Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:46

Аҳмадбойга пул бериб "куйганлар" орасида саҳна юлдузлари ҳам бор


Аҳмадбой мавзуси ижтимоий тармоқларни қувноқ ҳазиллар билан тўлдирди.
Аҳмадбой мавзуси ижтимоий тармоқларни қувноқ ҳазиллар билан тўлдирди.

Аҳмадбой Турсуновга пул ва бошқа моддий бойликларни фоиз эвазига берган мижозлар устидан текширув ишларини бошланди.

Улар орасида саҳна юлдузлари ҳам борлиги ҳақида Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идорасидаги манбаси билдирди.

Шунингдек, Россиянинг Sputnik нашри ҳам ўз манбаларига таяниб, “Ўзбекистондаги эстрада ва кино юлдузлари 100 минг долларгача пулларини ва, ҳатто, қўша-қўша қимматбаҳо машиналарини "уддабуррон" фирибгар қўлига тутқазишгани” ҳақида ëзди.

Аҳмадбойга яқин бўлган чинозлик манбанинг Озодликка айтишича, ўнга яқин эстрада ва кино юлдузлари Аҳмадбойга пул ва машина берган.

Улар орасида энг куйганлардан бири сифатида таниқли қўшиқчи Равшан Комилов экани иддао қилинди. Бу иддаони бир - биридан мустақил бир неча манбалар айтишди:

"Аҳмадбой миниб юрган крутой машинани тошкенлик таниқли қизиқчи (қизиқчининг исми Озодликка маълум, бироқ айрим сабабларга кўра, уни ошкор қилмаяпмиз. -таҳр) берган эди. Қўшиқчи Равшан Комилов ва ўғли ҳам Аҳмад аканинг клиенти эди. Равшан аканинг ўғли Аҳмадбойга ўндан зиëд Матиз берган"¸ дея иддао қилди манбалардан бири.

Озодлик бу иддаоларни текшириш учун Равшан Комилов билан боғланишга уринди.

Ўзини Диëр деб таништирган Равшан Комиловнинг маъмури эса бу иддаоларни рад қилди:

- Равшан ака ва унинг ўғли Аҳмадбойга пул бермаган. Матиз берди, дейишяпти. Равшан акада матиз йўқку. Гапни қисқаси Аҳмадбойга пул ҳам машина ҳам берилмаган. Бу гапимни сизга Равшан ака номидан айтаяпман. Бемалол эълон қилаверинг¸ - деди Равшан Комиловнинг маъмури.

Айни пайтда Комиловга яқин бўлган созандалардан бири Озодлик мухбири билан суҳбатда таниқли ҳонанда ўз обрўсини сақлаш учун “Аҳмадбойга берган пул ва машиналардан воз кечишга” қарор қилганини иддао қилди.

Ўзбекистонлик хонандалардан бири исми сир сақланиши шарти билан Озодликка Аҳмадбойнинг шоу-бизнесдаги мижозлари бошдан кечираëтган муаммоларни айтиб берди.

Суҳбатдош иддаосига кўра¸ президент қўлини сиққан таниқли хонандалар ва кино артистлари “Аҳмадбой мижози сифатида конторага чақирилган”.

Озодлик ўз суриштируви давомида саҳна юлдузларининг “Аҳмадбой билан ҳамкорлиги” юзасидан МХХнинг шоу-бизнес ва оммавий тадбирларни назорат қилиш бошқармаси шуғулланаëтганлигини аниқлади.

Озодлик манбасининг иддао қилишича¸ МХХнинг шоу-бизнес ва оммавий тадбирларни назорат қилиш бошқармаси вакили Тошкентдаги Туркистон концерт залидаги хоналардан бирида “Артистларни тафтиш қилмоқда”.

"МХХнинг Туркистон саройида ўтирган ҳодими қўшиқчиларга “Шунча хорижий валютани қандай қилиб топдингиз? Нега солиқ тўламадингиз? Аҳмадбой молиявий фирибгарлигида шерик бўлганмисиз? ” деган саволларни бериб эстрада юлдузларни руҳини синдирмоқда"¸ дейди манба.

Унга кўра¸ кўпчилик артистлар берган пулидан кечишга ҳам тайëр:

"Аммо пулдан кечишнинг ҳам иложи йўқ. Аҳмадбойнинг кирим-чиқим дафтари органлар қўлида. Артистлар пул бермадим деса¸ ëлғон маълумот бергани учун жазоланади".

Озодликка Аҳмадбойга пул ва машина берган 8 нафар санъаткорнинг исми- шарифи маълум, улар орасида бир нафар Ўзбекистон халқ артисти ҳам бор.

15 июн куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Аҳмадбой номи билан танилган чинозлик Аҳмад Турсунбоевни ҳибсга олган.

У Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик),168-моддаси (фирибгарлик) ва 170-модда (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш), шунингдек, 177-модда - валютани қонунга хилоф равишда олиш ва 178-модда - чет эл валютасини яшириш бандлари бўйича айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG