Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:22

"Ойликчи прокурорларга 5 тагача камбағал оилани 3 ой боқиш топширилди - коррупцияга тўғри йўлми бу?"


17 апрель куни Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий сайтида карантин шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича прокуратура органларининг долзарб вазифаларига бағишланган аудиоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берилди.

Бу йиғилишда¸ расмий хабарга кўра¸ айниқса, ёрдамга муҳтож, якка-ёлғиз, ишсиз фуқароларни ижтимоий ҳимоялашга эътиборни кучайтириш зарурлиги таъкидланган.

"Жумладан, прокурорлар секторларида оғир турмуш шароитидаги ҳамда карантин даврида вақтинчалик даромад манбаини йўқотган 5 мингта оилага прокуратура органлари томонидан моддий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди"¸ дейилади Бош прокуратура хабарида.

20 апрель куни президент Мирзиëев ҳам жорий пандемия даврида камбағалларга ëрдам бериш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.

Яқин кунларда барчамиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кириб келади. Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ, деб иқтибос келтирди Мирзиëевдан президент матбуот хизмати.

"Имкониятидан келиб чиқиб, қайсидир тадбиркор бир ойда мисол учун, 10 та, бошқа бири эса 20 та оилага кўмаклашиши, энг муҳими муҳтож оилалар аъзоларини ишга жалб қилиши мумкин. Давлат томонидан ўз навбатида бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилади. Яъни, бу аҳолига давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари орқали кўрсатиладиган саховат ва кўмак бўлади"¸ деган президент жумладан.

Озодликка 22 апрель куни Ўзбекистон прокуратураси ходимидан келган мактубда ëзилишича¸ аввалига тадбиркорларнинг муҳтожларга моддий ëрдамини ташкил этишга масъул этиб белгиланган прокуратура ходимларига¸ президентнинг бу даъвати ортидан¸ камбағалларни ўзлари боқиш буюрилган.

"Ўзи давлатдан ойлик олиб яшаëтган прокурорга бештача камбағал оилани қайси пулига боқсин¸ пора олсинми яна?"дейди кўп йиллардан бери прокуратурада ишлаëтганини айтган мактуб муаллифи.

Эҳтимолий босим сабабли шахси сир тутилишини сўраган прокуратура ходимининг жамоатчиликка мурожаати таҳрирсиз чоп этилмоқда. Имло ва стилистика муаллифники.

***

Биз ҳар қанча фанда қўлга киритилган ютуқлар эвазига юксалган бўлсакда, биргина коронавирус пандемияси бизга яна бир бор табиат кучлари олдида ожиз эканлигимизни, инсон сифатида ўз олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларимизни, хаёт тарзимизни қайта кўриб чиқишимиз шарт ва лозимлигини тасдиқламоқда.

Ҳозирда дунёнинг буюк иқтисодга эга бўлган АҚШ, Буюк Британия ва бошқа ривожланган давлатлари ҳам аслида пандемия оқибатларига тайёр эмасликларини касалликдан вафот этган шахсларнинг сони, бутун дунёдаги иқтисодий инқироз ҳам яққол кўрсатмоқда.

Мазкур инқироз фонида бугун юртимиздаги барча оммавий ахборот воситаларида пандемияга қарши курашиш штаби аъзоси Х.Оқиловнинг “Ўзбекистон коронавирус бўйича ҳар қандай сценарийга тайёр” деган сўзлари ёзилмоқда.

Аслидачи? Аслида Ўзбекистон ҳақиқатда коронавирус оқибатлари билан курашишга қай даражада тайёр?

Дунёнинг кучли капиталистик давлатлари ҳам инқирозга юз тутаётган ҳозирги вақтда, Марказий Осиёда жойлашган, иқтисодий имкониятлари унчалик ҳам юқори бўлмаган Ўзбекистоннинг мазкур пандемия билан курашиш, фуқароларнинг соғлиғини сақлаш, аҳолининг ҳарид қобилиятини ушлаб туриш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қандай режалари мавжуд.

Албатта, Шерзод Қудратхўжаев айтганидек, “фуқароларга нарсаларни текинга бермаслик керак” дегандек режадан ортиқ бўлмаса керак менимча.

