Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:51

Кремль Британиядаги собиқ жосус иши бўйича ҳамкорликка “тайёр”лигини билдирди


Россия Бош разведка бошқармаси полковниги бўлган Сергей Скрипаль Москва ҳарбий суди томонидан 2006 йили 13 йилга қамалган эди.
Россия Бош разведка бошқармаси полковниги бўлган Сергей Скрипаль Москва ҳарбий суди томонидан 2006 йили 13 йилга қамалган эди.

Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Москва собиқ рус жосуси бўлгани айтилаётган шахснинг қўққисдан оғир бетоб бўлиб қолганини текшираëтган Британия идоралари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди:

– Фожиа юз берганини кўриб турибмиз. Аммо унинг сабабини ҳам, бу одамнинг нима билан шуғулланганию ва иши бугунги фожиа билан қанчалик боғлиқ эканини ҳам билмаймиз, – деди Песков.

Полиция хабарига кўра, тахминан 60 яшар эркак ва 30 ёшлардаги аёл Англия ғарбидаги Солсбери шаҳри савдо маркази ёнидаги скамейкада ҳушсиз ҳолда топилган.

Британия оммавий ахборот воситалари ҳушсиз шахснинг ўтмишда Россия Бош разведка бошқармаси полковниги бўлган Сергей Скрипаль эканини аниқлади. 2006 йилда давлат сирларини Британияга сотганликда айбланиб қамалган Скрипаль 2010 йили жосус алмашув амалиёти чоғида озод қилиниб, Ғарбга чиқариб юборилган.

Скрипаль сўнгги йилларда Британияда тўсатдан касал бўлиб ёки ўлиб қолган россияликларнинг навбатдагисидир. Ҳозирча Британия ҳокимият идоралари унинг хасталиги аллақандай "нопок ўйин натижаси" деб деб кўрилмаëтганини билдирди.

Скамейкада ҳушсиз ҳолда топилган Скрипаль ва унинг қизи бўлиб чиққан ëш аëл Солсбери касалхонасига ёткизилди. Полиция уларга “номаълум модда таъсир кўрсатгани”ни айтмоқда.

– Иккаласи ҳам оғир аҳволда реанимацияга ётқизилди. Суриштирув ишлари энди бошлангани сабабли жиноят содир бўлмаган-бўлмаганини аниқ айта олмаймиз. Аммо айни ҳол йирик бахтсиз ҳодиса сифатида баҳоланди ва бир қанча давлат идоралари унинг сабабларини ўзаро келишган ҳолда аниқлашга киришди, – деди Уилтшир полицияси ходими Грейг Ҳолден.

6 март куни эрталаб шаҳар марказидаги воқеа содир бўлган жой ўраб олинди ва махсус ҳимоя кийимлари кийиб олган қутқарувчилар ўша ерни махсус мато билан ёпиб қўйди.

Скрипалнинг Солисбергдаги уйи олдида ҳам полиция машиналари пайдо бўлди.

Миллий соғлиқни сақлаш хизмати вакили беморлар ҳақида чекланган маълумотга эга экани, аммо улар билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса “жамоатчилик саломатлигига хавф туғдирмаслиги”ни айтди.

Россиялик ота-қизнинг қанақа моддадан заҳарлангани ҳозирча аниқланмади. Аммо маҳаллий нашрларга кўра¸ Фақулодда вазиятлар хизмати уларнинг кучли синтетик опиат фентанилдан заҳарланганини гумон қилмоқда.

Россиялик жосус ва унинг қизининг ҳушдан кетганинига бевосита гувоҳ бўлганлар дарҳол тез тиббий ëрдамга мурожаат қилган.

Гувоҳлардан бири Би-Би-Сига бу воқеанинг ўз кўз ўнгида қандай ривожланганини айтиб берди:

– Мен энди дарсимни тугатиб, шу йўлдан ўтиб кетаётган эдим. Ўнг тарафдаги скамейкада кексароқ киши билан жувон ўтирган экан. Аёл эркак томон қийшайган эди – ҳушидан кетган бўлса керак. Эркак осмонга қараб, қўлларини ғалати ҳаракатлантирди. Ххавотирга тушдим, ёнига бориб, ёрдам бергим келди, – деди Фрея Чёрч.

Скрипаль 2004 йил декабрида Москвада ҳибсга олинган ва 2006 йил августида Москва ҳарбий суди уни “жосуслик кўринишидаги ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайдиган сотқинлик” учун 13 йиллик қамоққа ҳукм қилган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) тахминича, Скрипаль 90-йилларда армияда хизмат қилиб юрган вақтдан Британия разведкаси - MI6 билан ҳамкорлик қила бошлаган.

2016 йили Британия терговчилари эълон қилган хулосада айтилишича, яна бир собиқ жосус Литвиненконинг 2006 йили Лондондаги меҳмонхонада полоний-210 билан заҳарлаб ўлдирилишида Андрей Луговой ва Дмитрий Ковтун сингари рус кишиларининг қўли бўлган ва улар ФСБ буйруғи билан иш қилган.

Россия бу жиноятда гумон қилинганларни Лондонга топширишдан бош тортди ва бу сўровни “ношаффоф”¸ “сиёсий сабабларга кўра” деб рад қилди.

Ковтун ва айни пайтда Росия парламенти депутати бўлган Луговой бу ишга дахлдорлигини инкор этиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG