Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:33

OzodDayjest: “Қиммат сарпо бермасангиз, қизингизни олмайман”


Ўзбекистонда тўй қилаётган қудаларнинг бир-бирларига талаблари йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Ўзбекистонда тўй қилаётган қудаларнинг бир-бирларига талаблари йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Қўйлиқ атрофидаги мардикор аёллар тақдиридан хавотир билдирди. Навоийда куёв сарпоси Туркия маҳсулоти эмаслиги тўйнинг бузилишига сабаб бўлди. Пойтахт яқинидаги қишлоқлар аҳолиси сувсизликдан қийналмоқда.

_____________________________________________________________

Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари: Мардикор аёллар орасида ҳатто паспорти йўқ ночорлар бор

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова Тошкентнинг Қўйлиқ бозори атрофида иш излаб юрган аёллар тақдирига эътибор қаратди (“Жамият”, 13 июль). “Бу ерда иш излаб юрган сарсон аёллар аёллар сони 150 дан ортиқлиги масаланинг қанчалик жиддийлигини кўрсатди. Асосан Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидан келган бу хокисорлар турмуш ташвишларида эзилган, ўз ҳақ-ҳуқуқини унутган, оилавий жанжал ва тазйиқлардан тўйган, баъзилари турмушидан ажрашган, ҳатто фуқаролик паспорти ҳам йўқ ночор эканини кўриб, томоғимизга нимадир тиқилгандай бўлди”, дейди Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари. Қайд этилишича, аёлларни доимий яшаш жойига қайтариш ва иш билан таъминлаш чораси кўрилмоқда.

Навоийда куёв сарпоси Туркия маҳсулоти эмаслиги тўйнинг бузилишига сабаб бўлди

Ўзбекистонда никоҳи қонуний қайд этилган, аммо тўйи бўлиб улгурмасдан ажрашиб кетаётган жуфтликлар учрамоқда (“Инсон ва қонун”, 17 июль). Масалан, Навоий шаҳри ФҲДЁ бўлими мудираси Дилобар Пардаевага кўра, бундай ҳолат ушбу ҳудудда ўтган йили 7 марта қайд этилган. “Ўзбек менталитетига хос бўлмаган” деб баҳоланган ушбу ҳолатга эса чиройли кийимлар учун турмушга чиқаётган қизларнинг эркаликлари, қуда-андаларнинг бемаъни тортишувлари сабаб бўлмоқда. Масалан, расман никоҳдан ўтган икки ёш тўйгача ажрашиб кетган. Маълум бўлишича, куёвнинг онаси келин томон ўғлига қўйган сарпо Туркия маҳсулоти эмаслиги сабаб фотиҳа ва тўйни бузган. Бундай ҳолат бошқа маҳаллаларда ҳам қайд этилган.

Тошкентнинг шундоқ биқинида минглаб аҳоли ичимлик суви тақчиллигидан азият чекмоқда

Тошкент тумани Гултепа, Истиқбол ва Чувалачи маҳаллалари ўттиз йилдан буён ичимлик суви муаммосидан азият чекмоқда, аммо маҳаллий раҳбарларнинг эътиборсизлиги оқибатида муаммо ҳануз ўз ечимини топмай келмоқда (“Оила даврасида”, 18 июль). “Тоза ичимлик сув муаммоси туфайли ҳатто оилалар пароканда бўлиб кетяпти, ўртада фарзандлар етим қоляпти. Ноқулай яшаш шароити боис қанчадан-қанча инсонлар хаста-беморга айланяпти”, деб ёзади газета. Одамлар пастроқ кўчалар юзида чуқур кавлаб, сув олинадиган жой қилган. Гарчи сув ичишга тўла яроқли бўлмаса-да, одамлар иложсизликдан соатлаб навбатда туриб сув олади. Гоҳида эса одамлар ариқ сувини тиндириб ичишга мажбур бўлмоқда. Қишда эса ёмғир ва қор сувларини идишларга тўплаб фойдаланишади. Қайд этилишича, ҳудуд аҳолиси орасида эндокрин, бепуштлик, буйрак, жигар касалликлари, болалар орасида ҳам саломатлик билан боғлиқ муаммолар кўп учраяпти. “Бу ерларда сув, газ, чироқ муаммолари неча йиллардан бери ҳал бўлмаётгани учун маҳалламиздагиларнинг кўпчилиги уй-жойини сотиб, бошқа ёқларга кўчиб кетишяпти. Лекин биз ёши катталар бундай қилолмаймиз”, деган 70 ёшли Маърифат Ўлжабоева.

XS
SM
MD
LG