Максим Кац ва "Феминистик урушга қаршилик" фаоллари ҳам россияликларни Надеждинга имзо қўйишга чақиришди.

Шундан сўнг Надеждин учун имзо қўйгани узун навбатлар пайдо бўла бошлади. Аксарият одамлар Москва ва Санкт-Петербургга келмоқда. Надеждиннинг штаби бошқа ҳудудларда рўйхатдан ўтган одамларни ҳам имзо қўйгани келишга чақирди. Ёқутистонда одамлар 45 даража совуқда навбат кутишди. "Одамлар ўзлари учун хавфсиз бўлган сиёсий акцияда қатнашишни истамоқда. Бир неча соатлик навбатлар жамиятда шаклланган сиёсий талабнинг яққол кўрсаткичидир", дейди Надеждиннинг федерал штаби раҳбари Дмитрий Кисиев.

Надеждиннинг штаб хорижда ҳам очилди. Одамлар Париж, Тбилиси, Берлин, Барселона, Ереван, Прага, Белград ва Россиядан ташқаридаги бошқа шаҳарларда ҳам имзо қолдириши мумкин. Бундай имзолар МСКга қандай етказилиши номаълум.

Форум

XS
SM
MD
LG