Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:31

Президентга ишонган Андижон қочқини 15,6 йилга қамалди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Шу йилнинг 6 январь куни Швецияда истиқомат қилган Андижон қочқини Муҳаммад Али Ибрагимов жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг ҳукми билан 15,6 йилга қамалди.

Бу ҳақда Озодликка унинг рафиқаси Шаҳноза Қаюмова хабар қилди.

Муҳаммад Али Ибрагимов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 155-моддаси (Терроризм), 159-моддаси (Конституциявий тузумга тажовуз қилиш), 242-моддаси (Жиноий уюшмалар тузиш ва унга раҳбарлик қилиш), 244-моддаси (Жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатиш) билан айюланган.

46 яшар Муҳаммад Али Қаюмов 2022 йилнинг 29 май куни Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси томонидан берилган “Ўзбекистонга қайтиш учун гувоҳнома” билан Ўзбекисонга қайтган. Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг 2022 йил 2 июлдаги ажрими билан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Суд ҳукмига кўра, у белгиланган жазо муддатини умумий тартибдаги колонияларда ўтайди.

Акромийлар диний радикал оқими фаоли

Суд ҳукмига кўра, Муҳаммад Али Қаюмов 1998 йилдан “Ҳизбут таҳрир” диний радикал оқимининг 26.09.2016 йилдаги Олий суд қарори билан тақиқланган “Акромийлар” халқасида фаолият юритиб келган.

“Акромийлар” диний радикал оқими етакчиси Акром Юлдашевнинг “Иймонга йўл” номли 12 дарсликдан иборат қўлланмасидан таълим олиб, Андижон вилояти ва Россия Федерациясининг Омск вилоятидаги фаолиятидан оқимга ойлик маошларининг 20 фоизини ўтказиб келган.

2005 йилнинг апрель-май ойларида зиёли тадбиркор ниқобида фаолият олиб бориб, Акром Юлдашев бошчилигида махсус жанговар амалиётлардан ўтиб, 13 майга ўтар кечаси Андижондаги УЯ-64Т-1 қамоқхонасидаги маҳкумларни озод қилишга эришган.

Шунингдек, 2005 йилнинг 13 май куни Андижон шаҳридаги Бобур майдонига 1500 нафардан ортиқ фуқароларни тўплаб, вилоятнинг бир неча маъмурий идораларига 400 нафар экстремистлар орасида қуролли ҳужумлар уюштиришда фаол иштирок этган.

Президент, элчи ва Андижон ИИБга ишонч...

Озодлик ихтиёридаги маълумотларга кўра, Муҳаммад Али Қаюмов 2016 йилнинг 1 февралидан БМТнинг Қочқинлар бўйича комиссариати шафъелигида Швеция Қироллигида сиёсий бошпана билан яшаб келган.

Рафиқаси Шаҳноза Қаюмованинг таъкидича, 2022 йилнинг март-апрель ойларида Ўзбекистон Репсубликасининг Германиядаги элчихонаси мулозимлари билан гаплашиб, ўзига нисбатан Ўзбекистонда ҳеч қандай жиноят иши мавжуд эмаслиги, Андижон қочқинларининг кечирилгани хусусида маълумотлар олган.

Бундан ташқари, 2022 йилнинг 1 март куни Андижон шаҳар ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бошқармаси тезкор вакили, подполковник Х. Мансуров Шаҳноза Қаюмова билан суҳбат ўтказиб, унинг турмуш ўртоғига оид ҳеч қандай жиноят иши мавжуд эмаслиги, бемалол келиб, Ўзбекистонда яшаши мумкинлиги кўрсатилган.

Қаюмовларнинг қўлида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бошқармасининг расмий хати ҳам мавжуд.

Хат мазмунига кўра, Муҳаммад Али Қаюмовга нисбатан ҳеч бир тартибда қидирув эълон қилинмагани, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаган.

Шаҳноза Қаюмованинг айтишича, улар Ўзбекистон Республикаси президентининг Андижон қочқинларининг кечирилгани ва тузум ўзгарганига оид гапларига ишониб, Ватанга қайтишган.

“Аввалроқ уйимизга OZBEKISTON24 телеканали ходимлари келиб, бағрикенглик ва кечиримлилик ҳақида кўрсатув олиб кетишганди. Биз Ўзбекистон ҳукуматига мутлақо ишонгандик. Чунки бизни элчихона ходимлари ишонч билан жўнатишганди. Энди билишимизча, буларнинг гапи ёлғон экан. Бу шунчаки қопқон бўлган”, дейди Шаҳноза Қаюмова.

Андижон воқеалари ва 1300 дан ортиқ сиёсий қочқинлар

2005 йилнинг 13 май куни Андижон шаҳрининг Бобур майдонига тўпланган тинч аҳолига ўша пайтдаги Ўзбекистон Респубилкаси президенти Ислом Каримов томонидан ўта шафқатсизлик билан куч қўлланилган.

Ҳукуматнинг расмий маълумотига кўра, жараёнда 187 нафар киши қурбон бўлган. Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва халқаро ташкилотларга кўра, бу рақам қарийб 1500 нафарни ташкил қилади.

Мазкур қонли воқеалар ортидан қарийб 1300 нафар шахс БМТнинг қочқинлар бўйича комиссарияти мандати билан Канада, Швеция, Австралия, АҚШ, Германия сингари мамлакатларга қочоқ сифатида жойлаштирилган.

Форум

XS
SM
MD
LG