Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:57

OzodMikrofon: Ўғлим билан бирга ўғрилик қилган ички ишлар ходимлари жазосиз қолди


Жиззах вилояти Зомин туманидан OzodMikrofon рукнига боғланган 61 яшар Ашурали Шукуров ўғриликда айбланиб маҳкум этилган ўғлини жиноятга ундаган ички ишлар ходимлари жазосиз қолаётганини даъво қилди.

Ашурали Шукуровнинг 27 яшар ўғли Муҳиддин Шукуров мол ўғирлашда айбланиб, 2 йилу 7 ойга озодликдан чеклаш билан жазоланган.

Ашурали Шукуров иддаосича, ўғли ўғриликни “ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда” амалга оширган ва унга нисбатан қийноқ қўлланган.

Жиззах вилояти Зомин туманидаги Бирлик маҳалласи, Найман кўчаси, 57- уйда яшовчи 61 яшар Ашурали Шукуров 5 март куни Озодликка боғланиб, ўғли билан биргаликда ўғрилик қилиб, жазосиз қолган ички ишлар ходимлари ҳам жавобгарликка тортилишини талаб қилди.

Шукуров иддаосича, қассоблик қиладиган ўғли Муҳиддин Зомин тумани Ички ишлар ходимлари билан биргаликда мол ўғирлаш билан шуғулланган:

- Ўғлим ички ишлар ходимлари билан биргаликда ўғрилик жиноятини содир этган. Ўғлим қассоб эди. 2019 йилда ўғлим ички ишлар ходимлари билан яқин бўлган, улар билан бирга юрарди. Ички ишлар ходимлари ўғлимга “Даладан мол ўғирлаб келсанг, ҳеч қандай бармоқ изинг қолмайди. Биз сени ҳимоя қилиб турамиз”, деган. Ўғлим ўшаларнинг кўрсатмаси билан 3та жиноят содир этган ҳақиқатдан ҳам. Зомин тумани Ички ишлари ходимлари билан борди-келди қилиб юриб, шуларнинг гапига кириб, жиноят қилган. Биз яшайдиган жойлар адирлик. Ўғлим адирда ўтлаб юрган молларни ўғирлаб, олиб келиб сўйган. Гўштини Тошкентга олиб бориб, Чорсу бозорида кўтара сотган. Пулни ярмини ички ишлар ходимларига берган, ярмини ўзи ишлатган.

Шукуров иддао қилишича, 2019 йил охирида ўғли билан ички ишлар ходимлари ўртасида келишмовчилик чиққани оқибатида қамоққа олинган:

- Менимча, “пулни ўзингга кўпроқ олиб қолдинг” деб, ўғлимни ушлаб беришган. Ўғлим билан олди-берди қилиб юрган ички ишлар ходимларининг ўзлари Тошкентга бориб, ушлаб олиб келишди. Шу билан ўғлимни қамоққа олишди улар. Заказ билан қилинди, буларнинг барчаси. Ўзлари уюштириб ўзлари қилишди. Ўғлим қўлга тушгач, улар ўғлимни қийнаб, калласига салафан кийгизиб қийнаб, “10 та ишни бўйнингга оласан” дейишади. Ўғлимни қийнаган ички ишлар ходимлари ишдан бўшаб, бошқа жойга қочиб кетишди.

2020 йилнинг май ойида суд ҳукмига кўра, Муҳиддин Шукуров 2 йилу 7 ойга озодликдан чеклаш билан жазоланган.

Ашурали Шукуров ке йинги бир йил давомида турли идораларга шикоят аризаси ёзиб, “ўғли билан ҳамкорликда ўғрилик қилиб, жазосиз қолган ички ишлар ходимларининг ҳам жазоланишини” талаб қилмоқда:

- Республиканинг бутун керакли ташкилотларига ариза билан чиқдим. Ички ишлар вазирлигига 5-6 марта мурожаат қилдим. Бош прокуратурага, парламентга ёздим. Танзила Норбоеванинг ўзига 2 марта ариза ёздим. Шунча жиноятга шерик бўлиб, шунча ишни қилган ички ишлар ходимлари чеккада қолиб кетяпти. Жазосини олсин улар ҳам. Жуда кўп далил фактим бор. Менинг гувоҳларим бор. Менда ўша ўғлим билан ишлаган ички ишлар ходимларининг смслари бор. Кечаси 11-12да смс ёзиб чақирганлари бор. Бу тўғрида Ички ишлар вазирлигига қайта-қайта чиқяпман. Мана бугун яна Тошкентдаман. Кеча Ички ишлар вазирлигига яна шу тўғрида ариза бердим. Ички ишлар ходимлари бу қилаётган жиноятларини қачонгача давом эттиради? Уларни кимдир тўхтатиши керак-ку. Ўзбекистонда қачон таниш-билишчилик тўхтайди? Қачон коррупция тугайди? Ҳар куни ноқононуий ишлар давом этяпти.

Озодлик Ашурали Шукуровнинг иддаолари борасида Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси билан боғланди. Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб аноним қолиш истагини билдирган ИИБ мулозими Ашурали Шукуровнинг шикоят аризаларидан хабари борлиги ва бу аризалар тегишли тартибда ўрганилаётганини айтиш билан чекланди.

Ашурали Шукуровнинг айтишича, ҳозирда ўғли Муҳиддин қассобликни давом эттирмоқда:

- Лекин ўғриликни ташлаган. У ички ишлар ходимларига ишониб, жиноятга қўл урган. Ҳозир уни ўзим назорат қилиб турибман.

****************************************************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG