Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:48

Бухорода бензин танқис – чайқовчиларнинг куни туққан


Бухородаги АЁҚШларда бензин тақчиллигидан чайқовчилар фойдаланмоқда. Ҳукумат идораси шакар нархи нега ошганига ойдинлик киритди. Ғиждувонда пенсия пулларини ўзлаштирган почтачиларга ҳуқуқий чоралар кўрилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Бухорода бензин танқислиги чайқовчиларга қўл келмоқда

Бухоро шаҳридаги ёнилғи қуйиш шахобчаларида бензин танқис бўлиб қолмоқда (“Даракчи”, 27 апрель). Эрталаб соат 10 да берилган бензин 13:00 гача тугамоқда. “Соатлаб навбат кутамиз. Бу ҳолат бир неча ойдан буён давом этмоқда. Кейин ёнилғи қуйиш шахобчасидаги 2800 сўмлик бензинни кўчадан баклажкада 4000 сўмдан олишга мажбур бўляпмиз”, дейди бухоролик Саид Яҳёев. Ёнилғи тақчиллиги ҳолатини “Бухоро нефть базаси” корхонаси раҳбари Э.Худойшукуров шундай изоҳлаган: “Бухоро вилояти бўйича талаб этиладиган миқдорларга нисбатан кам етказиб берилишининг асосий сабаби нефтни қайта ишлаш заводларидан нефть базага белгиланган миқдордан кам маҳсулот юклаб берилишидир. Нефть маҳсулотларининг кам ортиб берилиши нефть хомашёси пул маблағларига боғлиқ бўлиб қолмоқда”. Газета шахобчаларга бензин талаб даражасида етказиб берилмас экан, чайқовчиликка барҳам бериш имконсизлигини эслатади.

Расмий идора: Шакар нархини 5200 сўмдан ошириш мумкин эмас

Ўзбекистонда шакар нархи 5200 сўмга кўтарилиши одамларда турли саволлар туғдирмоқда (“Оила даврасида”, 27 апрель). Ўзбекистон Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига кўра, бунинг асосий сабаб шакар учун четдан келтириладиган шакарқамиш хомашёсининг нархи ошиб кетганидир. “Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 31 мартдаги тегишли ҳужжатига асосан, бугунги кунда шакарнинг чакана нархи 5200 сўм этиб белгиланган. Унга кўра, шакарни ушбу нархдан юқори сотиш мумкин эмас” деб маълум қилади давлат қўмитаси.

Прокуратура нашри давлат идораларининг обрўсизланишидан огоҳлантирди

Бухоро вилояти Ғиждувон туман почта алоқа тармоғи мутасаддилари пенсионер Н.Горобченко вафот этган бўлса-да, унинг номига пенсия расмийлаштириб, бюджет маблағини талон-тарон қилишда айбланди (“Ҳуқуқ”, 27 апрель). Шунингдек, ушбу туман почта мансабдорлари фуқаро М.Душамовага 2016-2017 йиллар, унинг келини А.Темировага эса 2015-2016 йиллар даврида ҳисобланган нафақа пулларини бермасдан, тўлов қайдномаларини сохталаштириш орқали катта миқдордаги маблағни ўзлаштиргани аниқланган. Прокуратура бу каби ҳолатлар бўйича ҳуқуқий чоралар кўрганини маълум қилган.

“Афсуски, айрим мансабдор шахсларнинг мавжуд ижтимоий-иқтисодий ҳолатни билмаслиги, бир сўз билан айтганда, уларнинг оёғи ердан узилиб қолиши фуқароларнинг манфаатларига зарар келтиради, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг обрўсизланишига олиб келади”, дейилади “Ҳуқуқ” газетасида эълон қилинган бошқа бир мақолада.

XS
SM
MD
LG