Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:45

OzodDayjest: Вазир ўринбосари “шов-шувга ўч” блогерларни айблаб чиқди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Тошкентда пора билан ушланган икки милиция нозири жазоланди. Халқ таълими вазири ўринбосари блогерларни вазиятга салбий тус беришда айблади. Ўғирланган ва контрафакт уяли телефон қурилмаларини энди ишлатиб бўлмаслиги маълум қилинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Тошкент ИИББнинг икки инспектори пора билан ушланди

Тошкент шаҳри ИИББнинг икки нафар инспектори пора билан ушланди (“Инсон ва қонун”, 2 апрель). Исми ошкор этилмаган икки инспектор Олмазор туманидан Тошкент вилоятининг Зангиота туманига ўтадиган “Минерал сувлар” блок-постида тунги навбатчилик қилаётган пайтда постдан 100 дона прессланган сомон ортилган юк машинаси ўтган. Юк машинаси тўхтатилганда ҳайдовчининг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжати йўқлиги маълум бўлган. Ички ишлар ходимлари ҳайдовчидан 150 минг сўм пора олаётганида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар томонидан ушланган. Қайд этилишича, ҳайдовчи бу постдан аввал ҳам кўп бора ўтган ва инспекторлар билан “тиллашиш”ни билган. Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди раиси Зафар Бобонов жиноят содир этган ички ишлар ходимларига тегишли жазо берилганини маълум қилган.

Халқ таълими вазири ўринбосари блогерларни вазиятга салбий тус беришда айблади

Ўзбекистон Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров блогерларни ҳақиқий аҳволга салбий тус бериб, мактаб-интернатлардаги қизлар ҳақида хунук гап-сўзлар тарқатишда айблади (“Ҳуррият”, 3 апрель). “Яқинда ОАВда мактаб-интернатлардаги ўқувчи қизлар номига айтилган хунук гапларни эшитгандирсиз. Шу гаплар ёлғон бўлиб чиқди. Шунга ўхшаш бир неча ҳолатларни текшириб кўриб, шов-шувни хуш кўрадиган бир-икки блогер биттасига ўнта қўшиб олиб чиқаётганига гувоҳ бўляпмиз”, деган Алишер Умаров.

Блогерларни таълим тизимини издан чиқаришда айблаган вазир ўринбосари таълим масканларининг вояга етмаган ўқувчилари ҳомиладор бўлиб қолаётгани фактларидан кўз юмган. Аввалроқ “Миллий тикланиш” партияси раиси Сарвар Отамуродов Сирдарё, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятларидаги тарбияси оғир болалар учун мўлжалланган тўртта махсус мактабга бориб вазиятни ўргангани ва вазият оғир эканига гувоҳ бўлганини айтган эди. “Аҳвол криминал бўлиб ётибди, давлат бюджетидан ажратилган пуллар талон-торож. Ўзи шундоқ ҳам хулқи ёмон болалар орасида муҳит жуда ачинарли, ҳомиладор ёш қизлар бор, у шароитларда одам яшай олмайди”, деган эди партия раиси.

Ўғирланган уяли телефон аппаратларини энди ишлатиб бўлмайди

Ўзбекистонда 2019 йил 1 апрелдан мобиль қурилмаларни ҳисобга олиш тизими ишга туширилди. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги бошқарма бошлиғи Тимур Машанпин “Даракчи” нашри орқали маълум қилган. Унга кўра, мамлакатдаги GSM операторлари тармоқларидаги барча мобиль қурилмалар автоматик тарзда рўйхатга олинади. Қурилмани ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш учун абонентлардан ҳеч қандай ҳаракат ёки харажат талаб қилинмайди. Вазирлик вакилига кўра, мазкур тизим мамлакатдаги 22 миллиондан зиёд мобиль алоқа абонентлари истеъмолчилик ҳуқуқи ва хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беради. Эндиликда контрафакт (яъни IMEI коди қурилманинг ҳақиқий моделига тўғри келмайдиган), ўғирлангани ёки йўқотилгани сабаб “қора рўйхат”га кириб қолган ва божхона назоратидан ўтказилмаган қурилмалардан фойдаланиб бўлмайди. Вазирлик вакили янги уяли алоқа қурилмаси сотиб олишдан аввал уни uzimei.uz cайти ёки 1170 қисқа рақами орқали текширишни тавсия қилган.

XS
SM
MD
LG