Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:42

Интернетга беҳаё суратларини қўйган ўзбек хонандалари Геростратга менгзатилди


Элтуз сайти карикатураси.
Элтуз сайти карикатураси.

Самарқандда ака укасини, Жиззахда эр хотинини ўлдирди. Ўзбек матбуоти хусусий киночилар фаолиятини танқид қилмоқда. “Ўзбекнаво” Интернетга беҳаё расм қўяётган ўзбекистонлик хонандалар лицензиясини бекор қилишда давом этади.

________________________________________________________________

Прокуратура Самарқандда ва Жиззахдаги қотиллик ҳақида хабар берди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида яшовчи Нажмиддин Эшмирзаев укаси Хуршид Эшмирзаевни бўғиб ўлдирди (“Ҳуқуқ”, 2 февраль). Акаси Нажмиддиннинг маст ҳолда юрганидан жаҳли чиққан укаси Хуршид унга танбеҳ берган. Шу тариқа ака-ука ота ҳовлиларида ўзаро муштлашиб кетган. Н.Эшмирзаев укасини ҳолдан тойгунча уриб, сўнг сим билан бўғиб ўлдирган ва жасадни совуққонлик билан ҳовлига кўмиб қўйган. “Онасининг тор қорнига сиққан ака укаси билан нафақат бир ҳовлига, кенг дунёга сиғмади” деб ёзади Самарқанд вилоят прокуратураси вакили Нодирбек Қодиров.

Жиззах шаҳридаги жазони ижро этиш манзил колониясида жазо ўтаётган наманганлик маҳкум эса кўргани келган хотинининг жонига қасд қилган. Исми ошкор этилмаган фуқаро 2009 йилда қотиллик учун 18 йилга озодликдан маҳрум этилган. Жазо муддатини бир қисмини қамоқда ўтаб, Жиззахдаги манзил колониясига чиққач 2016 йилда уйланган. Наманганда қайнонаси билан яшаган келин вақти-вақти билан Жиззахга келиб, эри билан кўришиб турган. Ана шундай учрашувлардан бирида ўзаро келишмовчилик чиқиб, эр хотинини чавақлаб ташлаган. Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди наманганлик маҳкумга аввалги қотилликнинг ўталмай қолган жазо муддатини ҳам қўшиб, 22 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган.

Матбуот: “Хусусий киночилар санъатнинг онасини Учқўрғонидан кўрсатиб юборди”

Ўзбекистонда кино санъатига “яшил чироқ” ёқиб қўйилганидан фойдаланиб, хусусий студиялар ўта жўн, сийқа, маъносиз фильмлар олишга берилиб кетди. “Даракчи” нашри таъбирига кўра, хусусий студиялар комедиядек буюк жанрнинг ҳам онасини Учқўрғонидан кўрсатиб юборди. “Хусусий кино билан боғлиқ иллатларнинг илдизи анча чуқурлашиб кетди. Ортиқ бунга тоқат қилиб бўлмайди. Уч-тўрт танга пулдан бошқа нарсани ўйламайдиган айрим режиссёрларнинш жиловини қаттиқроқ тортиб қўядиган фурсат келди. Керак бўлса, қонун қабул қилиб, миллий қадрият ва анъаналаримизга зид фильмлар яратган шахсларга нисбатан қатъий жазо чораларини белгилаш керак. Давлат хусусий киночиларни шунча ҳурмат қилиб, имкон бериб қўйди, лекин улар иззатини билмади” деб ёзади шоу бизнес нашри.

“Ўзбекнаво”: Интернетда беҳаё расм қўяётган хонандалар лицензияси бекор қилинади!

Ижтимоий тармоқларда беҳаё расм ва видеоларини тарқатаётган ўзбекистонлик аёл хонандаларнинг қилмиши шуҳрат қозониш учун ибодатхонага ўт қўйган Геростратнинг қилмишига ёдга солади (“Жамият”, 27 январь). Қайд этилишича, беҳаё суратларини жойлаётган хонандалар миллат маънавиятга таҳдид солмоқда. “Биз улар билан ҳар ойда маънавият соатлари ўтказиб, тартибга чақирамиз. Ҳар куни ижтимоий тармоқларни кузатиб борамиз. Номаъқул сурат ва видеоларни олдириб ташлаймиз. Аммо шунда ҳам қуюшқондан чиқадиганларнинг лицензиясини бекор қилишга мажбур бўламиз... Баъзилар ижтимоий тармоққа қандай сурат ёки видео жойлаш санъаткорнинг шахсий иши деб ҳисоблайди. Бу нотўғри қараш”, деган “Ўзбекнаво” бирлашмаси бошқарма бошлиғи Одилбек Абдуқаҳҳоров.

XS
SM
MD
LG