Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:28

Бош прокуратура Қува ҳокими ўринбосарига жиноят иши очилганини билдирди


Қува тумани ҳокими ўринбосари Ҳабибулло Рустамов
Қува тумани ҳокими ўринбосари Ҳабибулло Рустамов

Бош прокуратура матбуот хизмати 16 октябрь куни эълон қилган баëнотга кўра¸ Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими ходимлари ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда Қува туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосарини 1000 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтда ашёвий далиллар билан ушлаган.

Матбуот хизмати вакилининг Озодликка айтишича “1000 АҚШ доллари миқдоридаги пора столи устидан топилган Қува туман ҳокими ўринбосарига қамоқ билан боғлиқ бўлмаган эҳтиëт чораси қўлланилган”.

15 октябрь куни Озодлик билан суҳбатлашган Фарғона вилоят Қува туман ҳокимининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжаликлари масалалари бўйича ўринбосари, 69 яшар Ҳабибулла Рустамов ўзини “пора билан ушлаш амалиёти муваффақиятсизлик билан” тугаганлигини айтган эди.

Қува туман ҳокими ўринбосари Ҳабибулло Рустамов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:24 0:00

16 октябрь куни Озодлик боғланган Қува туман ҳокими Ҳалимжон Умаровнинг ëрдамчиси “Ҳабибулла Рустамовнинг ҳоким ўринбосари сифатида ўз вазифасини давом эттираëтганини” айтди.

Озодлик билан 15 октябрь кунги суҳбатда Ҳабибулла Рустамов бундан 4 кун муқаддам юз берган воқеа тўғрисида қуйидагиларни айтиб берган эди:

- Ўтган пайшанба, 11 октябрь куни эрталаб соат 8 да кабинетимга икки киши кириб келди. Бош Прокуратура Департаментининг Фарғона вилоят бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда вилоят ДХХ бошқармаси ходимлари экан. Ҳужжат кўрсатишди ва столим устидаги қоғозлар тагидан 1000 АҚШ долларини олишди. Кейин улар махсус фонарик билан қўлларимни текширишди. Қўлимда ҳеч нарса кўринмади. Ëнадигани ëнмади¸ - дейди суҳбатдош.

Ҳабибулла Рустамовнинг айтиб беришича¸ бу жараëн пайтида ДХХ ходимлари ўзлари билан Фарғона шаҳридан олиб келган икки киши “гувоҳ” вазифасини бажарган. Бир киши эса, жараëнни видеотасвирга олиб турган.

Суҳбатдошга кўра¸ ана шундан кейин уни Қува туман ДХХ бўлимига олиб бориб махсус ускунада қўлларини текшириб кимëвий ишлов берилган пул изларини топа олишмаган:

- Куни бўйи ушлаб ўтириб уйга қўйиб юборишди. Кечгача икки оперативник "стол устидаги пулларни пора сифатида олгандим", деб иқрор бўлинг, деб ундади. Ҳеч нарса иш бермагандан кейин оператив ходимлар, "сиз пенсия ëшидан ҳам аллақачон ўтиб кетган одам экансиз. Сиз ишдан четлатилсангиз ҳеч нарса йўқотмайсиз. Биз энди хизмат фаолиятимизни бошлаган ëш ходимлармиз. Бу тадбирни амалга оширолмай қовун туширсак карьерамиз бошланмасдан ниҳоясига етиши муқаррар", деб ëлворишди. Мен эса пора олмадим¸ олмайман ҳам деб гапимда маҳкам турдим,- дейди суҳбатдош.

Ана шундан кейин уйига қўйиб юборилган ҳоким ўринбосари Ҳабибулла Рустамов Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевга “пора билан тузоққа туширмоқчи бўлишгани” ҳақида шикоят аризаси ëзиб топширди.

- Саккиз ой олдин Шуҳрат Ғаниев мени ишга олувди ишонч билдириб. Чунки бутун умрим давомида бошқарув соҳасида ишлаб тажриба орттирганман. Шу боис у киши номига ариза ëздим. Икккнчидан, Қува ҳокимига ишончим йўқ. “Пора бериш” тузоғини туман ҳокимининг ўзи қўйди, деб ҳам айтишди менга¸ дейди шу кунларда Қува туман ҳокимининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжаликлари масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишини давом эттираëтган Ҳабибулла Рустамов.

Қува туман ҳокимлигида етакчи мутахассис лавозимида ишлаган мулозимнинг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича¸ ҳоким муовини 8 ойлик фаолияти давомида туманда қонунга зид тарзда қурилган иморатларни бузиб ўзига душман орттирган:

- Ҳабибулла ака бу масалада принципиал турди. Қонунга зид тарзда рухсатсиз қурилган 170 ноқонуний қурилмаларни снос қилди. Самозахват қилиб ерларни босиб олган икки бой отадан ерларни давлат ҳисобига қайтариб олди. Ўртага туман ҳокими тушсаям, Ҳабибулла ака қаттиқ турдию аммо ўзига душман орттирди.

Етакчи мутахассисга кўра¸ 15 октябрь куни Қува ҳокими Ҳалимжон Умаров ўз ўринбосари Ҳабибулла Рустамовни чақириб “ишдан ўз аризасига кўра бўшашни” сўраган.

Ҳабибулла Рустамовнинг ўзи Озодлик билан суҳбатда “ариза ëзмаганлигини” айтди:

- Нега ëзишим керак? Айбим борми мени? Ëки бир нарсани еб қўйибманми? Мен эмас, менга тузоқ қурганлар ариза ëзсин. Адолат қарор топсин!

Кейинги икки ой ичида республиканинг ўнлаб туманларида “пора билан ушланган мулозимлар” тўғрисидаги хабарлар расмий матбуотда бот-бот чиқиб турибди.

Ўтган ҳафтада Қумқўрғон туман ҳокимининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари 5000 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ашёвий далил билан ушланган эди.

Бундан олдин Хива шаҳар ҳокимининг ўринбосари 2 минг долларни пора тариқасида олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олингани ҳақида расмий матбуот хабар берган эди.

Сўнгги саккиз ой мобайнида Тошкент ва Навоий вилоятлари ҳамда Урганч¸ Чуст¸ Бойсун туманлари ҳокимларининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжаликлари масалалари бўйича ўринбосарлари 200 АҚШ долларидан тортиб 5000 долларгача бўлган миқдорда пора олганликда айбланиб, ҳибсга олингани ҳақда маҳаллий матбуот хабар тарқатган эди.

XS
SM
MD
LG