Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:37

Каримовдан кўчирма - Путин ҳам президентлик муҳлатини нолдан бошламоқчи (ВИДЕО)


Валентина Терешкова Путинга кейинги сайловларда иштирок этишга рухсат беришни талаб қилиб чиқди.
Валентина Терешкова Путинга кейинги сайловларда иштирок этишга рухсат беришни талаб қилиб чиқди.

2000 йилдан бери Россия олий ҳокимиятини ҳеч кимга бермай келаëтган Владимир Путин 2024 йилги президентлик сайловларида ўзининг яна қатнашишини тақиқловчи конституцион чекловни бекор қилишга розилик берди.

Путин¸ Россия Конституциявий суди ўзининг ҳозиргача бўлган президентлик муддатларини нолга туширса¸ президентликка яна номзодини қўйишига ишорат қилди.

10 март куни Путинни қўллаб-қувватловчи “Единая Россия” партиясининг Давлат Думасидаги депутати, СССРнинг биринчи аëл космонавти Валентина Терешкова конституциядаги президент муҳлати борасидаги чекловларни бекор қилиш таклифини муҳокамага қўйди.

- Ўтган бир ярим ой давомида биз кўплаб сайловчилар билан учрашдик. Уларнинг аксари “Путин ҳокимиятда қолиши керак!”, дея таъкидлади. Гапни айлантириш ва ақллилик қилиш, сунъий конструкцияларни ясашга на ҳожат? Ҳаммасини рўй-рост, очиқча, омма олдида кўриб чиқиш керак. Ёки президентлик сайловлари ҳақида Конституциядаги чекловларни мутлақо олиб ташлаш керак! деди Терешкова жумладан.

Думада кўпчиликни ташкил этувчи “Единая Россия” бу таклифни қўллаб-қувватлаши ортидан¸ космонавт депутат “Владимир Путиннинг ўзидан рухсат сўраш кераклиги”ни таъкидлади.

Путинни президентликда чекланмаган муҳлатга қолдириш учун конституцияни ўзгартириш ташаббуси биринчи марта бўлаëтгани йўқ.

Ўтган ой Кремлнинг асосий “стратегларидан” бири Владислав Сурков жорий вазият конституцияга президентнинг аввалги муддатларини бекор қилишга оид ўзгартиш киритишни тақозо этаётганини билдирган эди.

Бу ташаббус Россия парламенти даражасида кўриб чиқилаëтган айни кунда¸ Думада конституцияга ўзгартиш киртиш лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

Путин таклифи билан киритилаëтган ўзгартишлар орасида ҳокимият ваколатларини қайта тақсимлаш, янги тузилаётган Давлат Кенгаши мақомини ошириш, Конституциявий ва Олий суд раисларини тайинлаш ва лавозимидан бўшатишга оид таклифлар бор.

Конституцияга ўзгартиш киритиш масаласининг 2020 йил 22 апрелида умумхалқ референдумига қўйилиши кутилмоқда.

Амалдаги президентни¸ конституция ва қонунларга билвосита ўзгартиш киритиш орқали¸ чекланмаган муддатга сайлаш амалиëти постсовет ҳудудида биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда қўлланилган.

Ўзбекистон конституциясида бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентликка сайланиши тақиқланганига қарамай¸ Ислом Каримов¸ айни шундай усул билан 1991 йилдан то ўлими - 2016 йилга қадар 25 йил президентликда қолишга муваффақ бўлди.

2002 йил 27 январь куни Ўзбекистонда ўтказилган умумхалқ референдумида мамлакат конституциясига ўзгартиш киритилган¸ хусусан¸ президентлик муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилган эди.

Бу ўзгартишлар муносабати билан Марказий сайлов комиссияси Ислом Каримовнинг аввалги президентлик муҳлати инобатга олинмаслиги¸ унинг яна икки муҳлатга президент этиб сайланишга ҳақли эканини эълон қилган эди.

2011 йили декабрида Ўзбекистон парламенти президентлик муддатини яна қайта кўриб чиқиб¸ уни 7 йилдан 5 йилга ўзгартиришга қарор қабул қилди ва бу ўзгартиш ҳам Каримовнинг аввалги президентлигини нолга тушириб¸ унинг яна икки муҳлатга қолишига замин яратган эди.

XS
SM
MD
LG