Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:48

OzodTarmoq: Конституциямизда қабила сардорига ўрин йўқ


Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ва ўша пайтдаги Бош вазир Шавкат Мирзиёев Мустақиллик кунига бағишланган тантанали концертда - Тошкент, 31 август, 2007 йил
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ва ўша пайтдаги Бош вазир Шавкат Мирзиёев Мустақиллик кунига бағишланган тантанали концертда - Тошкент, 31 август, 2007 йил

8 декабрь куни Ўзбекистон мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг навбатдаги, 28 - санасини нишонламоқда. Ҳар йили айни сана арафасида ўтадиган расмий маросим бу йил коронавирус пандемияси боис қолдирилган. Президент Мирзиёев "Ўзбекистон халқига байрам табриги"да ўтган йилларда Конституцияга киритилган ўзгартиришларни ҳимоя қилган. Унинг сўзларига кўра, бу ўзгартиришлар "кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотлар"нинг асосини ташкил этмоқда.

Президент мамлакат асосий қонунига бундан кейин ҳам қўшимча ўзгартиришлар киритилиши мумкинлигига ишора қилган. Таҳлилчилар бу ўзгартиришларнинг ўтмишда, асосан, президент Каримов ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва узайтириш мақсадида амалга оширилганини айтишади. Ўзбекистон Конституцияси дунёда энг кўп ўзгартирилган конституциялардан бири ҳисобланади.

Журналист Сардор Салимнинг Телеграмдаги FikrLab каналида ёзишича, Ўзбекистон Конституциясини ислоҳ қилишга эҳтиёж бор, аммо ўзгартиришлар ўтмишда бўлгани каби президент ҳокимиятини мустаҳкамлаш эмас, балки аксинча, унинг қудратини жиловлашга қаратилиши керак. Қуйида ушбу мақола муаллифнинг розилиги билан тўлиқ ва таҳрирсиз эълон қилинмоқда.

OzodTarmoq рукнидаги блог муаллифларининг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.

Конституциямизда қабила сардорига ўрин йўқ...

Яп-янги (ҳозирги, “янги Ўзбекистон”дан кейин келадиган) Ўзбекистонда иккита нарсани тубдан қайта кўриб чиқиш шарт: амалдаги Мадҳия билан Конституцияни.

Ҳар қандай Конституция аслида кимнингдир “хавотир, қўрқувларининг аксидир.”

Ҳозирги, 1992 йилда қабул қилинган Конституция биринчи президент Ислом Каримовнинг хавотир-ҳадиксирашларининг аксидир. Ислом Каримов нимадан хавотирланган: у Ўзбекистонда Жаннат яратмоқчи бўлиб, бунда унга ҳалақит қилиши мумкин бўлган ҳар қандай сиёсий кучдан хавфсираган. Натижада президентга қарши бориши мумкин бўлган суд, ҳукумат (Вазирлар Маҳкамаси) ва парламент институтлари атайлаб заифлаштирилиб, бутун ҳокимият шахсан президент ва унинг иродасини ижро этувчи, Конституцияда ҳатто тилга олинмаган Президент Аппаратида мужассамлаштирилган. Президентнинг миллат тақдирини бир ўзи белгилаш мутлақ ваколати, бунда унга эътироз билдириши мумкин бўлган куч бўлмаслиги Конституцияда белгиланган давлат ҳокимиятининг ташкил этилишида ҳам ўз аксини топган. Бу ҳолат, 2010 йиллардан бошланган косметик ўзгаришлар билан, бугунгача давом этиб келмоқда.

Бугун эса Конституция Ўзбекистоннинг асл эгаси, давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи бўлмиш миллатнинг қўрқув, хавотирларини акс этиши пайти келди.

Миллат нимадан хавфсираяпти: амалдорлар, жумладан президентлар Ўзбекистонда Жаннат қурмасин, Жаҳаннамга айланиб кетаётган Ўзбекистонни ислоҳ қилсин, етар. Шу ҳадиклардан келиб чиқсак, сиёсий кун тартибининг асосий пункти шахслар ҳукмронлигидан формал институтлар ҳукмронлигига ўтиш, алоҳида шахсларнинг норасмий иродаларидан расмий қонун ва қоидалар устунлигини таъминлаш бўлиб турибди.

