Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:32

Бухоролик фермер: хўжаликлар пахтани қўшиб ёзишга мажбурланмоқда


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Бухоро вилояти туманларида режани бажариш учун фермер хўжаликлари пахтани қўшиб ёзишга мажбурланмоқда.

Бу иддаони Бухоро вилоятининг Жондор туманида ишлаётган фермер Озодликка айтди.

Фермер ўз иддаосини “Пахта мониторинг” ахборот тизимидан олинган расмий ҳисобот ва ўз суриштируви натижаси билан исботлашга уринди.

Жондор туманидаги пахта қабул қилиш ва уни қайта ишлаш заводи директори Озодликнинг қўшиб ёзишга оид саволига жавобан уни "аралаштирмасликни" сўради.

Жондор туман ҳокими ўринбосари, “пахта режасини бажаришда “приписка” бўлмаган ва бўлмайди ҳам”, деди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси бу йилги пахта мавсумида Қорақалпоғистон ва Хоразмда пахтани қўшиб ёзиш ҳолатларини аниқлаган эди.

Жондор туман прокурори секторида пахта етиштираётган, хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг Озодликка айтишича, туманда пахтани қўшиб ёзиш ҳолатлари кузатилмоқда:

“Мен сизга факт билан гапираман. Приписка ҳолатлари бўлган скриншотларни юбораман. Сектор раҳбарлари бўлган ҳоким, прокурор ва ИИБ бошлиғи ҳудудларидаги фермер хўжаликлари ўнлаб тонна пахтани приписка қилмоқда”

Фермернинг республика “Пахта мониторинг” ахборот тизимидан скриншот қилиб олиб, Озодликка тақдим этган ҳужжатларда фермерларнинг қабул пунктига ҳар кунлик топширган пахта тоннаси акс этган.

"Бозорбобо Жондорий" фермер хўжалиги топширган "0" рақамли юк хатлари
"Бозорбобо Жондорий" фермер хўжалиги топширган "0" рақамли юк хатлари

Шулардан бирини фермер Озодликка бундай деб тушунтириб берди:

Бу 0 рақамлиларнинг бари приписка эканидан далолат беради


“Мана мисол. Прокурор секторидаги “Бозорбобо Жондорий” фермер хўжалиги 6 марта 0 рақамли юк хати билан пахта топширган. Биринчидан, 0 рақамли юк хати бўлмайди. Фермернинг қўлидаги ҳақиқий накладнойларга 1,2,3 ва ҳоказо деб рақам қўйилади. Мана шулардан бири 20 октябрдаги 0 рақамли юк хатига қаранг. 15 тонна 100 кг пахта топширилган. Пахта олиб борилган куни 20 октябрь, қабул вақти эса 3 ноябрь соат 04.50. Орадаги фарқ 14 кун.

Яна 27 октябрь куни 14 тонна 900 кг олиб бориляпти, қабул вақти эса ўша 3 ноябрь, соат 04.50. Орадаги фарқ 7 кун. Тартиб рақами нормалний қўйилган юк хатларида пахта ўша куни топширилиб, ўша куни қабул қилинган. Бу 0 рақамлиларнинг бари приписка эканидан далолат беради”.

Фермернинг айтишича, приписка қилинган пахтанинг тоннаси ҳам бошқа кунларга нисбатан ҳаддан ташқари катта кўрсатилган:

“Масалан, 0 рақамли юк хатидан бир-икки кун аввал топширилган бир кунлик пахта 2 дан 5 тоннагача, булар эса бир заходда 15 тонна атрофида. Ақлга сиғмайдиган тонналар”.

Фермер туман ҳокими ва ИИБ бошлиғи секторларидаги фермер хўжаликлари топширган пахта рўйхатини кузатиб, уларда ҳам 0 рақамли юк хатларини ошкор қилганини айтади:

ИИБ бошлиғи секторидан ҳам истаганча 0 рақамли юк хатлари топишингиз мумкин


“Масалан, ҳоким секторидаги “Муҳаммад Саид Аҳмад” фермер хўжалиги учта 0 рақами билан жами 9870 кило пахта топширган. “Муҳаммад Сардор Зокиршоҳ” фермер хўжалиги 3 та юк хати билан 10270 кило топширган. ИИБ бошлиғи секторидан ҳам истаганча 0 рақамли юк хатлари топишингиз мумкин”

"Муҳаммад Саид Аҳмад" фермер хўжалиги топширган "0" рақамли юк хатлари
"Муҳаммад Саид Аҳмад" фермер хўжалиги топширган "0" рақамли юк хатлари

Озодлик “Пахта мониторинг” ахборот тизимини мустақил кузатар экан, вилоятнинг бошқа туманларида ҳам 0 рақамли юк хати билан пахта топширилганига гувоҳ бўлди.

Фермер бу сайтга кириш кодини ҳам Озодликка тақдим қилди.

Жумладан, Бухоро туманидаги ҳоким секторида “Муяссар Қобил” фермер хўжалиги 8810 килограмм, прокурор секторидаги “Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалиги 5210 килограмм, “Бафо Мардон Шариф” фермер хўжалиги 8400 килограмм, ИИБ бошлиғи секторидан “Илёрбек Улуғбек файз”, “Новмета асл зодаси” “Жаҳонгир Нигинабону”, Бобир Нодир Собир”, “Мардон Мирзо” фермер хўжаликлари 6 дан 29 тоннагача 0 рақамли юк хатлари билан пахта “топширган”.

