Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:23

OzodDayjest: Тошкентда доимий прописка 3000 доллардан сотилгани фош этилди


Трансплантацияга рухсат йўқлиги сабаб ўзбекистонликлар 250 минг долларгача тўлаб чет элда операция қилдиришга мажбур бўлмоқда. Тошкентда доимий прописка учун вилоятликлардан миллионлаб сўм ўмарганпаспорт столи ходими қўлга олинди. Зангиотада тез тиббий ёрдам маркази кўчада қолди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Ўзбекистонда ўн минглаб бемор орган ва тўқималар трансплантациясига муҳтож

Бугун Ўзбекистонда ўн минглаб бемор орган ва тўқималар трансплантациясига муҳтож (“Жамият”, 22 сентябрь). Зарурат туфайли айрим беморлар чет элларга бориб, 15 мингдан 250 минг долларгача тўлаб, жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлмоқда. Аммо беморларнинг бари ҳам бундай катта маблағ ва имкониятга эга эмас. Инсон аъзолари ва тўқималарини кўчириб ўтказишга қонунан рухсат йўқлиги боис мамлакат трансплантология соҳасида жаҳондан ортда қолмоқда, асосийси, бу ҳол ватандошларга қийинчилик туғдираяпти. Хабарларга кўра, “Адолат” партияси айни пайтда “Одам аъзоларини ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилишни таклиф этмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик паталаси депутати Муҳаррам Дадахўжаевага кўра, трансплантология бўйича қонунлар ҳатто ислом давлатларида ҳам қабул қилинган ва Ўзбекистонда ҳам уни қабул қилиш вақти келди.

Тошкентда паспорт столи ходими доимий прописка савдосидан 188,8 миллион сўм даромад қилди

Тошкент шаҳри Яшнобод тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ватандошларни пул эвазига ноқонуний равишда доимий пропискага қўйиш ҳолатлари аниқланди (“Постда”, 23 сентябрь). Бўлимда ёрдамчи сифатида ишлаган аёл вилоятлардан келган ўнлаб ватандошлардан доимий прописка учун 3000 АҚШ долларигача пул олган. Сўнг паспорт бўлимининг қатъий ҳисобида турган муҳр ва штамплардан фойдаланиб, ватандошларнинг паспортига яширин равишда муҳр ва штамп босиб, доимий пропискада тургани ҳақида сохта маълумотлар киритган. Ушбу ноқонуний фаолиятга исми ошкор этилмаган бўлим ёрдамчиси раҳбарлик қилгани ва унга бошқа танишлари ёрдам бергани хабар қилинган. Жиноят аниқлангач, ушбу гуруҳ аъзолари ва уларга пул берган шахслар жиноий жавобгарликка тортилган. Хизмат вазифасига совуққонлик билан қараган Яшнобод туман паспорт бўлими ходимлари ҳам жазодан бенасиб қолмаган. Доимий пропискага оид жиноят ишидан етказилган зарар 188,8 миллион сўм деб баҳоланган.

Зангиотада тез тиббий ёрдам биноси кимошдида сотилди – шифокорлар кўчада қолди

Тошкент вилояти Зангиота тумани Назарбек қишлоғидаги тез тиббий ёрдам шахобчаси кимошди савдосида сотилганига тўрт ярим йил бўлди (“Ҳуррият”, 27 сентябрь). Дуппа-дуруст ишлаб турган тиббий марказ биносини пуллаб юборилиши 30 минг аҳолига жазирамада қор ёққандек таъсир қилди. Шундан бери тез тиббий ёрдам шахобчаси гоҳ кутубхона, гоҳ чойхонада ишлаб келмоқда. Раҳбарлар эса турли ваъдалар бериб, унинг ижросини пайсалга солмоқда. “Қаранг, Назарбек тез тиббий ёрдам шахобчаси биноси тўрт ярим йилдан бери бир жойдан бошқа жойга кўчиб юрган бўлса-да, бирон бир мутасаддининг буйраги булк этмаса?! Ҳа, ҳалигача орамизда халққа қуруқ ваъда беришдан нарига ўтмайдиган, ҳатто инсон ҳаёти учун муҳим бўлган масалаларга панжа орасидан қарайдиган ишбошилар оз эмас экан”, деб ёзади газета.

XS
SM
MD
LG