Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:25

Сирдарёда фарзандини пуллаган она ва доя қамалди


Сирдарёда чақалоқфурушлик қилган гуруҳ фош этилди. Компьютерхоналар эгаларига нисбатан жазони чораларини кучайтириш сўралмоқда. Тошкентда “Иегова шоҳидлари” мансублари жаримага тортилди.

Сирдарёда чақалоғини 800 долларга пуллаган она 4 йилга кесилди

Сирдарё вилояти Бахт шаҳар туғруқ комплексида акушер-гинеколог бўлиб ишлаган шифокор аёл чақалоқфурушлиги учун маҳкамага тортилди (“Адолат кўзгуси”, 18 август). Исми ошкор этилмаган шифокорга ҳомиладор аёл мурожаат этиб, туғилажак чақалоғини дунёга келтириш ва сотишда ёрдам сўрайди. Шифокор ва ҳомиладор аёл ҳали туғилмаган чақалоқни қорақалпоғистонлик аёлга 1000 долларга сотишга келишади, аммо кейинроқ мижозлар айниб, болани олишдан бош тортади. Кейин эса сотиб олувчи ота-она ролини ўйнаётган ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари шифокорга мижоз сифатида мурожаат қилади. Шу тариқа акушер ва гўдакнинг онаси болани 800 долларга сотаётганда қўлга олинади. Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман суди икки жиноятчи аёлни 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этган.

Қонунга беписанд компьютерхона хўжайинларига қаттиқроқ чора кўриш таклиф қилинди

Болаларнинг ваҳшийлик, қонхўрликка майл уйғотувчи ўйинларга муккасидан кетиши аянчли оқибатларга олиб келмоқда (“Оила ва жамият”, 17 август). Газетага кўра, мамлакат педагоглари ҳар қанча ҳаракат қилмасин, болаларни компьютерхоналардан қайтаришга кучи етмаяпти. Шу боис Ўзбекистон қонунларига беписанд компьютерхона хўжайинларига қаттиқроқ чора кўриш керак. Қайд этилишича, компьютер ўйинларида муқаддас тушунчалар ҳам оёқости қилинмоқда. Масалан, “Жамоалар уруши” ўйинида иштирокчи турли китобларни оёқости қилиш орқали кейинги босқичларга ўтиб боради. Иштирокчи топтаб ўтадиган китоблардан бири Қуръони каримдир.

Тошкентда “Иегова шоҳидлари” оқими вакиллари жавобгарликка тортилди

Тошкентлик фуқаро Нина Задоркина уйида ноқонуний равишда жамоа бўлиб “Иегова шоҳидлари” оқими адабиётларини мутолаа қилгани ва сақлагани учун жаримага тортилди. “Даракчи” нашри хабарига кўра, Н. Задоркинанинг уйида ўтказилган рейдда у тўрт нафар маслакдоши билан “Иегова шоҳидлари” адабиётларини ўқиётгани маълум бўлган, шунингдек, хонадондан 9 та китоб, 4 та дафтар ва 43 та варақа топилган. Меҳмонлардан бири С. Чертоговнинг уйидан ҳам китоб, варақа ва диск топилган. Маълум қилинишича, “Иегова шоҳидлари”га оид адабиётлардан Чирчиқ шаҳридаги бино ҳудудидагина фойдаланишга рухсат берилган бўлиб, бу китобларни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида тарқатиш ёки сақлаш ман этилади. Шу боис Н. Задоркина ва унинг тўрт маслакдоши суд ҳукми билан жаримага тортилган.

XS
SM
MD
LG