Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:54

Африкага ҳижрат ёки ўлим. Пригожин Беларусда узоқ қолиши даргумон


Евгений Пригожин қуролли исёндан сўнг Ростовда. 24 июнь, 2023.
Евгений Пригожин қуролли исёндан сўнг Ростовда. 24 июнь, 2023.

62 ёшли ҳарбий етакчи, майда жиноятчидан ресторанчи ва миллиардерга айланган Евгений Пригожин ўтган йиллар давомида Кремлнинг турли топшириқлари – клептократик, авторитар Африка раҳбарларини қўллаб-қувватлашдан тортиб, Украинанинг Бахмут шаҳрини вайрон қилишгача кўплаб мураккаб вазифаларни бажариб келди.

Россия армиясига қарши исён ва Президент Владимир Путинни катта сиёсий инқирозга дучор қилган қуролли кураш тўхтатилгач, Пригожин ўзининг энг даҳшатли вазифасини адо этиши керак бўлмоқда:

Тирик қолиш. Қамоққа тушмаслик. Ёки ҳар иккаласи ҳам.

“Вагнер” жангчилари Москва томон юриш қилиб, Беларус раҳбари Александр Лукашенко қисман воситачилик қилган келишувдан кейин чекинганидан тўрт кун ўтса ҳамки, Пригожиннинг қаерда эканлиги ҳануз номаълум эди.

Пригожин Беларусда, деди Лукашенко 27 июнь куни, аммо бу маълумот мустақил тасдиқланмаган.

"Беларус хавфсиз жой эмас"

Путин фақат хиёнатни кечира олмаслигини айтган эди. У бу гапини йиллар давомида зўравонлик билан бўлса ҳам тасдиқлаб келди, баъзан бу ўлимларга ҳам сабаб бўлди.

24 июнь куни эрталаб Пригожин жангчилари Россиянинг Ростов-Дондаги Жанубий ҳарбий округи штабини эгаллаб олганидан сўнг, Путин ўзининг собиқ иттифоқчисини «хоин» деб қоралади ва кутилаётган оқибатлар ҳақида қаттиқ огоҳлантирди.

“Одатда Путин хоинларнинг осон қутулиб кетишига йўл қўймайди. Шунинг учун, мен Пригожиннинг кунлари саноқли қолган деб ҳисоблайман”, деди 2000‑йиллар ўрталарида Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашида Россия бўйича директор бўлиб ишлаган Томас Грем.

“Агар Пригожиннинг ўрнида бўлсам, елкам оша орқага тез‑тез қараган бўлардим, – деди у Озодлик билан суҳбатда. – Беларус хавфсиз жой эмас."

Путин бошчилигида Россия махсус хизматлари хорижий ҳудудларда, жумладан, ғарбда ҳам «хоинларга» суиқасд уюштиради.

Юқори радиоактив изотоп таъсирида Лондонда вафот этган Федерал хавфсизлик хизматининг собиқ зобити Александр Литвиненко ва Буюк Британияда советларнинг асабни фалажловчи “новичок” моддаси билан ўлдирилган Россия ҳарбий разведкасининг собиқ зобити ва қўш агент Сергей Скрипал бу борадаги энг машҳур иккита мисолдир.

Россия агентлари учун Беларусга кириб бориш янада осон.

Аммо Пригожиннинг тарафдорлари бор деб ҳисобланган Кремль ёки Россия разведка идораларининг нияти ҳамон ноаниқ.

ФСБ номи билан танилган Федерал хавфсизлик хизмати 27 июнь куни Пригожин ва Вагнер аъзоларига нисбатан “қуролли исён кўтариш” бўйича жиноий айбловларни бекор қилаётганини маълум қилди.

Путиннинг хоинлар ҳақидаги қаттиқ гапларини инобатга олсак, айрим экспертлар буни унинг заифлашгани белгиси сифатида баҳоламоқда.

Бироқ, Путин тарафдорлари Вагнер исёнига қарши кураш Россия учун ҳам, барқарорлик ва фаровонлик учун қўллаб-қувватловга эришган президент учун ҳам анча ёмон бўлишини айтишади.