Ўзбекларда бир кичик камчилик бор: ким ўзини қабила сардори деб эълон қилса, шунга сиғиниб юборамиз. Қабила сардоринг яхши бўлса, берди Худо, ёмон бўлса, урди Худо деганларидек, қабила сардори маърифатпарвар, ислоҳотпарвар бўлса, майлин-у, аммо, лекин…Миллатини бадавлат қилган ҳар бир Ли Куан Юга ўз қабиласини хор қилган 99 та Мугабелар тўғри келади.

Мана шунинг учун ҳам Конституциямизда якка ўзининг иродасини ўтказиши мумкин бўлган қабила сардорларига ўрин йўқ бўлиши шарт. Биз бутун миллат тақдирини бир инсон қўлигагина топшириб қўя олмаймиз. Яъни, президент иродасини, ваколатларини чеклаб турувчи кучли парламент, ҳукумат ва суд бўлиши шарт. Ҳозир, масалан, Конституцияда жиноят (масалан, хиёнат) қилиб қўйган президентни лавозимидан олиб ташлаш процедураси (импичмент) ҳатто кўзда тутилмаган. Бу бошқа миллатларда (балким, Шимолий Кореадан бўлак) деярли учрамайдиган ҳолат.

Демак, амалдаги Конституцияни янгилаш керак. Уни шундай тарзда янгилаш керак-ки, қомус Жаннатни қуришга эмас, узил-кесил Жаҳаннамни ўрнатилмаслигига кўмаклашсин. Буни фақатгина ўйин майдонида ҳам ҳакамлик қилаётган, ҳам асосий ўйинчи бўлган президентни майдондан четлаштириш орқали амалга ошириш мумкин.

Шуни назарда тутиб, қуйидаги конституцион ўзгартиришларни киритиш мақсадга мувофиқдир:

- Президент давлатчиликнинг барқарорлигини, Конституцияга риоя этилишининг кафили бўлишда давом этади. Лекин рақобатдош сиёсий курашдаги ўйинчилардан бири бўлмаслиги керак. Бунинг учун ундан амалдаги Қомусда кўзда тутилган “давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаш” функциясини олиб қўйиш керак. Мана шу функция президентга деярли барча давлат институти фаолиятига аралашиш учун ҳуқуқий асосни бермоқда.

- Ҳукумат (Вазирлар Маҳкамаси) фақатгина парламент томонидан шакллантирилиши керак. Бош вазир номзодини ҳам Олий Мажлис президентга кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун тақдим этиши керак, ҳозиргидек, акси эмас.

- Президентнинг судяларга таъсирини чеклаш керак. Ҳозирда президент Конституциявий, Олий суди таркибларига ва раёсатига, Судялар олий кенгашининг раислигига судялар номзодларни тақдим этади ва Судялар олий кенгашига таъсири орқали қолган барча судяларни тайинлаш ва лавозимдан четлаштиради, бу ваколатларни ундан олиб ташлаш керак.

- Президентлар илдиз отиб кетмаслигини, умрбод ҳукмрон бўлиб қолиш мақсадида маъмурий ресурсдан фойдаланишини олдини олиш мақсадида президентликни бир шахс учун, масалан, етти йиллик бир муддат билан чеклаш керак.

- Барча силовикларни президентга бўйсундириш катта хатó ва катта муаммоларга олиб келади. Буни илк ўзбек парламентидаги мухолиф депутатлар ҳам Ислом Каримовнинг юзига айтишган.

Бу ва бошқа ўзгартиришлар президентларнинг мутлақ ҳукмронлигини суд, парламент ва ҳукуматни кучайтириш орқали тийиб туришга олиб келиши мумкин ва бизнинг азалий хасталигимизга – якка ҳокимга сиғиниб кетишимизга - муайян даво бўлиши мумкин. Конституциямиз “сиёсий идора ишларимизни қандай ташкил этсак, золим ёки ноқобил ҳукмдорлар иложи борича камроқ зарар етказиши мумкин” деган саволга жавоб бериши шарт. Кун тартибимиздаги асосий масала ҳам шу.

Албатта, ҳуқуқий нигилизм авжига чиққан ўзбек жамиятида бир парча қоғоз бўлмиш Конституцияга амал қилиш/қилмаслик (ҳуқуқни қўллаш) муаммоси ҳам долзарб.

Шунингдек, яна бир муаммо, Игор Губерман айтганидек,

Не в силах никакая конституция

Устроить отношенья и дела,

Чтоб разума и духа проституция

Постыдной и невыгодной была.

Лекин мана шу ақл ва руҳ фоҳишалиги уятли иш деб қаралиши учун янги ахлоқ керак. Булар эса бошқа, алоҳида мавзу.

XS
SM
MD
LG