Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:59

Пахта-2018: Андижоннинг Улуғнорида "кўнгилли" ҳашарчилар уч кун оч қолди


Андижон вилояти сув хўжалиги ташкилотлари теримчилари Улуғнор туманида
Андижон вилояти сув хўжалиги ташкилотлари теримчилари Улуғнор туманида

Андижон вилоятининг Улуғнор туманига пахта теришга мажбуран жўнатилган вилоят сув хўжалиги тизимидаги ташкилотлар ходимлари меҳнатларига озиқ-овқат таъминоти ёмонлигидан Озодликка шикоят қилди.

Ходимларнинг айтишича, улар яшайдиган жойда ювиниш учун шароит йўқ, кир бўлган кийим-кечакни эса, зовур сувида ювишга мажбур бўлмоқда.

Улуғнор тумани пахта штабининг мулозими, ҳашарчилар учун барча шароитлар муҳайё этилганини таъкидлар экан, Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди.

"Ихтиёрий" тилхат

Андижон вилоят, Бўз туманидаги сув хўжалиги ташкилотидан Улуғнор туманига пахта теримига сафарбар этилган, исми сир қолишини истаган ишчилардан бирининг Озодликка айтишича, қарийб 500 нафар теримчи Мингбулоқ қишлоғидаги болалар лагерига жойлаштирилган:

- Пахтага юборишдан олдин ҳар биримиздан “ўз ихтиёримиз билан теримга боряпмиз”, деб тилхат ёздириб олишди. Каримов даврида ҳам шундай эди, ҳозир ҳам шундай. Ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Келганимга бир ҳафтадан ошди, ҳеч қайси раҳбар, ҳолинг қандай деб сўраб келмади”, дейди ишчилардан бири.

Андижон вилояти сув хўжалиги ташкилотлари теримчилари Улуғнор туманида
Андижон вилояти сув хўжалиги ташкилотлари теримчилари Улуғнор туманида

“Биринчи уч кун овқатсиз қолдик”

Сув хўжалиги ташкилоти ишчиси теримчилар ноқулай шароитларда пахта тераётганини бирма-бир санаб ўтди.

Унинг айтишича, дастлабки уч кунда деярли оч қолишган:

- Пионер лагерда ётибмиз. Палаткалари бор, хоналари бор. Тўғри унчалик хароб эмасу, лекин чидаса бўлади. Келган кунимиз уч кун оч қолдик, десак ҳам бўлади. Бизни олиб келишганда овқатларингни фермер қилиб беради, дейишган эди. Лекин фермерлар униси бунисига, буниси унисига ташлаб, овқат қилиб бермади. Кейин ташкилотимиз ўзи овқат қилиб беришни бўйнига олди. Бир кунлик овқат эса 11 минг сўмданга тушяпти. Бу пулни бизнинг маошимиздан қайтариб олар экан, дейди ишчи.

Андижон вилояти сув хўжалиги ташкилотлари теримчилари Улуғнор туманида
Андижон вилояти сув хўжалиги ташкилотлари теримчилари Улуғнор туманида

“Яшасин макарон!”

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир ҳашарчи-теримчининг айтишича, уларнинг егани фақат макарон бўляпти:

“Эрталаб бир дона оқ қанд, 20 грамм сариёғ беради. Тушликка эса келганимиздан бери фақат макарон, макарон. Резина этик кийиб қидирсанг, унинг ичидан битта-яримта гўшт топасан, бўлмаса йўқ. Кечқурунлари баъзан шавла ёки мастава ҳам бўлиб қолади”, дейди ишчилардан бири.

“Биз мол эмасмизку”

Ҳашарчининг айтишича, теримчилар учун оддий ювиниб олиш хоналари ҳам йўқ:

“Бизда ҳаммом тугул, оддий сувни иситиб ювиниб олишга ҳам шароит йўқ. Пахтадан терлаб-пишиб келамизда, совуқ сувга чайқалиб оламиз. ёнимиздаги дўкондан совун, порошок харид қилиб, зовур-заканларда кирларимизни ювиб оламиз. Баъзилар, совуқда ювингани эриниб, сасиб кетади. Ҳашарчи чақирганингдан кейин, шароитини ҳам қилиб бер-да. Ахир биз мол эмасмизку, биз одаммиз!”, деди сув хўжалиги ташкилоти ишчиларидан бири.

Улуғнор туман пахта штабининг ўзини таништирмаган мулозими, Озодлик билан суҳбатда ҳашарчиларга шарт-шароитлар яратилмаганига оид иддаоларни инкор қилди:

- Бўлиши мумкин эмас унақа нарса. Келиб кўзингиз билан кўришингиз мумкин. Барча шароитлар муҳайё қилиб берилган. Ҳар куни хабар олиб турибмиз”, деди мулозим.

5 сентябрь куни пахта йиғим-теримига бағишланган ҳукумат селекторида Бош вазир Абдулла Арипов бу йилги пахта йиғим теримига 18 ёшга тўлмаганлар, мактаб ва бошқа таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда тиббиёт ходимларини жалб этиш қатъиян тақиқланганини таъкидлаган эди.

Айни пайтда¸ маҳаллий матбуот бу йилги пахта теримига 2 миллион теримчи жалб қилиниши ва шу мақсадда мамлакат бўйича жами 26 мингдан ортиқ "кўнгилли отряд" ташкил этилишини билдирди.

Бироқ тақиққа қарамай, айрим жойларда аҳоли мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани тўғрисида Озодликка маълумотлар келиб тушмоқда.

Масалан, 12 сентябрь куни Андижон электр тармоқлари корхонаси ва “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг Андижон вилоят филиали ходимлари айни кунларда ўз ишхоналарида хизматчиларни 50 фоизига қадар ëтоқлик пахта теримига жўнатиш бошланганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG