Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:49

ИИВ ходимлари: Фирибгарлик бўйича жиноят ишлари қўзғатилмаяпти


2019 йилнинг 10 январь кунги видеоселектор олдидан президент Мирзиëев Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 7-ички ишлар бўлими ходимлари билан учрашди.
2019 йилнинг 10 январь кунги видеоселектор олдидан президент Мирзиëев Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 7-ички ишлар бўлими ходимлари билан учрашди.

Озодликка мурожаат қилган Ички ишлар вазирлиги тизими ходимлари¸ айни пайтда¸ оддий ўзбекистонликлар¸ айни кунларда Жиноят кодексининг 168-моддаси – фирибгарлик бўйича тушган аризаларни расмийлаштириш тўхтатилганини билдирди.

Улар таъкидича¸ бу жараëн жиноятчилик бўйича статистикани камайтириш мақсадида қилинмоқда.

Айни пайтда¸ профилактика инспекторлари аҳолини маъмурий қонунчиликни бузганликда айблаб¸ уларни жаримага тортиш бўйича махсус план берилгани ва уларнинг ойлик олиш-олмаслиги ана шу планнинг бажарилишига қарам бўлиб қолганини билдирди.

Бу маълумот ва шикоятлар юзасидан ИИВ Матбуот хизматидан муносабат олишнинг имкони бўлмади – вазирлик расмий сайтида мазкур хизмат учун берилган телефон рақамларига 6 май куни ҳеч ким жавоб бермади.

Фирибгарлик Ўзбекистонда жиноят бўлмай қолди...ми?

Озодликка мурожаат қилган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тизими ходимлари ўзларининг Тошкент шаҳар¸ қолаверса¸ айрим вилоятларда профилактика инспектори бўлиб ишлашларини билдирди.

Ишдан ҳайдалиш ва раҳбарият қаҳрига учраш таҳдиди боис¸ улар шахслари очиқланмаслигини сўради.

Озодликка бир-биридан мустақил равишда гапирган бу расмийларга кўра¸ президентга жиноятчиликни камайтирдик¸ деб ҳисоб беришни мақсад қилган жорий кампания боис ўз ҳудудларида Жиноят кодексининг 168-моддаси – фирибгарлик бўйича тушаëтган аризаларни қабул қилиш ва улар асосида жиноят иши қўзғатиш деярли тўхтатилган.

Ҳозирги кунда қўлимизда 100 миллион сўмлик фирибгарлик¸ ëки оғир турдаги тан жароҳати билан боғлиқ аризалар бор¸ лекин бошлиғимиз қабул қилдирмаяпти. Мабодо терговга ўтказаман¸ десангиз¸ дарров “тизимга душманмисан” деб бошлайди. Терговга материал ўтказмасак¸ унда тергов хизмати нима керак? Терговчи ходимлар ҳам қўрқиб юришибди¸ материал беришмаяпти¸ дело чиқармаяпмиз¸ охири нима бўларкан¸ деб. Жиноятчилик фалон фоизга камайди¸ деб катта раҳбарларимиз алдашни билишади¸ аслида жиноят иши қўзғатмай¸ келган аризанинг ечимини ечмай¸ сохтакорлик қилишаяпти”¸ дейди Тошкент шаҳар туманларидан бирида профилактика инспектори бўлиб ишлаëтган ҳуқуқшунос.

Амалдаги Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддасида “Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш” жиноят деб белгиланган ва бу жиноятга “энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишдан то 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

“Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди”¸ дейилади ЖКнинг 168-моддасида жумладан.

“Фирибгарликни қайдга олмаслик оғир жиноятлар кўпайишига сабаб бўлади”

Ўзбекистон ИИВ тизими мулозимларидан бири - оддий профилактика нозиридан келган бу маълумотнинг ҳақиқат экани ва бу жараëн илдизи президентнинг “жиноятчиликни камайтирасан¸ ëки ишдан кетасан”¸ деб ИИВ ва прокуратура раҳбарларига берган буйруғига бориб тақалишини айтди:

Фирибгарлик бўйича жиноят иши очмаслик фақат Тошкент эмас¸ ҳамма жойда бўлаëтган гап. Жиноятчилик¸ унинг қачон ва қандай ошиб-камайиши ҳақида тушунчага эга бўлмаган одамлардан чиққан бу ташаббус ва буйруқ¸ ниҳоятда хатарли. Уйи¸ машинаси¸ катта пулини мошенниклар олиб¸ жазосиз қолса¸ одамлар адолат истаб қаерга боради? Самосуд бошланади – улар фирибгарлар билан ўз билганича разборка қилишга ўтади – бориб пичоқлашади¸ уйига ўт қўяди¸ машинасини ëндиради¸ ҳатто ўлдиришгача боради. Иккинчи йўл¸ кўча – мафияга бош уриб боради – ака фалончидан фалон пулимни олиб беринг¸ фалон фоизи сизники деб. Яқин орада жиноятчиликни камайтиришнинг бундай нопрофессионал ëндашувининг қанчалик хавфли эканини яшириб бўлмай қолади – оғир турдаги жиноятлар кўпайиб кетади”¸ дейди жиноят қидирув соҳаси мутахассиси.

Озодликка Тошкент ва Наманган вилоятидан мурожаат қилган оддий ўзбекистонликлар¸ ўзларини чув туширган фирибгарлик устидан берган шикоят аризаси рўйхатга олинмаганини билдирдилар.

