Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:47

OzodDayjest: Олий Мажлис спикери ўринбосари ЕОИИ борасидаги фикридан қайтди


Олий Мажлис спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров.
Олий Мажлис спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров.

“Миллий тикланиш” раиси Ўзбекистоннинг ЕОИИга киришига оид фикрини ўзгартирди. Сенат Қашқадарёда 5 эркак томонидан зўрланган аёлга оид ишни ўз назоратига олди. Яна бир “псевдобюджет” ташкилот тузилаётгани танқидий баҳоланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Спикер ўринбосари ЕОИИ борасидаги позициясини ўзгартирди


Олий Мажлис спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши бўйича позициясини ўзгартирди (www.kun.uz, 11 ноябрь). 10 октябрь куни мазкур онлайн нашрга интервью берган партия раҳбари номи иқтисодий бўлган, аммо ортидан яширин сиёсий мақсадлар кўзланган ЕОИИга Ўзбекистоннинг киришига мутлақо қарши эканини билдирган эди. “Ўзбекистоннинг иттифоққа киришига ундалиши, уни аъзоликка тортишга нисбатан бўлаётган ҳаракатларда биринчи навбатда ўша аъзоларнинг манфаатлари турибди. Буни кескинроқ тарзда иккинчи СССР деса ҳам бўлади”, деган эди у.

10 ноябрда ташкил қилинган сиёсий партиялар вакиллари иштирокидаги баҳсда эса А.Қодиров ЕОИИ билан ҳамкорликни ижобий баҳолади. “Бунда ташқи сиёсат концепциямизга зид бўлган бирорта хатти-ҳаракат амалга оширилмаган. “Миллий тикланиш” партияси эса Ўзбекистонни иқтисодий ва сиёсий манфаатларига хизмат қиладиган ҳар қандай ҳаракатни қўллаб-қувватлайди”, дея бир ой аввалги танқидий фикридан қайтганини билдирди.

Сенат ИИВ нашри томонидан номуси топталган аёл айбланганини қоралади


Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси Қашқадарё вилояти Қарши туманида 26 ёшли аёлнинг беш эркак томонидан зўрлангани юзасидан муносабат билдирди (www.gazeta.uz, 14 ноябрь). Қайд этилишича, ушбу жиноят иши Сенат назоратида.

Парламентнинг юқори палатаси кўнгилсиз воқеага учраган аёлнинг тунда кўчада юргани мазкур мудҳиш жиноят содир этилишига асосий сабаблардан бири сифатида кўрсатилаётганини қоралаган.

“Унутмаслигимиз лозим, мамлакатимиз Конституцияси ва қонунларида ҳар бир фуқаро хоҳ тун, хоҳ кундуз бўлсин, кўчада юриши тақиқланмаган, шунингдек ҳеч ким бировнинг ахлоқсизлигини рўкач қилиб, уни ўзбошимча жазолашга ҳаққи йўқ”, дейилади баёнотда.

Гап шундаки, ИИВ бирлашган таҳририятлари сайти номусга тегиш жинояти ҳақида хабар берар экан, ҳодисада жабрдийдани ҳам айблаган. “Ҳайратланарлиси эса, эътибор берган бўлсангиз, воқеа ярим тунда содир этилган. Ҳақли савол туғилади: ёш қизнинг шу пайтда сабабсиз кўчада юришига ота-онаси қандай йўл қўйиб берди экан”, деб иддао қилади ИИВ электрон нашри.

Эслатиб ўтамиз, октябрь кунларидан бирида кечаси тахминан 1:30 атрофида беш эркак (барчаси 30 ёшдан катта) аёл кишини мажбуран машинага ўтқазиб, кимсасиз ерга олиб борган ва уни зўрлаган. Барча гумондорлар қўлга олинган, ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Солиқ тўловчилар маблағига яна бир “псевдобюджет” ташкилот тузилмоқда


Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг барча туманларида Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларини ташкил этиш таклиф қилинмоқда (www.fayzbog.uz, 12 ноябрь).

“Ғалати-ғалати псевдобюджет ташкилотлар бор. Шулардан бири “Оила” республика илмий-амалий маркази ҳисобланади. Борлигини ва ажратилган маблағларни бежиз ишлатмаётганини далиллаш учун ҳар-ҳар замонда ажабтовур таклифлар чиқиб туради бу марказдан”, деб ёзади нашр.

Қайд этилишича, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларини ташкил этиб, уларда никоҳланувчи шахсларни ўқитиш таклиф айнан “Оила” марказидан чиққан.

“Шахсий ҳаёт дахлсизлиги, шахсий танлов ва ҳуқуқ масалаларини, майли қўйиб турайлик. Янги марказлар қайси пулга ташкил этилади дерсиз. Албатта сиз ва бизнинг тўлаган солиқларимиз эвазига”, деб ёзади нашр.

Муаллиф солиқ тўловчиларни айни пайтда regulation.gov.uz сайтида муҳокама этилаётган, марказ ташкил этилишига доир қарор лойиҳасига муносабат билдиришга ундаган.

XS
SM
MD
LG