Ёки 2008-2009 йиллардаги бутун жахондаги иқтисодий инқироз баъзи бир қўштирноқ ичидаги иқтисодчилар айтганидек, Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир қилмагани каби, коронавирус ҳам бизни синдира олмас. Шунинг учун бизга режа керак бўлмас балким.....

Мавзудан четлашмаган ҳолда бугун мен ҳозирги пандемия шароитида Ўзбекистоннинг қудратли ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларидан бири бўлган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан амалга оширилаётган “ижобий ишлар” ҳақида сўз юритмоқчиман.

Қани прокурорлар пандемия оқибатларини юмшатиш учун қандай чораларни амалга оширмоқдалар.

Албатта кўплаб оммавий ахборот воситаларида ёзилганидек Бош прокуратура ходимлари ўзларининг бир кунлик маошларини мажбурий тартибда коронавирусга қарши курашиш бўйича тузилган махсус фондга ўтказиб беришди.

Шунингдек, куни кеча оғзаки тартибда Бош прокуроримиз барча прокуратура ходимларига 2 нафардан 5 нафаргача кам таъминланган оилаларни 3 ой муддатга моддий жихатдан таъминлаш бўйича топшириқ берибди.

Ўртача ҳисоблаганда уч нафар фарзандли бир оила “Халқ демократик партияси” раҳбари У.Иноятов айтганидек 1 ойда 2,5 млн. сўмлик озиқ-овқат саватчасига эга бўлса, бир нафар ходим 2 та оилани бир ой давомида таъминлаш учун 5 млн. сўм, 3 ой давомида таъминлаш учун 15 млн. сўм харажат қилишига тўғри келади.

Хўш, прокуратура ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи аслида 4,5 млн. 5 млн. сўм атрофида бўлса, улар 3 ой давомида 2 тадан оилани таъминлаш учун керак бўладиган 15 млн. сўм маблағларни қаердан олади?

Албатта, савоб ишни ҳар ким ҳар куни қилиши керак, бироқ калтакнинг иккинчи учи ҳам мавжуд.

Агар ойлик иш ҳақларини мазкур савобли иш учун сарфлашмоқчи бўлишса, ўзларининг оила аъзолари қайси даромадлари ҳисобига 3 ой давомида таъминлайдилар. Коррупцияга қўл урадими?

Шу каби охири ўйланмаган ташаббуслар шусиз ҳам инқироз ёқасида турган иқтисодиётни коррупция натижасида янада ўнглаб бўлмас ҳолатга келтирмаслигига ким кафолат беради?

Бундан ташқари, кўпчиликка маълум бўлмаса керак, ҳурматли Бош прокуроримизнинг ташаббуслари билан прокуратура тизимидаги 50 фоиз ходимлар “карантин” эълон қилинганидан сўнг ихтиёрий ва мажбурий ҳолатда, ўз ҳисобларидан меҳнат таътилига чиқарилган. Шунингдек, ҳудудий прокуратураларда таътилдаги ходимларнинг хизмат гувоҳномалари олиб қўйилган.

Ходимларга нисбатан хизмат гувохномасини олиб қўйишдек қатъий чораларни кўрилишидан қандай мақсад кўзланган? Албатта таътилдаги ходимларни сабабсиз кўчага чиқишини олдини олиш, уларни ва уларни оила аъзоларининг соғлиғини ҳимоя қилиш менимча.

Бироқ, ҳудудий прокурорлар томонидан Бош прокурорнинг мазкур талаблари тўғри тушунилганми? Хаётга тўғри татбиқ қилинмоқдами? Мажлисбозлик, қоғозбозлик каби бюрократик тизим қолдиқларига барҳам берилганми?

Йўқ, албатта.

Мисол тариқасида 2020 йилнинг 22 апрель куни соат эрталабки соат 07.00 да Андижон вилоят прокурори Ғайрат Фозилов томонидан барча Андижон вилоят прокуратураси тизимида ишловчи ва меҳнат таътилида бўлган 100 дан ортиқ ходимлар Хўжаобод туманидаги пахта тозалаш пунктида бўладиган мажлисга хизмат кийимида етиб келиши талаб қилинган. (Бундан кўзланган мақсад маълум қилинмаган).