"Муяссар Қобил" фермер хўжалиги топширган "0" рақамли юк хатлари
"Муяссар Қобил" фермер хўжалиги топширган "0" рақамли юк хатлари

Озодликда “Пахта мониторинг” ахборот тизимидаги юқорида номлари тилга олинган фермерлар ва бошқа фермерларнинг пахта топшириш жараёни акс этган рўйхатнинг скриншотлари мавжуд.

Фермернинг иддао қилишича, бу қўшиб ёзиш туман пахта режасини бажарилган қилиб кўрсатиш учун қилинмоқда:

Эртага план бажарилганидан кейин бу 0 лар олиб ташланади


"Сектор раҳбарлари бўлган ҳоким, прокурор ва ИИБ бошлиқлари план бажарилмагани сабаб юқоридан гап эшитмаслиги учун шу ишни қилмоқдалар. Мана ҳозир, сайтда ўша 0 рақамли юк хатлари турибди. Эртага план бажарилганидан кейин бу 0 лар олиб ташланади. Қорлар ёғилиб, излар кўмилиб кетади"

"Мирзаён" фермер хўжалиги топширган "0" рақамли юк хатлари
"Мирзаён" фермер хўжалиги топширган "0" рақамли юк хатлари

Озодлик 13 ноябрь куни Жондор туманидаги пахта қабул қилиш ва уни қайта ишлаш заводи директори Бахтиёр Саидов билан боғланиб, 0 рақамли юк хатларига изоҳ сўрашга ҳаракат қилди.

Пахта заводи директори эканлигини тасдиқлаган Бахтиёр Саидов Озодлик радиосидан қўнғироқ бўлаётганини эшитгандан сўнг, ёнидаги шахсга “Озодлик радиосидан телефон қилишяпти, бир масала ҳақида фикр сўрашяпти, гаплашайми?, деб сўради. У шахс “йўқ” деди шекилли, директор “ҳозир ўзим қайтиб чиқаман” деди-да алоқани узди.

Бахтиёр Саидов қайтиб қўнғироқ қилмади. Озодлик бир соатдан сўнг яна директор билан боғланганда, уни ҳеч нарсага аралаштирмасликни илтимос қилди:

Озодлик: - Қайтиб телефон қиламан дегандингиз, кутдик, қилмадингиз. Яна қайтиб чиқяпмиз. Приписка бўйича саволимиз бор эди

Саидов: - Акажон, илтимос мени ҳеч нарсага аралаштирманг. Мен далада ишлаяпман. Мен фермерман.

Озодлик: - Боя директорман дедингизку?

Саидов: - Йўқ, акажон мен фермерман, даладаман.

Озодлик: - Боя завод директор эканлигингизни тан олдингиз, менда сизнинг заводингиздаги “приписка” масаласида саволим бор эди?

Саидов: - Йўқ ака. Мен ҳеч нарсани билмайман, мени тинч қўйинг, менга бошқа телефон қилманг.

Озодлик Жондор тумани фермерлар кенгаши раиси Жамол Ҳамроев билан боғланиб, 0 рақамли юк хатлари ҳақида сўради:

“Бу ишлардан хабарим йўқ, мен далада ўтираман, хлопзаводга борганим ҳам йўқ. Юк хатини ҳам, бошқа нарсаларни ҳам тушунмайман, узр”.

Жондор тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Раҳмон Саидов пахта режаси бажарилишида қўшиб ёзиш ҳолатининг борлигини кескин инкор этди:

“Унақа гап бизда мутлақо бўлгани ҳам йўқ. Қўшиб ёзиш деган нарса мумкин ҳам эмас, бўлмайди ҳам. Пахтани фермер топширади, кластер қабул қилади. Биз уларнинг ишига аралаша олмаймиз ҳам”.

Ҳоким ўринбосари “Пахта мониторинг” ахборот тизими сайтига кирмагани учун (?!) “0” рақамли юк хатларидан хабари йўқлигини айтди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг телефонига ҳеч ким жавоб бермагани учун бу масалага вилоят ҳокимлигининг муносабатини олиш имкони бўлмади.

Қўшиб ёзиш тарихи

Ўзбекистонда "приписка - қўшиб ёзиш" тарихи ўтган асрнинг 70-80 йилларига бориб тақалади. 80-йилларда "Пахта иши" билан юзлаб ўзбекистонлик раҳбарлар, колхоз-совхоз раислари, пахта заводлари мулозимлари қамалган эди.

Ислом Каримов президентлиги даврида ҳам қўшиб ёзиш ҳолатлари давлат мулкини талон-торож қилиш билан номланиб, бир қанча раҳбар жиноий жавобгарликка тортилган.

Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг, Бош прокуратура Ўзбекистоннинг бир неча туманларида қўшиб ёзиш ҳолатлари бўлганини аниқлаб, уни ошкор қилди.

Жумладан, октябрь ойида Бош прокуратура матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, «Шуманай пахта қабул қилиш маскани» мансабдор шахслари «Ж» фермер хўжалиги томонидан жорий йилнинг 13-15 сентябрь кунлари 2.580 кг пахта хомашёси топширилган бўлсада, юк хатлари ва «ECAS» электрон дастурига сохта маълумотлар киритиб, умумий қиймати 20,8 млн. сўм бўлган 5.940 кг. пахта хомашёсини қўшиб ёзиб, ҳужжатларни сохталаштирганлиги аниқланган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, «Қўшкўпир пахта тозалаш» АЖ мансабдор шахслари «С.Р.» фермер хўжалиги раҳбари О.К. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, жамиятга кирим бўлган 2.490 кг. пахта хом ашёсини қайта жамиятга топшириш учун олиб кирган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. Бу ҳақда ЎзА хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG