Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:47

OzodDayjest: Андижонлик йигит 15 минг сўм қарз сабаб дўстини ўлдирди


Андижон вилоятида 15 минг сўм сабаб қотиллик содир этилди. Уй-жой мулкдорлари ширкати фаолиятида қўшиб ёзиш ва талон-тарожлар аниқланди. Ўзбекистонга сохта ҳужжатлар билан Тожикистон ватандошларини олиб келган турфирма вакили 14 йилга қамалди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Қарзини қайтаролмаган йигит дўстини ўлдирди

Андижон вилоятида 15 минг сўм сабаб қотиллик содир этилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси вакили Зафарбек Ғуломжонов “Ҳуқуқ” орқали хабар беради. Исми ошкор этилмаган йигит “Донмаҳсулотлари” ширкатида ишловчи дўстидан бир ойда қайтариш шарти билан 100 минг сўм қарз олади. Сарф-харажатлари кўпайиб, қарзини вақтида қайтара олмайди. Пул берган оғайниси ундан қарзни қайтаришни талаб қилади. У бўлиб-бўлиб 85 минг сўмни қайтаради, аммо 15 мингни имкони бўлганда беришини айтади. Қарз берган дўсти эса қарздорни ориятсизликда айблайди. Нафсонияти топталган қарздор дўстини болға билан уриб ўлдиради. Унинг рафиқасини эса оғир жароҳатлайди. Қайд этилишича, арзимас пул сабаб қотилликка қўл урган шахс 17 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Юздан зиёд уй-жой мулкдорлари ширкати қўшиб ёзишга қўл урган

Ўзбекистондаги кўплаб хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятида қонунбузарликлар аниқланди (“Даракчи”, 9 ноябрь). Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Абдуназар Эрдоновга кўра, 187 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати фаолиятини ўрганилганда, 134 ҳолатда 772,3 миллион сўмлик кредит ва аҳолидан йиғилган бадал пуллари мақсадсиз ишлатиб юборилгани, пудратчи ташкилотлар амалга оширган қурилиш-таъмирлаш ишларига 330,4 миллион сўм қўшиб ёзилгани ва бошқа қонунбузарликлар аниқланган. Бу борадаги ҳужжатлар ҳуқуқ идораларига тақдим этилган. Уй-жой мулкдорлари манфаатини ҳимоя қилиш ва уларнинг турмуш тарзини яхшилашга масъул ширкатлар аксар ҳолда вазифасини бажармаяпти. Бу каби ҳолатлар эса аҳолининг уй-жой мулкдорлари ширкатларига ишончсизлигига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистонга сохта ҳужжатлар билан Тожикистон ватандошлари олиб келингани аниқланди

Тожикистондаги “Ҳафткўл” туристик фирмаси вакили Зайниддин Алимов ҳужжатларни сохталаштирган ҳолда Ўзбекистонга Тожикистон ватандошларини олиб келгани боис маҳкамага тортилди (“Ҳуқуқ”, 11 ноябрь). Ҳужжатларни сохталаштиришда унга Қашқадарё вилояти Ғузор тумани телекоммуникация боғланмаси ходимаси Н.Каримова ёрдам берган. З.Алимов Н.Каримовага Ўзбекистонга келиши лозим бўлган Тожикистон ватандошларининг исм-фамилиясини юборган. Н.Каримова эса Ўзбекистон ватандошлари номидан тожикистонликларни тўйга ёки таъзияга таклиф этиш ҳақида сохта телеграмма юборган. З.Алимов сохта хатларни олиб, элчихонадан виза олган. “Икки шерикнинг жиноий ҳаракатлари 2012 йилдан 2015 йилнинг март ойига қадар давом этади. Бу вақт оралиғида иккови ҳам бу иши билан икки давлат ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларга рахна солишлари, Ватанимиз ҳудудига ёмон ният билан кириб келадиганларга шароит яратиб беришлари мумкинлигини ўйлаб ҳам кўришмайди”, деб ёзади Ғузор тумани прокурори Шерали Аширов. Қайд этилишича, З.Алимов 14 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум этилган. Н.Каримова эса амнистия акти билан жазодан озод этилган.

XS
SM
MD
LG