Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:58

OzodDayjest: Қурилиш соҳаси раҳбарлари парламентни ўзлари тўқиган эртакка ишонтира олмади


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Депутатлар “арзон уйлар” қурилиши жараёнини танқид қилдилар. Тошкент ҳокими “монополия қироли” деб аталди. Марғилондаги тарихий ёдгорлик омборхонага айланиб қолди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Парламент “арзон уйлар” қурилиши жараёнини кескин танқид қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мамлакатда “арзон уйлар” қурилиши жараёнини кескин танқид қилди (“Даракчи”, 3 январь). Ушбу масалада Қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев ҳамда “Қишлоқ қурилиш инвест” ширкати раҳбари Қудратбек Ҳошимбеков депутатлар саволларига жавоб берган. Депутатларга кўра, “арзон” деб қурилаётган уйлар аслида тижорий ширкатлар қураётган уйлардан ҳам қимматга сотилмоқда. Қайд этилишича, пудратчиларнинг қурилиш материалларини мажбурий равишда аввалдан белгиланган бир-икки ташкилотдан олаётгани уйларнинг қимматлашиб кетаётганига сабаб бўлмоқда. Қурилиш ширкатлари материалларни нега бир-икки фирмадан олишга мажбурланаётгани борасидаги саволга Қурилиш вазири А. Тўхтаев тайинли жавоб бера олмаган. “Қишлоқ қурилиш инвест” ширкати арзон уйларни тарқатишда ҳам ҳукумат низомини ўзбошимчалик билан бузиб, тураржойларни ўзи истаган одамларга бермоқда. Қонунчилик палатаси аъзоларининг бу борадаги саволига “Қишлоқ қурилиш инвест” ширкати раҳбари Қ. Ҳошимбеков асосли жавоб бериш ўрнига депутатларга ўзи тўқиган эртакни айтиб берган, яъни турли важларни келтирган. Қайд этилишича, депутатлар бу эртакка ишонмаган. Депутатлар арзон уйлар қурилиши жараёнини бевосита ўрганиб чиқиши маълум қилинган.

Қаровсиз қолган тарихий ёдгорликдан аҳоли омборхона сифатида фойдаланмоқда

Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги “Узунҳовуз” жомеъ масжиди кўп йиллардан буён қаровсиз қолиб келмоқда (“Жамият”, 2018 йил 28 декабрь). Ёдгорлик жойлашган маҳалла раиси Анваржон Бойхоновга кўра, масжид устунлари чириб, томни базўр суяб турибди. Деворлар ҳам ёрилиб, аянчли аҳволга келиб қолган. Қўшни ҳовлиларда яшовчи аҳоли эса ёдгорликдан омборхона сифатида фойдаланади. XIX асрда бунёд этилган “Узунҳовуз” жомеъ масжиди 35х21 метр ўлчамдаги йирик иншоот бўлиб, иккита қишки намозхона ва унга ёндош серустун айвондан иборат. Ушбу ёдгорликни асраб қолиш ва таъмирлаш масаласи эса мутасадди идоралар эътиборидан четда қолмоқда.

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лобби йўли билан бизнес юритишда айбланди

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лобби йўли билан бизнес юритаётгани иддао қилинди. Ижтимоий тармоқларда ўн минглаб обуначаларга эга Troll.uz cаҳифасига кўра, янги йилда ҳам хориждан Ўзбекистонга қандолат маҳсулотлари, алюмин профиллар, газ ва электр плиталар, кондиционер, телевизор, чангютгич, музлатгич ва бошқа маиший техника ҳамда электроника маҳсулотларини олиб киришда 15 фоиздан ошиқ бож ва акциз тўловлари сақланиб қолмоқда. Қайд этилишича, катта тадбиркор сифатида танилган Тошкент ҳокими лобби йўли билан юқори ставкадаги бож ва акциз тўловларини сақлаб турибди. “Тасаввур қилинг, Лондон ҳокимининг бир нечта заводи ва бизнеслари бўлса. Йўқ-йўқ... Бўлиши мумкин эмас, ахир бу бизнес муҳити ва рақобатга зид-ку!” деб ёзади Troll.uz саҳифаси. “Шу ҳаммасини битта жойга тўплаб, “сенларга нима етмаяпти?” деган савол берсанг-да... Шунча единг, қўй энди халқ сифатни ва танловни ҳам бир кўрсин... Етти юз авлод набираларига етадиган пулинг бўлса. Инсоф ҳам керак-да... дейдиган одам йўқ” дея киноя қилади саҳифа муаллифи, таниқли блогер Умид Ғафуров. Ушбу мавзуда муносабат билдирган кўплаб фойдаланувчилар Тошкент ҳокимини “монополия қироли” деб атаганлар. Эслатиб ўтамиз, Ж. Ортиқхўжаев 2018 йил апрелдан буён Ўзбекистон пойтахтини идора этиб келмоқда. Ҳокимият тизимига келгунга қадар йирик бизнес раҳбари саналган Ж. Ортиқхўжаев “Artel” (электроника ва маиший техника), “Akfa” (алюмин профил маҳсулотлари), “Сrafers” (қандолат маҳсулотлари) каби ширкатлар эгаси экани айтилади.

XS
SM
MD
LG