Энди асосли савол туғилади?

Хўп, бутун дунёда аҳолига кўчага чиқиши чекланган вақтда “мард” бўлиб ходимларни ўзларининг ҳисобидан меҳнат таътилига чиқарибсизлар. “Мард” бўлиб уларнинг хизмат гувоҳномаларини олиб қўйибсизлар, энди нима сабабдан Ғ.Фозилов каби раҳбарлар таътилдаги ходимлар мажлисга чақиртирмоқда.

Албатта¸ барча таътилдаги 100 дан ортиқ ходимлар Хўжаобод тумани ҳудудида яшамайди. Хўш, кўчаларга фақат озиқ-овқат ва тиббий буюм зарурати бўлгандагина чиқилаётган ҳозирги вақтда, ходимлар хизмат гувохномалари бўлмаган ҳолатда қандай қилиб, Андижон шаҳар марказидан 30 км масофада жойлашган Хўжаобод туманига етиб бора олади?

Ходимлар ўзларининг шахсий автомобилларида юрса ва карантин постларида хизматни ўтаётган ИИБ ходимларига қандай сабабни асос сифатида кўрсатади?

Балким ИИБ ходимларига асосли сабабни кўрсата олмаганликлари, хизмат гувоҳномаси бўлмаганлиги учун “Босар-тусарини билмаган депутат” сингари “Босар-тусарини билмаган прокурор” номли видеоролик ҳам чиқарилар? А лаббай? Ёки Республика махсус комиссия томонидан чиқарилган талабни бузмаслик учун пиёда етиб боришлари керакмикин?

Ёхуд, хурматли Ғайрат Фозиловнинг мажлис давомида сўзлайдиган нутқлари ходимларнинг соғлиғидан ҳам муҳим маънога эгамикин.

Балким Ғ.Фозилов бутун дунёдаги капиталиктик мамлакат раҳбарлари ҳам коронавирусга чалинаётган вақтда, прокуратура ходимлари мажлисга йиғилган вақтда уларга коронавирус юқмаслигини кафолатини берадиган “антивирус” топгандур.

Мен бу тизимда кўпдан буëн тер тўкиб келмоқдаман. Аммо тобора, берилаëтган оғгзаки буйруқлар, бошлиқларнинг ўзбошимчалиги тизимни тарк этишдан бошка йўлни кўрсатмаяпти.

Ëзганларимни атай ўтириб, кеча компьютерда обдон ўйлаб ëзишга киришдим, сабаби ичим оғриди буларни қилаëтган ишларидан. Нега энди ходимлар ўз ҳаққидан эҳсон қилиши керак? Бу коррупцияга тўғри йўлку. Прокуратура ходими қаердан олади бу пулни деган савол нега кўндаланг бўлмайди? Ҳаммада нотўғри тушунча ўрнашган бизнинг ишхона ҳақида, аммо у дамлар ўтиб кетган, ҳозир ортиқча нафас олганни қамоқ кутмоқда, буни ҳамма ходимлар яхши билади!

Биз хам оддий инсонмиз, шу давлатнинг равнақи йўлида хизматдамиз. Ҳатто таътилга чиқарилган ходимларни гувоҳномасигача олиб қўйиб, кетидан мажлисма мажлис югуртириш билан овора. Пандемия, карантин дейилгани билан, биз ҳамон мажлисма мажлис юришга чақирилмоқдамиз. Нима¸ бизда особий вакцина борми? Бола чақамиз, ота онамизнинг ҳаëтини хавф остига қўйганимизни эртага бу бошлиқлар биладими? Албатта йўқ. Сиз билан бўлишган маълумотларим бугунги прокуратура тизими ходими ҳаëтининг кичкина бир қисми.

Беэътибор бўлмайсизлар деган умиддамиз!

22 апрель¸ 2020 йил

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Бу рукнда берилган материаллар муаллифлари қарашлари Озодлик қарашларига мос келмаслиги мумкин.​

XS
SM
MD
LG