Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:32

Прилепиннинг Ўзбекистонни Россияга қўшиш таклифидан сўнг рус элчиси ТИВга чақиртирилди


Прилепин Ўзбекистонни ва бошқа постсовет давлатларни Россияга қўшиш ҳақида 20 декабрда гапирган эди.
Прилепин Ўзбекистонни ва бошқа постсовет давлатларни Россияга қўшиш ҳақида 20 декабрда гапирган эди.

"Справедливая Россия — за правду" партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг 20 декабрдаги баёноти ортидан Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов 21 декабрь куни Ташқи ишлар вазирлигига таклиф этилди.

Расман билдирилишича, учрашув давомида Россия вакилига «Россия сегодня» матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи “мамлакатда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилди”.


“Россия Федерацияси каби дўст мамлакат партия раҳбарларининг бундай ўйламай билдираётган муносабатлари, афсуски, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига мос келмаслиги маълум қилинди”,- дейилади баёнотда.

Вазирлик баёнотида Прилепин каби сиёсатчиларнинг бундай баёнотлари “провокация” сифатида баҳоланган.

Ўз навбатида, элчи Олег Мальгинов “тўлиқ масъулият билан Прилепиннинг баёнотлари Россия раҳбариятининг дўст ва мустақил Ўзбекистон тўғрисидаги расмий позициясига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлади”.

Россиянинг Ўзбекистондаги вакили сифатида элчи "Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмаган"ини билдирди.

Элчи, шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги яқин вақт ичида ушбу ҳодиса бўйича изоҳ беришни режалаштираётганини қайд этди.

Аввалроқ рус ОАВлари томонидан "жамоат арбоби" сифатида тилга олинадиган Захар Прилепин “Россия сегодня” марказида 20 декабрда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш ва унинг аҳолисига рус тилини ўргатишни таклиф қилганди.

"Мен самимий айтяпман, гастарбайтерлар келаётган мамлакатларни қўшиб олишимиз керак ва уларга ўша ернинг ўзида, бу ерда эмас, ўша ёқда рус тилини ўргатишимиз керак, масалан, Ўзбекистонда”,- деди Прилепин. Унинг бу сўзи залда ўтирганлар томонидан қарсаклар билан кутиб олинди.

У сўзида давом этар экан: “Мен ҳазиллашаётганим йўқ. Биз Совет Иттифоқининг тарқалиши масаласини кўтарамиз ва бизда исталган пайтда: “Бизнинг икки миллион фуқаромиз сизнинг ҳудудингизда яшаяпти, биз сизнинг ҳудудингизга даҳл қиламиз. Чунки кўпчилик шу ерда яшаяпти ва улар бунга овоз беришган”, деб айтиш ҳуқуқи пайдо бўлади”,- деди.

Унга кўра, Россия Украина устидан ғалаба қозониб, Киевда парад ўтказганидан сўнг ҳеч ким Москвани собиқ СССР давлатларини ўз таркибига қўшиб олишига қаршилик кўрсата олмайди.

Захар Прилепин ЕИ санкциялари рўйхатига киритилган шахслардан биридир. У сепаратчилар "Донецк халқ республикаси" деб атаб олган тан олинмаган ҳудуднинг жангарилари қўмондони бўлган.

Форум

XS
SM
MD
LG