Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:17

OzodDayjest: Адлия вазири пандемия даврида шахсий маълумотлар ҳимояси масаласини кўтарди


Адлия вазири Русланбек Давлетов.
Адлия вазири Русланбек Давлетов.

Вазир Р. Давлетов карантин даврида ортиқча мажлисларсиз иш самарадорлиги ошганини урғулади. Мутахассислар Ўзбекистонда ҳароратнинг кўтарилиш суръати жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан анча юқори эканини айтмоқда. “Сурхон” қўриқхонасида қора лайлаклар борлиги аниқланди.

______________________________________________________________

Вазир: Карантин даврида мажлисбозликка барҳам берилса-да, осмон узилиб ерга тушмади


Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов коронавирус пандемияси даврида шахсий маълумотлар ҳимояси муҳим эканини таъкидлади (www.kun.uz, 14 апрель). Дунё мамлакатлари тажрибасидан маълумки, коронавирусга чалинган шахсларни аниқлаш мақсадида ахборот технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Адлия вазирига кўра, келажакда бу каби амалиёт қатъий назорат остида ва қонунчиликка сўзсиз риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозим. “Ҳар бир фуқаро ўзига тегишли шахсий маълумоти муҳофазаланганини ҳис қилиб, кафолатини сезиб яшаши лозим”, дея таъкидлайди Р. Давлетов.

Вазирнинг қайд этишича, карантин даврида Ўзбекистон давлат идораларида ортиқча мажлисларга барҳам берилса-да, ишлар тўхтаб қолмади, аксинча иш самарадорлиги ошди, бюрократия ва қоғозбозлик камайди.

“Ўзгидромет”: Ўзбекистонда ҳароратнинг кўтарилиш суръати жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан анча юқори


Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво ҳарорати ўзгаришлари баҳоланди. Бу ҳақда “Ўзгидромет” идорасига таяниб бир қатор матбуот нашрлари хабар беради. Кузатувлар бошланган вақтдан 2019 йилгача ўртача йиллик ҳароратнинг ўзгариши таҳлили шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда ҳароратнинг кўтарилиш суръати глобал миқёсда кузатилаётган ўртача суръатдан анча юқоридир.

Ҳавонинг ўртача йиллик ҳарорати кўтарилишининг энг катта кўрсаткичи Тошкент, Самарқанд, Фарғона каби йирик шаҳарларда қайд этилган. Бунга қўшимча урбанизация ҳам таъсир этган бўлиши мумкин.

2019 йилда республика ҳудудининг катта қисмида ўртача йиллик ҳарорат меъёрдан 1,6-2,3 даражага, Оролбўйи ҳамда чўл зонасида эса меъёрдан 2,9-3,1 даражага юқори бўлди.

Соҳа олимлари буни икки омил – иқлим исишига олиб келувчи Эль-Ниньо ҳодисаси ҳамда узоқ муддатли иқлим ўзгариши билан тушунтирмоқда.

“Сурхон” қўриқхонасида камёб қора лайлаклар борлиги аниқланди


“Сурхон” давлат қўриқхонаси ҳудудида Қизил китобга киритилган табиатан камёб тур – қора лайлаклар борлиги аниқланди (www.xabar.uz, 16 март). Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига кўра, қора лайлакларнинг баҳорги учиб ўтиши февраль-март ойларида кузатилади. Жониворлар қоя ва жарликларда уялаб, апрель-май ойида 2-5 та тухум қўяди. Полопонлари июнь-июль ойида уча бошлайди. Кузги учиб ўтиши август-сентябрь ойларида кузатилади. Улар майда балиқлар, қурбақалар, судралиб юрувчилар ва умуртқасизлар билан озиқланади.

Ҳисоб-китобларга қараганда, Қурама тоғининг шимолий ёнбағирларида қора лайлаклардан 4-5 жуфт, Чотқол тоғида 10 жуфт, Шерободдарёда 1 жуфт ва “Сурхон” давлат қўриқхонасида 10-12 жуфт атрофида уялайди.

Қора лайлакларни овлаш тақиқланган. Тоғ қўриқхоналари ва миллий табиат боғлари ҳам муҳофаза остига олинган.

XS
SM
MD
LG