Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:52

OzodDayjest: Оққўрғонда интернат тарбияланувчилари тажовуз қурбони бўлди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Оққўрғон туманидаги мактаб-интернат тарбияланувчилари ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этилгани фош қилинди. Навоийда мудофаа бўлимининг порахўр мансабдори маҳкамага тортилди. Боғотда туман тиббиёт бирлашмаси шифокори 2 яшар боланинг бевақт ўлимига сабаб бўлди.

_____________________________________________________________

Тарбияланувчиларга тажовуз қилган Оққўрғондаги мактаб-интернат раҳбарларига жиноий иш қўзғатилди

Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 78-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернат тарбияланувчилари тажовуз қурбони бўлгани, 16 ёшга етмаган тарбияланувчилар ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этилгани фош қилинди (“Даракчи”, 31 май). Ушбу ўқув масканида эҳтиёжманд, серфарзанд оилалар вакиллари ҳамда ота-она ғамхўрлигисиз қолган, ақлида нуқсони бор болаларга таълим-тарбия берилади. Аниқланишича, мактаб-интернат раҳбарлари узоқ йиллар давомида кўзбўямачилик қилиб, таълим масканидаги ҳақиқий аҳволни юқори инстанциялардан яшириб келган. Мактабгача таълим гуруҳлари учун алоҳида ётоқхоналарнинг мавжуд эмаслиги, болалар учун ювиниш шароитлари яратилмагани, ҳожатхонанинг носозлиги оқибатида тарбияланувчилар тери-таносил касалликларига чалинган. Қайд этилишича, мактаб-интернат мансабдорларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Аввалроқ Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги 1-меҳрибонлик уйи масъуллари томонидан норасида тарбияланувчиларга жинсий ва жисмоний зўравонлик қилингани, хайрия пуллари ўзлаштирилгани юзасидан суд жараёни давом этаётгани хабар қилинган эди.

Навоийда мудофаа бўлимининг порахўр мансабдори маҳкамага тортилди

Навоий вилояти Конимех тумани мудофаа ишлари бўлими чақирув бўлинмаси бошлиғи катта ёрдамчиси ҳарбий хизматга талабгорлардан пора олиб келган (“XXI аср”, 31 май). Исми ошкор этилмаган мудофаа расмийси тиббий кўрик ва бошқа масалаларда ёрдам таклиф қилиб номзодлардан 1,5 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача пора олган. Қайд этилишича, меҳнатсиз пул топишнинг ҳадисини олган бошлиқ катта ёрдамчиси ўнлаб одамлардан пул ундириб, кайфу сафосини суриб юраверган. Суд ҳукмига кўра, мудофаа расмийсига нисбатан 4 йилу 1 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган, у, шунингдек, муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Хоразмда шифокор совуққонлиги оқибатида 2 ёшли бола нобуд бўлди

Хоразм вилояти Боғот туман тиббиёт бирлашмаси шифокори Шержан Аллашукуров 2 яшар боланинг бевақт ўлимига сабабчи бўлди. “Даракчи” нашри хабарига кўра, 2015 йил 12 августда туғилган Камронбек Қувондиқов касаллиги боис туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Шифокор Ш.Аллашукуров эса болани тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказмасдан юзаки ташхис қўйган. Беморни ичак инфекцияси – “сальмонеллез”дан даволаш чорасини кўрмасдан, уйига жавоб бериб юборган. Шифокорнинг ўз вазифасига совуққонлиги оқибатида эса болакай оламдан ўтган. Суд ҳукмига кўра, шифокор Ш.Аллашукуров Жиноят кодексининг 116-моддасида кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, унга 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шифокор 2013 йилда ҳам айни шундай жиноят содир этгани маълум бўлган.

XS
SM
MD
LG