Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:24

Пахта теримига чиқарилган келинчак 6 ойлик ҳомиласидан айрилди


Жиззах вилояти, Зарбдор тумани, Мустақиллик маҳалласида пахта теримига чиқарилган 28 яшар келинчак Дилором Жўраева олти ойлик ҳомиласидан айрилди. Мутасаддилар мазкур воқеада келинчакнинг оила аъзоларини айблашга уринди.

Зарбдорлик келинчакнинг пахта боис ҳомиласидан айрилгани ҳақида воқеа гувоҳларидан бири Озодликка маълум қилди.

Исмини ошкор қилмасликни сўраган гувоҳга кўра, воқеа бир ҳафта аввал бўлган:

“Мустақиллик маҳалласининг фуқаролар йиғини раиси 6 ойлик ҳомиладор аёлни мажбурий пахтага чиқарди. "Агар пахта теримига чиқмасанг, туғиладиган фарзандингга болалар нафақа пулини бермаймиз", деб айтган. Шунингдек, у аёлни мажбурлаб пахта теримига ҳайдаш учун ёнига ИИБ ходимини олиб борган. Аёлга сиёсий гаплар гапириб, уни қўрқитган. Ҳомиладор аёл пахтанинг биринчи кунида пахта териш вақтида ҳомиласидан айрилди. Бу воқеани ўз кўзим билан кўрганим учун ҳалигача ўзимга кела олмадим. Айнан шу маҳалла раиси ва ИИБ ходими жиноий жавобгарликка тортилишини истайман", дея хабар йўллади воқеа гувоҳларидан бири бўлган зарбдорлик.

Озодлик Мустақиллик маҳалласидаги бошқа манбалар орқали келинчакнинг исми-шарифи Дилором Жўраева эканини аниқлади.

Ўша куни далада бўлган яна бир манбага кўра, 28 яшар Дилоромнинг битта қизчаси бўлиб, бу иккинчи ҳомиласи бўлган:

“Бизни эрталаб автобусда олиб кетишди. Далага боргач, озгина пахта терганидан сўнг Дилоромнинг тўлғоғи тутди. Бундан хабар топган бошлиқлар ваҳимага тушиб қолишди. Кейин хўжалик раиси машинасида Дилоромни туман шифохонасига олиб кетди. Эшитишимизча, туман шифокорлари Дилоромнинг аҳволи оғирлигини кўриб, уни вилоят касалхонасига жўнатишган. Касалхонага етиб боришган, лекин у ерда Дилоромнинг боласи тушиб кетган. Ўғил бола экан. Қайнонаси эшитиб роса йиғлади, “бешик тўйи қиламан деб ўтиргандим”, деб. Ўша куни Дилоромнинг ўзи касалхонада қолган, ҳомиласининг мурдасини уйига олиб келишган. Ҳозир Дилоромнинг ўзи ҳам касалхонадан уйига қайтган”, деди хавфсизлик юзасидан исми ошкор қилинмаслигини сўраган манба Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Манбанинг айтишича, воқеадан бир кун аввал маҳалла раиси Исмоил Латипов мутасадди ташкилотлар вакиллари билан биргаликда уйма-уй юриб, пахтага чиқишни талаб қилишган:

“Исмоил ака ёнида милициядан, ҳокимликдан вакиллар бор эди. Ҳаммаси беш киши эди. Улар ҳар бир оиладан камида биттадан одам пахта теримига чиқиши мажбурий эканини айтишди. Бу тепадан келган буйруқ экани, ҳамма уни бажариши лозимлигини айтишди. Бола пули оладиганларга нафақа пулини қирқамиз, агар пахтага чиқмасанг дейишди”, дейди Мустақиллик маҳалласида яшовчи манба.

Озодлик Мустақиллик маҳалласи раиси Исмоил Латипов билан телефон орқали боғланиб, воқеа юзасидан изоҳ сўради.

Латиповга кўра, ҳақиқатан Дилором ҳомиласини йўқотишидан бир кун аввал унинг уйига боришган. Лекин у ҳомиладор келинчакни пахтага чиқишга мажбурлаш ҳолати бўлганини инкор қилиб, воқеада келинчакнинг ўзи ва оиласини айблашга уринди:

- Биз уни мажбурлаб чиқарганимиз йўқ. Уйида хўжайини, иккита қайниси ишсиз. “Пахта сезон бошланди, сизлар ҳам пул ишлаб олинглар”, деб уйига бордик. Келини мен ҳаво алмашлаб келай, мен чиқиб келай, деб чиқди. Уни ҳеч ким зўрлагани ҳам йўқ, бошқа ҳам қилгани йўқ. Бунинг ўзи чиққан. Менинг ўзим шу куни гаплашганимда айтди, “Ҳеч кимга даъвомиз йўқ, келиннинг ўзи бекор чиқди” деб қайнонаси гапирди, - деди Исмоил Латипов.

Айни пайтда Мустақиллик маҳалласида яшовчи Озодлик манбаларига кўра, ҳомиладор аёлнинг пахта даласида ҳомиласидан айрилганидан сўнг туман ҳокимлиги расмийлари Дилоромнинг уйига келиб, унинг оила аъзолари билан “тушунтириш” ўтказган:

“Ҳоким ўринбосари Марҳамат опанинг шахсан ўзи келган. Милициядан ҳам боришган. Улар воқеанинг шов-шув бўлиб кетишининг олдини олиш мақсадида, Дилоромнинг уйидагилари билан гаплашиб, ҳаммасини бости-бости қилишган. Уйидагилар ҳозир “Айб ўзимизда, ҳеч кимдан даъвомиз йўқ” деган гапни гапиришаяпти”, дейди Мустақиллик маҳалласида яшовчи Озодлик манбаси.

Озодлик Дилоромнинг турмуш ўртоғи Фахриддин Абдусаломов билан боғланган пайти, у рафиқасининг ҳомиласидан айрилгани пахта сиёсати билан боғлиқлигини инкор қилди:

- Пахта-махта бўлмаган. Уйда шунақа бўлди (бола тушди демоқчи. -таҳр). Нотўғри маълумот беришган сизга. Уйда юрибди, - деди Фахриддин ва рафиқаси билан гаплашишимизга рухсат бермади.

Зарбдордан олинган сўнгги маълумотга кўра, Дилором Жўраева билан боғлиқ воқеадан сўнг туманда ҳомиладор аёлларни пахтага чиқариш тўхтатилган бўлиб, ҳозирда 1-2 ойлик ҳомиласи борлар ҳам пахтага чиқирилмаяпти.

Ёш болали оналарни фарзандлари учун бериладиган нафақа пулини қирқиш таҳдиди билан пахтага жалб қилиш Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилмоқда. Бу ҳақда жорий йил пахта манзарасини ёритаётган PaxtaGram саҳифаси орқали қатор хабарлар берилаяпти.

XS
SM
MD
LG