Хоразмлик журналист Давлат статистика қўмитасини ёлғон маълумот тақдим этишда айблади. Ёзувчи Эврил Турон Ўзбекистон пойтахтини Тошкент шаҳридан Жиззах ҳудудига кўчиришни таклиф қилди. Беш яшар ўғлини ўлдирган андижонлик аёл 6 йилга қамалди.
_____________________________________________________________
Пойтахтни Тошкентдан Жиззахга кўчириш ва уни Темуркент деб аташ таклиф этилди
Ёзувчи Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов) Ўзбекистон пойтахтини Тошкент шаҳридан Жиззах ҳудудига кўчиришни таклиф қилди (uza.uz, 20 февраль). Ёзувчига кўра, Тошкент мамлакатнинг чекка қисмида жойлашган ва бу ҳол бошқа вилоятлар учун ҳам ноқулайлик туғдирмоқда, ҳам ортиқча харажатларга сабаб бўлмоқда. “Тошкент қайда? Ўзбекюртнинг энг чекка қисмида. Қозоқюртнинг биқинида. Ул олис ўлкалардан Тошкентга келишгунча, қанча вақт, қанча маблағ, қанча ёқилғи кетади? Водийдан-чи? Худди шундай харажат. Яъни: триллион, триллионлар! Бу маблағга завод, фабрикалар, шаҳарлар қуриш мумкин. Давлатчилик тарихи шуни кўрсатади: Бошкент – юртнинг ўртароқ қисмида бунёд этилади”, деб ёзади муаллиф. Пойтахт учун янги маскан сифатида Ғаллаорол, Зомин ёки Боғдон (Фориш) туманлари ҳудуди таклиф этилган. Муаллифга кўра, янги қурилажак пойтахт Темуркент деб аталиши лозим. “Шубҳасиз, Жиззах: саодатли ўлка, тупроғи олтин ўлка, ер ости базальт, темир, қўрғошин, руҳ, оҳак, мармар, гранит, кумуш, олтин...ларга бой ўлка. Ўн миллионларни боқишга қодир ўлка”, дейди Эврил Турон. Таъкидланишича, ушбу улкан лойиҳани амалга ошириш учун мамлакатнинг ўмарилган миллиардлари ғазнага қайтарилиши, ер ости ва усти бойликлари тежалиши, коррупция илдизи таг-туги билан йўқотилиши лозим.
Давлат статистика қўмитаси ёлғон маълумот тақдим этишда айбланди
Хоразмлик журналист Давлатназар Рўзметов Давлат статистика қўмитасини ёлғон маълумот тақдим этишда айблади (“Жамият”, 15 февраль). Гап шундаки, яқинда бир қатор оммавий ахборот воситалари қўмита маълумотига таянган ҳолда “2018 йилнинг январь-декабрь ойларида Ўзбекистон бўйича ўртача номинал ҳисобланган иш ҳақи 1 миллион 822,2 минг сўмни ташкил этган”, деган мазмунда маълумот тарқатди. Ҳолбуки, мазкур рақам мамлакатдаги ўртача иш ҳақи миқдорини эмас, юридик шахсларнинг иш ҳақи фондини (қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектларидан ташқари) ифодалайди. “Нега давлат статистика органлари тақдим қилинган маълумотни аслидай қилиб бюджет ва унга алоқадор ташкилотларда ишловчиларнинг иш ҳақи деб эълон қилмади? Ўзбекистондаги иш ҳақи фалон пул деб хабар бераётган айрим сайтлар оддий халқ турмуш тарзи, реал ҳолатдан шу қадар узоқми?” деб ёзади Д. Рўзметов. Қайд этилишича, журналист бу борадаги мулоҳазаларини ижтимоий тармоқда эълон қилгач, Давлат статистика қўмитасининг масъул ходими унга қўнғироқ қилиб, “одамларнинг фикрини чалғитяпсиз” дея иддао қилган. Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев аввалроқ статистика жабҳасида иқтисодиёт тармоқларидаги реал ҳолатни объектив кўрсатиб берувчи ишончли тадқиқотлар йўқлигини танқид қилган.
5 яшар ўғлини ўлдирган аёл қотиллик сабабини маълум қилди
Беш ёшли ўғлини калтаклаб ўлдирган андижонлик Шаҳноза Валиевага ҳукм ўқилди, деб хабар беради “Даракчи” нашри. Аёл 2012 йилда Ш. Валиевга турмушга чиққан ва икки фарзандли бўлган. 2015 йил май ойида оилабоши ишлаш учун Россияга кетган. 2018 йил 15 октябрь куни Ш. Валиева ўз уйида норасида ўғлини шафқатсизларча уриб ўлдирган. Қайд этилишича, қайнонаси билан кўп бора зиддиятларга борган аёл вояга етмаган фарзанди “бувимникига бораман”, деб хархаша қилганидан ғазабланган. Суд жараёнида Ш. Валиева эри ва қайнонаси томонидан бир неча йил давомида ўтказилган руҳий тазйиқлар боис ўзини идора этолмай қолгани ва фарзанди қотилига айланганини айтган. Жиноят ишлари бўйича Улуғнор тумани суди раиси Сардорбек Юсуповга кўра, боласи ўлимига сабаб бўлган она 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.