Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:35

Наманганда машина можароси жабрдийданинг ўлими билан якунланди


Чортоқлик йигит қонуний йўл билан сотиб олган машинаси учун икки йил кураша-кураша ахийри вафот этди. Мирободда тез тиббий ёрдам кечикиб келгани боис фуқаро ҳаётдан кўз юмди. Тошкентда сигарет туфайли чиққан ёнғин инсон ҳаётига зомин бўлди.

________________________________________________________________

Чортоқда машина можароси ортидан жабрдийда оламдан ўтди

Наманган вилояти Чортоқ туманида яшаган фуқаро қонуний йўл билан сотиб олган машинаси учун икки йил давомида кураша-кураша ахийри вафот этди (“Жамият”, 17 февраль). Исми ошкор этилмаган фуқаро 2011 йилда Россияда ишлаб келган пулига чортоқлик бир кишидан “Нексия” сотиб олган. Олди-соттидан аввал Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати машина ўғирланмагани ва контрабанда йўли билан олиб кирилмаганини тасдиқлаган. Аммо фуқаро машинани сотиб олганидан икки йил ўтиб, автоулов жиноят қуроли сифатида мусодара қилинган. Шунча вақтдан кейин маълум бўлишича, машинани сотган чортоқлик шахс автомобиль ҳужжатларини қалбакилаштирган экан. Шундан сўнг машинани қонуний йўл билан сотиб олган фуқаро ҳақини ундириш учун икки йил давомида курашади. Шунча сарсонгарчиликдан кейин суд фуқарога етказилган 19,6 миллион сўмлик зарарни машина сотган шахсдан ундириш ҳақида қарор чиқаради. Аммо икки йилдан ортиқ югур-югур ва изтироб оқибатида фуқаро 40 ёшга ҳам тўлмай вафот этади. Қайд этилишича, марҳумнинг ортидан бўтадай бўзлаб аёли ва уч норасида фарзанди қолган. “Нексия” автомашинасининг идентификация рақамлари қалбакилаштирилган экан, нега унда бу борада жиноят аломатлари йўқлигини тасдиқлаган ДЙҲХХнинг масъул ходимлари жавобгарликка тортилмади?.. Агар улар ўз имзолари ва берган ҳужжатлари учун жавоб бермай, сувдан қуруқ чиқиб кетаверса, бу уларнинг жиноятчилар билан тил бириктириши учун катта йўл очиб берилганини англатмайдими?”, деб ёзади газета.

Мирободдаги қотиллик юзасидан ҳоким, прокурор ва милиция бошлиғи йиғилиш ўтказди

Тошкент шаҳри Миробод тумани “Парвона” маҳалласида арзимас жанжал бир инсоннинг бевақт ҳаётдан кўз юмишига олиб келди (“Постда”, 18 февраль). 11 февраль куни фуқаро Н. дўконга сигарет чекиб кириб келади, фуқаро Х. эса унга дўкон ичида сигарет чекмаслигини айтади. Бундан жаҳл отига минган Н. танбеҳ берган фуқарони яккама-якка гаплашиб олишга ташқарига чақиради. Фуқаро Х. кўз очиб юмгунча Н.нинг кўксига пичоқ санчади. Чақирилган тез тиббий ёрдам машинаси анча вақт кечикиб, бунинг устига биринчи тиббий ёрдам учун зарур воситаларсиз келади ва фуқаро кўп қон йўқотиб вафот этади. Жиноят ишининг бошқа тафсилотлари очиқланмаган. Қайд этилишича, қотиллик рўй берган маҳаллада Миробод тумани ҳокими, прокурори ва ИИБ бошлиғи иштирокида мажлис ўтказилган.

Сигарет туфайли келиб чиққан ёнғинда бир киши нобуд бўлди

Тошкент шаҳри Яшнобод тумани “Алимкент” кўчасидаги уйда рўй берган ёнғин оқибатида 1971 йилда туғилган фуқаро нобуд бўлган, 1987 йилда туғилган фуқаро эса тутундан димиқиб қолган. Яшнобод тумани давлат ёнғин назорати хизмати вакили Н.Турдиевнинг “Даракчи” нашрига маълум қилишича, ёнғин сигарет қолдиғидан келиб чиққан. Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги 2016 йилдаги ёнғинларнинг салмоқли қисми маст ҳолда тамаки чекиш оқибатида юзага келгани ҳақида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG