Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:17

Андижон прокурори фермерлар ери ноқонуний олиб қўйилганига протест келтирди


Андижон вилоят прокуратураси Андижон туманидаги “Абдуқаҳҳор ворислари”, “Шерзодбек олтин даласи”, "Жўрабек” фермер хўжаликлари ерлари туман ҳокимининг қарори билан ноқонуний олиб қўйилганига 3 апрель куни протест келтирди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган туман Фермерлар кенгаши мутахассисига кўра, бу фермер хўжаликлари раҳбарлари ерлари олиб қўйилиши ҳақида огоҳлантирилмаган, суднинг ҳал қилувчи қарори чиқарилмаган.

Андижон вилоят прокуратураси 3 апрель куни Андижон туман ҳокимининг “Абдуқаҳҳор ворислари”, “Шерзодбек олтин даласи”, “Жўрабек” фермер хўжаликлари ерлари давлат захирасига қайтарилгани тўғрисида жорий йилнинг 23 январида чиқарилган 43-Қ- сонли қарорига протест келтирди.

Вилоят прокуратураси Андижон тумани ҳокими қарорига протести
Вилоят прокуратураси Андижон тумани ҳокими қарорига протести

Вилоят прокуратурасининг “Шерзодбек олтин даласи” фермер хўжалигига жўнатган мактубида айтилишича, “Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 24-моддаси 10-банди ҳамда “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддаси 9-бандида “Ер участкасини ижарага олиш шартномаси тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишмаган тақдирда, суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин”лиги белгиланган.

Бироқ, Андижон тумани ҳокими томонидан Сиз билан келишувга эришилмаган ҳамда суднинг ҳал қилувчи қарори мавжуд бўлмаган ҳолда қонунга зид равишда “Шерзодбек олтин даласи” фермер хўжалиги ер майдонларини туман захирасига қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинган”.

Вилоят прокурори ўринбосари Ф. Раҳмонов имзоси қўйилган мактубда, Андижон туман ҳокимининг 43-Қ-сонли қарорини “Шерзодбек олтин даласи” фермер хўжалигига оид қисмини бекор қилиш ҳақида протест келтирилиши таъминланиши ёзилган.

Айни шундай мазмундаги мактуб, “Абдуқаҳҳор ворислари” ва “Жўрабек” фермер хўжалиги раҳбарларига ҳам берилган.

“Жўрабек” фермер хўжалиги раҳбари Жўрабек Рўзиохуновнинг Озодликка айтишича, унинг ери ноқонуний равишда кўрсаткичлари ундан паст бўлган бошқа фермер хўжалигига қўшиб берилган:

- Доим шартномаларни бажариб келаётган эдим. Январь ойида мақбуллаштириш бошланди. Ўзлари бир тарафлама қарор чиқариб, шартномани бекор қилди. На биз билан келишилди, на суд орқали қарор чиқарди. Менинг ерим битта ҳам техникаси йўқ бошқа фермерга бериб юборилди. Ҳозир еримнинг бошида турибман. Ерни олган фермер эккан буғдойимга умуман қарамаган, бирор марта суғормаган. Жинжайиб ётибди. Мен 2019 йилгача пахтани зўр сортини экиб, чопиқ трактор олдим, органларини олдим. 1 январь ҳолатига ўзим билан ишлаган ташкилотлардан 142 миллион сўм ҳақдорман. Шуларга ҳам қарамасдан, еримни олиб қўйишди. Ниҳоят, узоқ чопа-чоплардан сўнг прокуратура ҳокимнинг бу қарорига адолатли протест келтирди.

Туман Фермерлар кенгаши мутахассисига кўра, вилоят прокуратурасининг протести асосида бу иш маъмурий судда кўриб чиқилади:

"Туман ҳокими Улуғбек Исомиддиновнинг хоҳишига қараб чиқарилган мана шу 43-сонли қарори билан 50дан ортиқ фермернинг ери олиб қўйилди.Бу ҳаммаси бир томонлама қарор. Агар яхшилаб текшириб, ўрганиб чиқилса, 48-49та қарор бекор бўлиши керак. Чунки туман ҳокимининг қарори Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг мақбуллаштириш тўғрисидаги қарорига тамоман зид. Фақат, кўпчилик фермерлар шикоят қилишдан фойдаси йўқ, деб этагини қоқиб қўйишган. Агар астойдил ҳаққини талаб қилса, прокуратура бу ҳолатларни ўрганади".

Озодлик Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддиновнинг мобил телефонига бир неча марта қўнғироқ қилди, лекин ҳоким қўнғироқларни қабул қилмади.

Сўконғичлиги билан танилган Андижон туман ҳокими Улуғбек Исомиддиновнинг барча фермерлардан ерларини давлат захирасига топшириш ҳақида мажбурий тарзда ариза ёздириб олгани ҳақида 2018 йилнинг 2 февралида хабар берган эди.

Бундан аввал Улуғбек Исомиддинов фермерларни пленкага пул ўтказмагани учун “ҳайвон, мараз, тварь, ифлос” каби сўзлар билан ҳақорат қилган эди.

Жорий йилнинг 9 январида "Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ҳукумат қарори қабул қилинган эди.

Қарорга кўра, пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами – 100 гектар, ғаллачилик ва сабзавотчилик 20 гектар, боғдорчилик ва узумчилик 10 гектар қилиб белгиланган.

Аммо, фермерларга кўра, аксарият ҳудудларда кимга ер бериш ёки бермасликни ишчи гуруҳнинг раиси бўлган туман ҳокими ҳал қилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги ерларини мақбуллаштириш ҳақидаги ҳукумат қарори ортидан, ерлари қонунларга зид равишда олиб қўйилган фермерлар шикояти Озодликка келишда тўхтамаяпти.

Прокуратуранинг бу тадбирда ҳокимлар қарорига протест келтириши Ўзбекистонда жуда кам учрайдиган ҳолатлардан бири ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG