Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:46

OzodDayjest: Президент Мирзиёевнинг Сергелига ташрифи пайти кўзбўямачиликлар қилингани аниқланди


Сергелидаги янги қурилган уйлар (иллюстратив сурат).
Сергелидаги янги қурилган уйлар (иллюстратив сурат).

Сергелидаги янги уйларда яшаётганлар турли муаммолардан шикоят қилмоқда. Туҳмат билан 12 йилга кесилган қашқадарёлик собиқ ҳоким оқланди. Ўзбекистондаги қарийб 60 та бозорнинг ҳафтада фақат бир кун ишлаши аҳолига ноқулайлик туғдирмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Сергелидаги Президент бориб кўрган янги уйлар ярим йилга бормай таъмирталаб ҳолга келган

Президент Шавкат Мирзиёев ўзи шахсан бориб кўрган Сергели туманидаги янги уйларда яшовчи ватандошлар бир қатор муаммолардан норози бўлмоқда (“Оила даврасида”, 5 апрель). Аввало, янги арзон уй-жойларда яшовчи аҳолининг бирортаси ҳали пропискага қўйилмаган. Буни мутасаддилар турли сабаблар билан пайсалга солиб келмоқда. Бундан ташқари, квартирага эгалик қилиш ҳақида бирор кишига ҳужжат берилмаган. Аҳоли эса квартиралар нархи бошланғич бадал тўланган вақтда кўрсатилган нархдан ошиб кетишидан хавотирда. Қуриб битказилганига 6 ой бўлмасдан айрим уйларнинг девор бўёқлари кўчиб тушган, ишлар сифатсиз бажарилганидан аҳоли чўнтагидан ортиқча пул сарфлаб камчиликларни тўғриламоқда. Президент келган пайтда ишлаб турган ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилган 55-мактаб ҳам кўзбўямачилик ва сохталик намунаси экан. Мактаб икки ойга бормай ёпилган, ўқувчилар эса аввал таҳсил олаётган мактабларига қайтарилган.Қайд этилишича, бу ерга кўчиб келганларнинг аксари уй-жой муаммосидан тоқати тоқ бўлган ва узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайди.

Ўзбекистондаги қарийб 60 та бозор фақат ҳафтанинг бир куни ишлашидан аҳоли қийналмоқда

Ўзбекистондаги 59 та бозор ҳафтанинг фақат бир кунида ишлайди, шу боис одамлар кундалик турмуш учун зарур нарсаларни олиш учун ҳам бозор бўладиган кунни кутишга мажбур (“Жамият”, 30 март). Бундан ташқари, айрим бозорлар аҳоли учун ноқулай кунда, масалан, фақат жума куни ишлайди. Шу боис, дейлик, Самарқанд вилояти Қўшработ туманида яшовчи аҳоли катта масофа йўл босиб, қўшни Иштихон ва Пайариқ туманларига боришга мажбур бўлмоқда. Қолаверса, ҳудудда нарх-наво қўшни туманларга қараганда анча қиммат. Хусусан, дуккакли дон, буғдой ва ун маҳсулотлари нархи осмонда. Тумандаги бозорлар ишлайдиган жума куни коллеж ва мактабларда давомат кескин пасайиб кетади. Чунки ўқувчилар ўқишга келмай, бозорда тирикчилик қилади. Газетага кўра, бу салбий ҳолатни таълим даргоҳлари маъмуриятлари ва профилактика инспекторлари яшириб келмоқда. Қайд этилишича, бошланишига бозорларнинг жума эмас, якшанба куни ишлашини йўлга қўйиш лозим. Пировардида эса бозорлар ишлайдиган кунлар сонини ошириш керак.

“Столбани қамашга асос топган” идора томонидан 12 йилга кесилган қашқадарёлик собиқ ҳоким оқланди

2004-2007 йилларда Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ҳоким бўлиб ишлаган ва кейинроқ туҳмат билан қамалган Нурулла Қаюмов 10 йилдан кейин оқланди (“XXI аср”, 5 апрель). Қайд этилишича, ҳоким ўз вақтида тегишли ташкилотлар билан келишиб ишламаган боис унга қарши “столбани қамашга асос топган” идора томонидан туҳмат уюштирилган. Терговда ҳокимни кўчатларни ўз вақтида суғормаган қабилидаги тўқима айблар қўйилган. 2007 йил 5 сентябрда Миллий хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан қамоққа олиниб, терговга тортилган Н.Қаюмов 2008 йил 29 февралда суд ҳукми билан 12 йилга озодликдан маҳрум этилган. Айтилишича, ҳоким ноҳақ қамалганидан кейин бир акаси юрак хуружидан вафот этган, аёли ва фарзанди автоҳалокатга учраган. “Ҳуқуқ ва адолатнинг виждонсиз посбонлари мен каби узоқ йиллар ишлаб, ҳуқуқдан бохабар бўлган инсонга шунча азоб берди, оддий халқнинг бошига не кўйларни солиши мумкинлигини тасаввур қилаверинг” деган собиқ ҳоким. Орадан 10 йил ўтиб судлов ҳайъати томонидан оқланган Н.Қаюмовга туҳмат қилиб қамашда иштирок этганлар жавобгарликка тортилиши айтилган.

XS
SM
MD
LG