Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:55

OzodDayjest: Жазирама иссиқда арча экилаётгани кўзбўямачилик деб қораланди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Журналист Тошкентда охирзамон ҳақидаги илмий-фантастик кинолардагина кўриш мумкин бўлган манзарага дуч келди. Қашқадарёда юқоридан раҳбарлар келиши муносабати дарахт ва гул экиш одати ҳамон давом этмоқда. Қодирийнинг авлодлари кўчада қолаётганига оид маълумот рад этилди.

_____________________________________________________________

Тошкентнинг оқова сувлари йиллар давомида Бўзсувни ифлослантираётгани маълум бўлди

Тошкент шаҳрининг оқова сувлари тозаланмасдан Бўзсув каналига оқизилмоқда. Ифлосланган сув эса йиллар давомида пойтахтдан кейин Сирдарёга қадар 60 км масофада яшаётган аҳолини заҳарлаб келмоқда (www.gazeta.uz, 12 август). “Бўзсув сув эмас, инсонлар ва саноат чиқиндилари оқадиган анҳорга айланган. Бундай манзараларни охирзамон ҳақидаги илмий-фантастик кинолардагина кўришингиз мумкин”, деб ёзади муаллиф. Масалан, Зангиота тумани Нурафшон қўрғонида яшовчи аҳоли 1995 йилдан буён болалар муттасил касал бўлиши, бадбўй ҳид сабаб кечаси эшик-деразаларни очиб бўлмаслигини айтган. “Сувсоз” мутахассисларига кўра эса, Бўзсувнинг ифлосланишида канализация тармоғига оқова сувни етарлича тозаламай чиқараётган 600 та корхона айбдор. Қайд этилишича, оқова сув назорати соҳасида коррупция ҳолатлари ҳам мавжуд.

Муаллифга кўра, 1960-йилларда қурилган тозалаш иншоотларини тубдан модернизация қилиш ва янгиларини қуриш зарур. Акс ҳолда, 10-20 йил ўтиб Тошкентнинг қуйи қисмида дарё ва каналлар оқимида жойлашган туманлар қишлоқ хўжалиги ва қулай яшаш учун яроқсиз ҳолатга келиб қолади.

Қашқадарёда хўжакўрсинга дарахт ва гул экиш давом этаяпти

Қашқадарёда юқоридан раҳбарлар келиши муносабати билан хўжакўрсинга дарахт ва гуллар экиш одати ҳамон давом этмоқда (“Ҳуррият”, 14 август). Бу ҳолни “Адолат” партияси вилоят кенгаши раиси ўринбосари Гулноза Ражабова танқид қилган. Хусусан, жазирама иссиқда ариқ суви бормайдиган жойлар ҳамда йўл бўйларига арчалар экилмоқда. Ҳолбуки, иссиқда арчалар қуриб қолиши аниқ. “Сув бормайдиган, тўғрироғи, дарахт экиб, сўнг суғориш сира ўйланмайдиган жойга шошмашошарлик билан ўтқазилган кўчатларни кўриб, эсиз шунча меҳнат, шунча маблағ дейсиз беихтиёр. Дарахтлар, турли-туман яшнаб тургувчи кўчалар... Улар фақат буйруқни бажариш учун қоғозларда қолган рақамларга айланмоқда”, деб ёзади “Адолат” партияси вакили.

Абдулла Қодирийнинг авлодлари кўчада қолаётгани ҳақидаги хабар инкор қилинди

Ижтимоий тармоқларда Абдулла Қодирийдан мерос қолган Тошкентдаги 30 сотих ҳовлида адибнинг уй музейи қурилиши муносабати билан унинг авлодлари кўчада қолаётгани ҳақида хабар тарқалган эди (“Даракчи”, 15 август). Мазкур хабар рад этилди. Адибнинг набираси Хондамир Қодирийга кўра, Тошкент шаҳри ҳокими уй музейи қуриш масаласида таклифларни кўриб чиқиб, ҳаммани рози қилиш чораларини кўряпти. Лойиҳага мувофиқ, ҳовлида Қодирий ҳайкали, уй музейи, кутубхона, айвон ва ўқув зали қурилиши кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG