Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:28

OzodDayjest: “Улуғ Ватан уруши” атамаси блогерларда эътироз уйғотди


Ўзбек блогерларига кўра, II жаҳон уруши ҳақида гап кетар экан, “1939-1945” форматидан фойдаланиш керак.
Ўзбек блогерларига кўра, II жаҳон уруши ҳақида гап кетар экан, “1939-1945” форматидан фойдаланиш керак.

Ўзбекистонда коронавирус устидан қачон узил-кесил ғалаба қозонилиши тахмин қилинди. Блогерлар “шармандали” урушнинг “улуғ”ланишига эътироз билдирмоқда. Ҳисор давлат қўриқхонасидаги фотоқопқон икки бош қор қоплонини суратга олди.

______________________________________________________________

Ўзбекистон коронавирусни қачон енгиб ўтиши тахмин қилинди


Сингапур технология ва дизайн университети (SUTD) тадқиқотчилари мавжуд маълумотлар таҳлили асосида дунёда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятлар якунланишига оид мониторинг натижаларини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият шу йилнинг май ойида якун топиши тахмин қилинмоқда (www.sof.uz, 28 апрель).

SUTD инновациялар лабораторияси томонидан чоп этилган ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси 2 май куни 97 фоизга, 7 майда 99 фоизга тугайди. Унинг батамом 100 фоизга якунланиши эса 20 майга тўғри келиши прогноз қилинган.

Университет тадқиқотчилари дунёнинг 80 дан ортиқ давлатларида пандемия қачон тугаши бўйича хулоса эълон қилган. Мазкур рўйхатда Ўзбекистон 16-ўринда турибди.

Қайд этилишича, келтирилган мониторинг натижаларида хатолар бўлиши мумкин. Шу сабаб ижобий прогнозларни эҳтиёткорлик билан қабул қилиш тавсия этилган.

Блогерлар: Шармандали урушни “улуғ” дея сифатлаш нораво


Ижтимоий тармоқнинг ўзбекзабон сегментидаги машҳур блогерлар Иккинчи жаҳон урушининг “Улуғ Ватан уруши” деб аталишига эътироз билдирдилар.

“Афсуски, инсоният тарихидаги энг шармандали, ваҳший ва даҳшатли уруш шимолдаги қасамхўр ва ёлғончи давлатнинг босими билан яна улуғ, дея аталмоқда. Уруш ҳеч қачон улуғ бўлмайди”, деб ёзди блогер Отабек Бакиров.

Ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиевга кўра ҳам, Иккинчи жаҳон урушини “Улуғ Ватан уруши” дея қайта номлаш бугунги кун учун актуал бўлмаслиги керак. Муаллиф, шунингдек, телеэкранларда “1941-1945 йил” формати трендга айлантирилганига эътироз билдирган. “Иккинчи жаҳон уруши 1939 йилдан бошланган. Бу тарихий факт. СССРнинг шовинистик сиёсати натижасида фақат Гитлер СССРга ҳужум қилган кундан урушни бошланган деб ҳисоблаш, “Қолганлар билан ишим йўқ, фақат менга тааллуқли бўлган қисминигина тан оламан” деган ғоя мутлақо нотўғри”, деб ёзган Х. Худойбердиев.

Таъкидланишича, Иккинчи жаҳон уруши ҳақида гап кетар экан, “1939-1945” форматидан фойдаланиш керак; 1939-1941 йилларда уруш натижасида азият чеккан бошқа давлатларнинг миллионлаб халқи ҳаққи-ҳурмати учун ҳам шундай қилиш лозим.

Қашқадарёда қор қоплони фотоқопқонга “тушди”


Қашқадарё вилояти Ҳисор давлат қўриқхонасидаги фотоқопқон икки бош қор қоплонини суратга олди. Бу ҳақда қатор матбуот нашрлари Давлат экология қўмитасига таяниб хабар берди.

Жорий йил 26 апрель куни Қизилсув бўлимига ўрнатилган фотоқопқон текширилганда, фотоқопқон нигоҳига иккита қор қоплони тушгани маълум бўлди.

Қор қоплони (Panthera uncia) Ўзбекистоннинг юқори қор тизмаларида учрайди. У йўқолиш хавфи юқори бўлган йиртқич ҳайвон сифатида Қизил китобга киритилган. Мамлакатда мазкур жониворнинг сони 30-50 дан 80-120 гача баҳоланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда қор қоплонини мониторинг қилиш дастури доирасида БМТ лойиҳаси, Экология давлат қўмитаси, ЎзР Фанлар академияси Зоология институти мутахассислари томонидан ҳайвонни тутмасдан ва жисмоний зиён келтирмасдан ўрганиш имконини берувчи технология жорий этилаётгани хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG