Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:40

Ўзбек тили: Ҳукмрон элитадан умид йўқ - Сардор Салим


Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев. Иллюстратив сурат.
Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев. Иллюстратив сурат.

Қалтироқ босган маҳлуқманми ёки ҳаққим борми? Бугун зиёлиларимиз ўзига шу саволни бериб, аниқлаштириб олиши лозим, чунки уларсиз кўп нарса бажарилмай қолиб кетяпти.

Ўзбек тили жамиятдаги ўрни борасида ҳозирда икки ундовга учраган: биринчиси, ўзбек жамиятнинг (ва демак, тилининг) умумий таназзули бўлса, иккинчиси ҳукмрон элитанинг тил ислоҳотини яққол саботаж қилиши ва пайсалга солишидир.

Биринчи муаммога тўхтаб ўтирмаймиз, чунки бу жуда катта, мураккаб мавзу. Иккинчи муаммо, бугун бир қатор масалаларда амалдорларнинг сиёсий ирода ва хоҳишининг йўқлиги тобора аён бўлмоқда. 90-йиллардаги, ташқи сиёсат талабларига биноан ўзгарган алифбо қоидаларидан, (20)00-йиллардаги бу мавзуга қўйилган тақиқлардан тортиб, "янги" Ўзбекистон давридаги тил ислоҳоти борасидаги жўшқин фаолият имитациягача деярли 30 йилдан бери пайсалга солинаётган тил ислоҳоти ҳукмрон элиталар томонидан турли сабабларга кўра, бу жараённи орқага қайтариб бўлмаса, камида саботаж қилинаётгани, пайсалга солинаётгани яққол кўринмоқда.

Масалан, 2018 йилнинг бошида Бош вазир ва Президент девонида тасдиқланган режага кўра, 2021 йилдан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтиш керак эди.

«Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режаси»га кўра:

  • амалдаги қонун ҳамда ҳукумат қарори яна-да такомиллаштирилиши.
  • тегишли қонунчилик талаблари сўзсиз бажарилишини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилиши.
  • Ўзбек тилидаги реклама матнлари ва лавҳалари лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилиши таъминланиши керак эди. 2019 йилнинг июли охирги муддат сифатида кўрсатилган.
  • Босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида фаолият юритиши тўлиқ таъминланади.


Буларнинг барчаси 2020 йилнинг охирига қадар тўлиқ уддаланиши керак эди. Натижа қани?

Энг ачинарлиси, бу ҳаракатлардан аввалги босқич бўлмиш имло ислоҳоти ҳаттоки амалга оширилмади. Ўзбек тили ва адабиёти университети қошида тузилган ишчи гуруҳ икки йил ишлаб, ҳукуматга ўз таклифларини 2018 йил охирларидаёқ киритган. Мана икки йилдирки, олимлар таклиф этган лойиҳа сиёсатчилар томонидан пайсалга солинмоқда.

OzodNazar: Неожадидлар ким? Улар ва жадидлар шу кун воқеаларини қандай шарҳлаган бўларди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:36:27 0:00


Аслида, ҳукмрон элита тил ислоҳотини пайсалга солаётгани таажжублантирадиган ҳолат ҳам эмас; тарихимизга қарасак, Ўзбекистонда пичоққа илинадиган барча ташаббуслар доимо ва деярли фақат зиёлилардан чиққан, бу ташаббуслар амалдорларнинг баъзида шиддатли, баъзида яширин қаршилигида амалга оширилган. Ҳаттоки ўзбек миллати (этноси эмас!) аввало жадидлар деб танилган мусулмон зиёлиларининг "тасаввуридаги жамоа" сифатида вужуда келди, бу "тасаввурдаги жамоа" Фитрат ва унинг шогирди Файзулла Хўжаевнинг фаол иштирокида ҳозирги Ўзбекистон шаклида ҳаётга тадбиқ этилган.

Ўзбек маданий ижодкорлик доимо давлат институтларига параллел равишда ёки улардан ташқарида олиб борилганига гувоҳ бўламиз:

  • 1921 йили тил ва орфография ислоҳотига бағишланган биринчи қурултойни ташкил этган Чиғатой гурунги ҳам;
  • 1922 ва 1923 йилларда биринчи ўзбек талабаларини хориж университетларига юборган хайрия жамғармалари;
  • ёки «Янги ҳаёт дўстлари» ҳам давлат билан расман боғлиқ бўлмаган. Бу ташкилотларнинг барчаси кейинчалик давлат томонидан тақиқлаб қўйилган.


"Перестройка" даври ва илк мустақиллик йиллари билан боғлиқ нимаики ижобий ютуқлар бўлса (энг асосийси, Мустақиллик эълон қилиниши, тил муаммоси кўтарилиши, эркинлик учун парламентдаги курашлар, пахта зўравонлигига қарши кураш ва ҳк.), булар ҳам зиёлилар фаолияти билан боғлиқ, амалдорларнинг эмас. Баъзи далилларга кўра, Ўзбекистон раҳбарияти пинҳона СССРни сақлаб қолмоқчи бўлган ГКЧП тарафида бўлган ва Мустақилликни мажбуран (жумладан, зиёлилар босимига жавоб сифатида) эълон қилган.

Демак, бугун ҳам тил ислоҳоти (ҳамда қатор бошқа муҳим ташаббуслар) яна ўша зиёлилар ва жамоатчиликнинг “фарзи кифоясига” айланган.

Ортиқ, давлатдан ҳеч нарса кутмасдан, бу вазифага жамиятнинг ўзи эга чиқиши керак. Ҳукуматдан садо чиқмайдиганга ўхшайди, чиқса ҳам биз кутган натижани бермаса керак.

Сардор Салим

Блогер ва жамоатчилик фаоли.

(Фейсбук саҳифасидан олинди)

Таҳририятдан: OzodTarmoq рукнидаги муаллифларнинг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.

Форум

XS
SM
MD
LG