Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:19

Қашқадарёда мактаб ўқувчилари ҳам пахтага чиқарилди


Қарши туманидаги 39-сонли мактабнинг 8-9-10 синф ўқувчилари пахта тераётган Патрон қишлоғидаги дала.
Қарши туманидаги 39-сонли мактабнинг 8-9-10 синф ўқувчилари пахта тераётган Патрон қишлоғидаги дала.

Қашқадарёдаги айрим мактабларнинг юқори синф ўқувчилари бир ҳафтадирки, пахта теримига жалб қилинди. Ўқувчилар ва улар ота-оналарининг айтишича, болалар мактабда икки соат ўқигач, далага ҳайдалаяпти. Андижонда эса ўқувчилар ўрнига уларнинг ота-оналари пахтага чиқишга мажбурланмоқда.

Қаршилик ўқувчилар далада

Қарши туманидаги 39-сонли мактабнинг 8-9-10 синф ўқувчилари дарс пайти Патрон қишлоғи далаларида пахта тераяпти. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган манбанинг айтишича, шанба-якшанба кунлари ўқувчилар куни билан далада, бошқа кунлари 1-2 соат ўқиб, кейин пахта теримига чиқарилаяпти.

“Потрон қишлоғидаги 39-сонли мактабда ўқувчилар пахта теримига чиқарилди. Ўқувчилар ҳар куни 1 соат ёки 2 соат ўқиб, пахтага чиқарилаяпти. Шанба-якшанба кунлари эса ўқувчилар куни бўйи далада”, дея хабар қилди патронлик манба.

Вазиятни ўрганган Озодлик мобил мухбири Патрон қишлоғи далаларида пахта тераётган ўқувчилар билан суҳбатлашиб, уларни фото ва видео тасвирга олди. Бироқ суҳбатлар ва видеотасвирлар ўқувчилар хавфсизлигини ҳимоялаш мақсадида эълон қилинмаяпти..

Озодликка гапирган ўқувчилар ўзларининг бир ҳафтадан буён пахта тераëтганларини айтди.

“10-синфлар бир ҳафтадан буён пахта теаяпти. 9- синфлар сешанбадан чиқди пахтага, 2 соат ўқиб, кейин пахтага чиқаяпмиз, шанба-якшанба эса кун бўйи пахтадамиз”, деди ўқувчилар.

Ўқувчилардан бирининг онаси ҳам Озодлик билан суҳбатда 9-синфда ўқийдиган ўғлининг бир ҳафтадан буён пахта теришга чиқарилганини айтди.

“Ўғлим эрталаб мактабга кетиб, 2 соат ўқиб келади. Кейин уйга келиб кийимларини алмаштириб¸ далага кетади. Ҳали пахта пулини беришмади. Юқори синфларнинг ҳаммасини пахтага чиқишга мажбурлаяпти. Ким бўларди¸ ҳокимликда!” деди ўқувчилардан бирининг онаси.

Мобил мухбир Қарши туманидаги 39-сонли мактабга бориб олган сурат
Мобил мухбир Қарши туманидаги 39-сонли мактабга бориб олган сурат

Яккабоғ ва Шаҳрисабз ўқувчилари ҳам далада

Озодликка йўлланган яна бир хабарга кўра, Қашқадарёнинг Яккабоғ тумани мактаблари ўқувчилари ҳам далага ҳайдалган.

“Яккабоғ туманидаги қишлоқ мактабларининг 8-9-10 синф ўқувчилари бугундан бошлаб пахта теришга мажбурий жалб қилинди. Туман расмийлари барча мактабларга 20 сентябрь куни айтиб чиқди”, дея хабар қилди яккабоғлик манба.

Шаҳрисабзлик манба ҳам юқори синфлар ўқувчилари пахтага ҳайдалганини хабар қилди.

"Шаҳрисабзда 7-синфдан 10- синфгача барча ўқувчилар ва ўқитувчилар мажбурий пахта теримига чиқарилмоқда. Чўлга боришга соғлиги кўтармаганлардан ўрнига одам юбориш талаб қилинди”, дея ёзди шаҳрисабзлик манба.

Қашқадарё Халқ таълими бошқармасининг Озодлик боғланган расмийлари ўқувчиларнинг пахта теримига чиқарилганини қатъий инкор қилди.

Айни пайтда вилоят халқ таълими тизимида ишловчи ходимлардан бирининг шахси сир қолиш сўрови билан айтишича¸ вилоят ҳокимлиги томонидан ўқувчиларни пахтага чиқариш масаласини қаттиқ сир сақлаш¸ ошкор бўлган тақдирда¸бундай ҳолатни бутунлай инкор қилиш топширилган.

Андижонда ўқувчиларнинг ота-оналари далада

Андижоннинг Шаҳрихон шаҳридаги мактабларнинг 1-синфдан 10- синфгача бўлган ўқувчилар ота-оналаридан пахтага чиқиш талаб қилинди¸ деб хабар қилди Озодликка шаҳардаги 6-сонли мактабнинг 1-синфида ўғли ўқийдиган оталардан бири:

- Ўғлим ҳали энди борди мактабга. Директор ота-оналарни йиғиб, “ҳаммангиз пахтага чиқасиз”, бу мажбурий деган гапни айтишди. Ҳозир ота-оналар боласи учун пахтага чиқиб¸ норма бўйича тераяпти¸ дейди ўғли 1-синфда ўқийдиган ота.

Ўқувчилардан пахта учун пул йиғилмоқда

Асака туманидаги 59-мактаб ўқувчилари ота-оналаридан пахта терими учун пул йиғилаётганини хабар қилди Озодликнинг бу ҳудуддаги яна бир манбаси.

“Асака тумани 59-мактабда пахта бўйича бугун мажлис бўлди. 58-мактабда ҳам шунақа пахта бўйича мажлис бўлди. Ҳар бир синфнинг ота-оналар раиси пул йиғиб бераяпти. Уч юз минг сўмдан ҳар бир синф бериши керак. Гапирсак¸ вилоят хокимининг топшириғи деб осонгина қутуляпти", дея хабар қилди 59-мактабда ўғли ўқийдиган ота.

Суҳбатдош 59-мактаб раҳбариятининг ота-оналардан пахта учун пул сўрагани акс этган йиғилишнинг ёзиб олинган аудиосини Озодликка жўнатди. Лекин манба хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аудио ёзув эълон қилинмаëтир.

19 сентябрь куни БМТ бош минбарида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда болалар меҳнати¸ умуман мажбурий меҳнатга барҳам берилгани ҳақида баëнот қилди.

XS
SM
MD
LG