Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:47

Мирзиёев кексаларга пальто олиб бериб, шахмат ўйнатмоқчи


2017 йилнинг 1 сентябригача Ўзбекистонда кексалар учун тренажерлар билан жиҳозланган даволаш-жисмоний тарбия заллари қурилади.

Бундай заллар қуриладиган “Нуронийлар маскани” марказларида, шунингдек, китобхонлар заллари, шахмат, шашка ўйнаш учун дам олиш хоналари ҳам бўлади.

Ёлғиз ва кам таъминланган кекса фуқароларни умумий миқдори 6,4 миллиард сўм ҳажмидаги қишки кийим комплекти ва пойафзал, шунингдек қишга ғамлаш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ҳар йили таъминлаш режалаштирилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 28 декабрда имзолаган икки ҳужжат - фармон ва қарорда айтилган.

"Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон жуда катта ҳужжатдир.

Фармон, унинг муқаддимасида ёзилишича, “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармасининг фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, кекса ёшдаги фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини янада ошириш <...>мақсадида қабул қилинган.

Каримовча "Нуроний" ўрнига Мирзиёевча "Нуроний"

Шавкат Мирзиёев ўзининг фармони билан Ислом Каримовнинг 1996 йил, 4 декабрдаги "Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси тўғрисида"ги фармонини бекор қилди.

Лекин бу - "Нуроний" жамғармаси тугатилмоқда, дегани эмас, балки у аксинча, ташкилий жиҳатдан янада кучайтирилмоқда.

Президентнинг фармони билан биргаликда 28 декабр куни унинг “Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам чиқди.

"Нуроний"чилар бехабар қолди

Шуниси қизиқки, Озодликнинг аниқлашича, президентнинг "Нуроний" жамғармасига оид фармони ҳам, қарори ҳам “нуронийчилар”нинг ўзлари учун янгилик бўлди.

Ҳар ҳолда Жамғарманинг Қашқадарё ва Жиззах вилоятларидаги бўлимлари мулозимлари бу икки ҳужжат тўғрисида 28 декабрь куни Ўзбекистон телевидениесидан эшитганларини эътироф этдилар.

Ҳар иккала мулозим ҳам фармон ва қарорда тилга олинган чора-тадбирлар қандай амалга оширилиши тўғрисида ҳозирча ҳеч қандай тасаввурлари йўқ эканлигини тан олдилар.

Андижонлик “5 минути кам пенсионер”, 2 ойдан кейин 60 га тўладиган Қодиржон Аҳмедов ҳам Озодлик билан суҳбатда президент 28 декабрда имзолаган 2 ҳужжат тўғрисидаги хабарни телевизордан эшитганини айтди.

Қодиржон ака фармондаги кексаларнинг бўш вақтини банд қилишга оид чоралар тўғрисида фикр юритар экан, бундай деди:

- Оқсоқоллар учун вақт ўтказадиган жойлар йўқ. Президентнинг фармонини бугун эшитдим. Қарияларга жойлар ажратиб бериш тўғрисида айтибди. Менимча, агар амалга ошса шу гаплар, яхши бўлади.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, кейинги йилларда чойхоналар эшиклари кексалар учун ёпилиб қолган: ҳаммаси хусусий, уларнинг хизмати кексаларнинг чўнтаги кўтаролмайдиган даражада қиммат.

Президент имзолаган фармон ва қарорда кўзда тутилган чора-тадбирлар бир талай. Унда пенсионерларни соғломлаштириш билан боғлиқ тадбирлар белгилаб қўйилган.

Муҳтожларга текин пальто

Масалан, фармонга илова қилинган шарҳда ёзилишича, Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида очиқ юракда жарроҳлик операцияларини ўтказиш учун умумий суммаси 9,7 миллиард сўм бўлган ҳудудлараро кардиохирургик марказлар яратиш, ёлғиз ва кам таъминланган кекса фуқароларни умумий миқдори 6,4 миллиард сўм ҳажмидаги қишки кийим комплекти ва пойафзал, шунингдек қишга ғамлаш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ҳар йили таъминлаш режалаштирилган.

"Меҳнат фахрийси" "Кексалик гашти" ҳақида "Оталар сўзи – ақлнинг кўзи"да айтиб беради

Бундан ташқари "Меҳнат фахрийси" нишонини таъсис этиш, ҳафталик "Нуроний" газетаси ва ойлик "Кексалик гашти" журналини нашр қилишгача, ҳатто "Оталар сўзи – ақлнинг кўзи" телекўрсатувининг ҳар ойда биттадан янги сериясини тайёрлаш ва намойиш этишгача уқтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони ва қарорида кўзда тутилган чора-тадбирларни молиялаштиришга 688,2 миллиард сўм, шунингдек, халқаро молиявий тузилмаларнинг 108,7 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги кредит ва грант маблағлари жалб этилажаги айтилган шарҳда.

Ҳаммаси яхши гаплар, лекин...

"Лекин" нимадан иборат эканлиги - Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги боис пенсиялар бериш кечикаётгани тўғрисида Озодлик ўнлаб қайдлар, хабарлар, мақолалар ёритган.​ Бу бир муаммо. Ўзбекистонлик пенсионерларнинг бошқа, ажабтовур муаммолари ҳам борки, масалан, Озодлик бир ойдан кўп хорижга чиққан пенсионерга пенсияси берилмайдиган бўлгани тўғрисида ҳам ўз вақтида хабар қилган эди.

Андижонлик Қодиржон Аҳмедов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:44 0:00
Бевосита линк

Маълумотларга қараганда, шу кунда Ўзбекистонда ёши 60 дан ошган 2,8 млн., 80 дан ошган 225 минг атрофида, 90 дан ошган 40 мингдан зиёд, 100 дан ошган 8,7 минг нафар киши яшайди.

XS
SM
MD
LG