Ўз навбатида, 24 июнь куни кечқурун Ростов-Дондан чиқиб кетаётганда одамлар билан селфи тушганида кўринганидан бери Пригожиннинг дараги чиқмади.

26 июнь куни у ўзининг Telegram каналида Лукашенко “Вагнер гуруҳига ўз фаолиятини қонуний давом эттириш имконини берувчи ечим топиш учун” мурожаат қилгани ҳақида аудиомурожаат жойлаштирди. Аммо ўзининг қаерда эканини айтмади.

Лукашенко бир кундан кейин Минскда беларуслик ҳарбийлар билан гаплашар экан, Пригожин мамлакатга келганини айтди.

Шу куни Пригожин илгари фойдаланган хусусий учоқ Беларус пойтахти Минск яқинидаги ҳарбий ҳаво базасига қўнди. «Озодлик» радиоси унда Пригожин бўлганини тасдиқлай олмади.

“[Пригожин] қилмоқчи бўлган охирги нарса бу Беларусга кетиб, Вагнер устидан назоратни топшириш”, деди россиялик эксперт ва Вашингтонда жойлашган Silverado Policy Accelerator таҳлил маркази раҳбари Дмитрий Алперович 26 июнь куни подкастда. "Аммо ҳақиқатда шундай бўлишига ишончим комил эмас."

Пригожин қўшинларини ортга қайтарди. Исён хроникаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:30 0:00

Олдинга ва юқорига?

Пригожиннинг Беларусда борлиги тасдиқланса ҳам, у шу ерда қоладими ёки бошқа давлатга кетадими, масалан, унинг компаниялари ва аскарлари йиллар давомида бизнес билан шуғулланиб келаётган бир неча Африка давлатларидан бирига кўчиб ўтадими – шуниси муҳимроқ савол.

Россиялик сиёсий шарҳловчи ва собиқ журналист Ольга Романова хавфсизлик нуқтаи назаридан Пригожиннинг Беларусда қолишига шубҳа қилади.

“Ўйлашимча, у [Беларусда қолмайди] аста чиқиб кетади ва Африканинг қаеридадир тўсатдан пайдо бўлади, – деди у “Настоящее Время” тармоғига. – Пригожин узоқ умр кўради деб ўйламайман. Бу йил охиригача бормаса керак”.

Унинг Африкага қандай етиб олиши яна бир савол.

Қўшма Штатлар Вагнерни ва кўплаб унга алоқадор компания ва шахсларни "Африкадаги мамлакатлар ички ишларига аралашганлик, беқарорлаштирганлик, инсон ҳуқуқларини кенг миқёсда топтаганлик ва табиий ресурсларни ўзлаштирганлик" учун санкция қилган.

АҚШ 2018 йилда Пригожиннинг ўзини икки йил аввалги президентлик сайловларига аралашганликда айблаган эди.

Бу унинг ҳатто шахсий самолётида ҳам Африкага учишини қийинлаштиради.

Пригожин жуда тез кўтарилди, Санкт-Петербургдаги ҳот-дог сотувчисидан Путиннинг дабдабали тадбирларига хизмат қилувчи қудратли миллиардергача, кейин эса Африка ва Яқин Шарқда фаолият юритган, давлат томонидан рухсат этилган ёлланма жангарилар гуруҳига раҳбарлик қилди.

У Россиянинг Украинага босқинида фаол иштирок этди, Вагнер сафини рус қамоқхоналаридаги маҳбуслар билан тўлдирди ва уларни Бахмутга йўллади. Май ойида шаҳар эгалланди, бу Россиянинг 10 ой ичида биринчи йирик ғалабаси эди.

Бахмутдаги катта талафот билан қозонилган ғалабасидан руҳланиб, 20 000 га яқин Вагнер жангчилари ҳаётига зомин бўлган Пригожин Россия ҳарбий раҳбариятини ҳарбий операцияни нотўғри бошқарганликда ва Вагнерга қурол етказиб бермаганликда айблади.

Пригожиннинг ўзбошимчалиги ва машҳурлиги ошишидан қўрққан Путин 1 июлгача Вагнер қўшинларини бевосита Мудофаа вазирлиги назоратига ўтказишга рози бўлди. Аксарият экспертларнинг фикрича, бу исённи қўзғатган асосий сабаб эди.

Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази эксперти Катрина Докси 26 июнь кунги подкастида айтишича, Пригожин ушбу фармонни ўзининг бизнес империяси учун “экзистенциал таҳдид” деб кўрган.

Вагнер гуруҳининг келажаги ноаниқ.

Мудофаа вазирлиги гуруҳ жангчилари ҳарбий техникани армияга топширишини маълум қилган. Путин, шунингдек, Вагнер ўтган йил давомида давлатдан қарийб 1 миллиард доллар маблағ олганини норози бўлиб гапирди. Бу эса Вагнернинг молиявий ишлари текширилиши мумкинлигини англатади.

Вагнер учун жанг қилган баъзилар Мудофаа вазирлигининг доимий қўмондонлиги остида хизмат қилмасликларини айтмоқда.

Беларус воситачилиги

Лукашенко исённи бартараф этиш учун аралашганини даъво қилган бўлса ҳам, экспертлар у Путинни исёнчи билан музокара қилишдек шармандаликдан қутқариш учун элчи бўлгани эҳтимоли борлигини айтишади.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Лукашенконинг баёнотини тасдиқлаб, Беларус раҳбари ва Пригожин бир-бирини 20 йилдан бери билишини айтди.

Мутахассислар фикрича, Лукашенко 2020 йилда тартибсизлик қўзғашга уринганликда айбланган 30 дан ортиқ Вагнер аъзоларини ҳибсга олиб, депортация қилган бўлсада, бу гал уларни ўз фойдаси учун ёнида сақлаб қолишни исташи мумкин, дейди экспертлар.

25 000 нафаргача бўлган Вагнер жангчилари Россия армиясидаги энг тажрибалилардан ҳисобланади.

"Агар уларнинг қўмондонлари бизга келиб, бизга ёрдам беришса ва ҳозир нима муҳимлигини айтсалар... бу биз учун бебаҳодир", деди Лукашенко 27 июнь куни.

Унинг айтишича, Беларус Вагнернинг мамлакатда тўсатдан пайдо бўлишидан қўрқиши керак эмас, чунки унинг ҳукумати “уларни диққат билан кузатиб боради”.

Вашингтон яқинидаги Жорж Мейсон университетидан россиялик мутахассис Марк Кацнинг айтишича, Лукашенко бу келишув орқали "ўз ўйинини ўйнаши мумкин".

“Пригожиннинг Беларусда бўлиши маълум бир дастак”, дейди у Озодлик билан суҳбатда. Лукашенко “Путиннинг қўғирчоғи эмас”.

Кацнинг айтишича, келишув шу қадар тез тузилганки, Лукашенко, Путин ва Пригожин бир-бирига бу қадар шубҳа билан қарашини ҳисобга олсак, у узоққа бормаслиги мумкин. Унинг сўзларига кўра, бир неча ой ичида Пригожин ўлдирилиши ҳам мумкин.

"Уларнинг бир-бирига қарши бўлиш эҳтимоли жуда юқори, – дейди Кац. – Бу ерда барчада очкўзлик ва қўрқув аралашиб кетган. Уларнинг ҳеч бири бир-бирига ишонмайди."

Агар ёлланма қўшинлар раҳбари у ерда қолишга қарор қилса, Вагнер қўшинлари Пригожинни Беларусга кузатиб борадими ёки йўқ, ҳозирча номаълум. Пригожиннинг таъкидлашича, унинг жангчиларининг атиги 2 фоизи Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга тайёр.

26 июнь куни давлат телевидениесида нутқ сўзлаган Путин вагнерчиларни Пригожинни ташлаб, Украинада Россия армиясига қўшилишга ундади.

Лукашенко режими мамлакат марказида 8 минг «Вагнер» жангчиси учун лагерь қура бошлагани ҳақида хабарлар бор.

“Путин Пригожинга ўз жангчилари билан Беларусда қўним топишига рухсат бераётганини тасаввур қилиш қийин, – дейди Грем. – Нега Пригожин Шарқий Украинада қилганини Беларусдан қила олмайди?"

Лукашенко “уни ҳимоя қила олмайди”, дейди у.

Форум

XS
SM
MD
LG