Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:51

Эркин Аъзам: Адабиëтнинг бугунги савиясини билганимда¸ ëзувчи бўлмасдим!


Эркин Аъзам асари асосида олинган "Паризод"фильмидан кадр.
Эркин Аъзам асари асосида олинган "Паризод"фильмидан кадр.

Ўзбекистон Халқ ëзувчиси 67 яшар Эркин Аъзам (Аъзамов Эркин Нормаматович)нинг “Буюк осий Шайх Саънон ворислари” деган ном остида жамланган қисса ва ҳикоялари Лондонда инглиз тилида чоп қилинди.

2013 йилда ëзувчининг айни китоби француз тилида Париждаги нуфузли нашриëт тарафидан чоп қилинган эди.

Эркин Аъзам китобларини чоп қилиш ва тақдимот маросимлари Ўзбекистоннинг БМТ маданият идораси - ЮНЕСКОдаги ваколатхонаси молиявий кўмагида амалга оширилган.

Озодлик билан суҳбатда ëзувчи китоб тақдимотидан хурсанд эканини айтган ҳолда¸ энг аввало ўзбек китобхони учун ëзаëтганини таъкидлади.

Эркин Аъзам билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:52:04 0:00

Айни пайтда Эркин Аъзам Озодлик билан суҳбатда шоир Абдулҳамид Чўлпонниинг “адабиëт ўлса¸ миллат ҳам ўлар” деган гапини ëдга олиб¸ бугун адабиëт замони эмаслигини афсус билан қайд қилди:

- Ҳукумат яхши шоир ëки ëзувчи деса¸ халқ ҳам уни ëқтирадиган бўлиб қолган. Улар назарида ҳукуматга ëққан ëзувчи – бу яхши ëзувчи. Халқимизнинг одати бу. Катталар айтган нарсани зўр дейди¸ юқоридагилар айтган нарсани қизиқ дейди.

Озодлик билан суҳбатда Эркин Аъзам ўзбек прозаси¸ танқидий таҳлил ва тазарру кайфиятидан мосуво эканлигини ҳам қайд қилди:

- Одамзод ўзини ўзи тергамас экан¸ ўзининг кори-ҳолини билмас экан¸ унга таҳрир киритиб бормас экан¸ у майда кимса ва кимарсалигича қолаверади.

Суҳбатдош хор-зорликда оламдан ўтган Шукур Холмирзаев¸ Рауф Парфи каби ўзбек адибларини эслаш асносида адабиëтнинг пилиги пасайганига ҳам муносабат билдирди:

- Ўзимизни алдашимизнинг ҳеч кераги йўқ. Ҳозир нафс замони¸ масхарабозлар замони¸ балки яллачилар замонидир. Лекин мен адабиëтнинг замони демайман. Бугунги вазиятни олдин билганимда ëзувчи бўлмасдим¸ туғилган жойим Бойсунда юраверардим¸ дейди ëзувчи.

Ëзувчи Эркин Аъзамнинг дастлабки ҳикоялар тўплами — “Чироқлар ўчмаган кеча” 1977 йилда чоп қилинган бўлса ҳам адибга катта ëзувчилик шуҳратини 1981 йили босилган “Отойининг туғилган йили” қиссаси олиб келди.

Эркин Аъзам асарлари ўзига хос баён услуби, кинояли тили, кутилмаган бадиий ечимларга эгалиги билан ажралиб туради.

Эркин Аъзамов асарлари асосида “Чантриморэ”, “Пиёда”, “Пакана”, “Дилхирож”, “Эркак”, “Паризод” каби филъмлар суратга олинган.

Адиб 1 ва 2-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати сифатида фаолият кўрсатган.

XS
SM
MD
LG