Профилактика инспектори менинг аризам бўйича жиноят иши очишни сўраб ИИБ бошлиғи номига ариза ëзди. Аммо бошлиқ¸ менинг мурожаатим бўйича суриштирув натижасида унда “жиноят аломатлари йўқлиги ва шу боис¸ жиноят иши очмаслик ҳақида қарор қабул қилган”ини билдирди. ИИБ бошлиғи хатининг охирида¸ норози бўлсангиз¸ асослантирувчи далиллар билан Фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишингиз мумкин¸ деб ëзипти. Бу жиноятчиликни хаспўшлаш ва аризачининг устидан кулишдан бошқа нарса эмаску!”¸ дейилади Намангандан Озодликка юборилган мурожаатда.

(Бу мурожаатга ариза¸ профилактика инспектори баëнномаси ва ИИБ бошлиғининг расмий жавоби илова қилинган - таҳр.)

“Катта жиноятларни хаспўшлаб¸ маъмурий протокол бўйича план қўйишди”

Озодликка мурожаат қилган профилактика инспекторлари¸ фирибгарлик бўйича мурожаатларни бости-бости қилиш билан айни пайтда¸ аҳолини маъмурий қонунбузарлик учун жаримага тортиш бўйича план белгиланганини билдирди.

Президент 10 январь кунги селекторда¸ қайси маҳаллада жиноятчилик камайса¸ инспекторига мукофот бер¸ деди. Булар тескарисини қилаяпти – қаердан бўлса ҳам баҳона топиб¸ маъмурий протокол тузасан¸ бўлмаса ойлик йўқ¸ дейди. Биз топ деса¸ баҳона топишимиз мумкин¸ лекин халкниям ўйлаш керакку! Халқни ҳимоя қилиш ўрнига¸ кўчадаги бир бечорани протокол қилиб¸ бола-чақасини ризқини қийиш керакмаску. Кейин халқ бизни ëмон кўрадида!”¸ дейди Озодликка боғланган инспекторлардан бири.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида 300 дан ошиқ “шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик” маъмурий қонунбузарлик деб тасбифланган. Кодексда¸ маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жаримадан бошлаб¸ маъмурий қамоққа олишгача бўлган жазо чоралари белгиланган.

Озодлик суҳбатдошлари¸ шу қонунбузарликлардан 20 га яқини бўйича протокол тузиш¸ бевосита профилактика инспектори ваколатида эканини билдирдилар.

Булар орасида энг кўп тарқалгани¸ 183-модда – майда безорилик¸ 187-модда - жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш ва 223-модда - паспорт тизими қоидаларини бузиш¸ хусусан пропискасиз яшаш ҳолатларидир.

Бизга қўйилаëтган талаб-режа¸ умуман ақлга сиғмайди - ҳар куни маъмурий протокол тузасан¸ тузмасанг¸ ойлигинг кесилади¸ деяпти ИИБ бошлиқлари. Маҳалла инспектори ўша маҳаллада яшайди ҳисоб¸ ҳаммани билади¸ танийди. Ҳуқуқбузар бўлмаса¸ нимага ва кимга протокол тузайлик?" дейди бу талаб ортидан ойликсиз қолиш таҳдиди билан ишлаëтган инспекторлардан яна бири.

Озодлик ички ишлар тизими ходимлари ва оддий аҳолидан келган мурожаат ва шикоятларга муносабат сўраб ИИВ раҳбарияти ва матбуот хизматига кун давомида кўп марта қўнғироқ қилди. Аммо расмий сайтда берилган ўнга яқин рақамга 6 май куни ҳеч ким жавоб бермади.

30 апрель куни ЎзА мухбири билан суҳбатда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов " жиноятчиликни жиловлаш бўйича янги тизим жорий этилгани ва натижада жорий йилнинг биринчи чорагида жиноятчилик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31,6 фоизга камайгани, маҳаллаларнинг 78 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани" ҳақида баëнот берди.

Президент видеоселекторда нима топшириқ берган?

2019 йилнинг 10 январь куни ички ишлар тизими бўйича ўтказилган махсус видеоселектор йиғинидан сўнг Ўзбекистон бўйлаб жиноятчиликни қайдга олишнинг кескин камайтирилаëтгани ҳақида Озодликка ҳозирга қадар ҳам кўплаб шикоят бўлган.

Бу видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиëев 2018 йилда 3734 та жиноятнинг очилмай қолганини қайта-қайта таъкидлаб¸ тизим раҳбарларидан бу кўрсаткични зудлик билан яхшилашни талаб қилган эди.

Йиғиннинг Озодликка юборилган қарийб икки соатлик аудиоëзувида Шавкат Мирзиëев ИИВ раҳбарларига қарата:

- 3000 дан кўп жиноят очилмаганига ë олти ойда манга ҳисоботини берасан¸ ë икковинг ҳам ишдан кетасан – жиноят очилмадими – жавоб берасан¸ - дейди жумладан.

Айни пайтда¸ бу ва бошқа йиғинларда президент жиноятчиликни очишдан кўра¸ унинг олдини олиш яхшироқ эканини қайта-қайта таъкидлаб¸ жиноятчилик кўрсаткичини камайтириш мақсадга мувофиқлигини ҳам таъкидлаб келмоқда.

XS
SM
MD
LG