Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:48

OzodDayjest: Адлия вазири амалдорларнинг кўчмас мулк ва машиналарига доир маълумотлар очиқланиши лозимлигини айтди


Адлия вазири Русланбек Давлетов
Адлия вазири Русланбек Давлетов

Халқ демократик партияси советча қарашдан ҳамон воз кечмагани иддао қилинди. Адлия вазири эскича ишлашга ўрганган айрим мансабдорлар ва ташкилотларни танқид қилди. ОАВ раҳбарлари таҳририятлар зиммасидаги солиқ ставкалари юқорилигидан шикоят қилишди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

“Айрим депутатлар ҳамон советча қарашга содиқ” – Давлат тили ҳақидаги қонун муҳокамаси зиёлиларда хавотир уйғотди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кечаётган “Давлат тили хақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасини зиёлилар хавотир билан кузатмоқда. Жумладан, Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов лойиҳа муҳокамасидан ташвишга тушганини маълум қилган. Бу ҳақда Телеграмдаги Platforma.uz канали хабар берди.

Гап шундаки, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров қонун лойиҳаси муҳокамасида Халқ демократик партиясининг советча қарашлари устуворлик қилаётгани, давлат тили мақомини оширишга қаратилган жиддий талабларга эътироз билдирилаётган ҳақида маълум қилган эди. А. Қодиров бу кетишда 11-моддадаги давлат хизматчисига давлат тилини билиш, 13-моддадаги давлат идоралари аризаларни давлат тилида қабул қилиши ва жавоб бериши ҳақидаги талаблар чиқариб ташланишини тахмин қилган.

Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов мазкур қонун лойиҳасига депутатларнинг эътиборсизлиги миллатга хиёнат эканини таъкидлаган.

“Ҳурматли депутатлар! Сизлар муҳокама қилаётган қонун Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда “дунёда миллатимизнинг борлигини кўрсатувчи” она тилимизнинг равнақи, ривожи, нуфузи, мавқеи, келажаги учун нақадар аҳамиятли эканини унутманг. Эҳтимол, кўп қонунларни тушуниб-тушунмай, номига тугмачани босиб ўтказиб ўтиргандирсиз, лекин бу қонунга бундай муносабатда бўлишингиз миллат учун хоинлик ҳисобланади. Сизлардан илтимос, бошқа давлатлар қонунларини яхшилаб ўқинг, вақтингизни аяманг, мулоҳаза қилинг. Қўшниларимизда яшовчи миллатдошларимиз қозоқ, қирғиз, туркман тилларини мажбуран ўрганяпти-ку! Ҳатто Туркманистонда ўзбек мактаблари ёпилиб кетганига 15 йил бўлди. Улар бошқа миллатлар хафа бўлиб қолмасмикан деб ўтиришгани йўқ, ўз тили ҳақида қайғуряпти”, деган у.

Маълум бўлишича, эътирозлар ортидан қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқиш учун қўмитага қайтарилган.

Адлия вазири: Ўзбекистонда рақамлаштиришга қарши яширин қаршиликлар мавжуд

Адлия вазири Русланбек Давлетов Ўзбекистонда рақамлаштиришга қарши яширин қаршиликлар мавжудлигини қайд этди. Бу биринчи навбатда эскича ишлашга ўрганган айрим мансабдорлар ва ташкилотларга тааллуқли. Вазир бу ҳақда “Tashkent Law Spring” II халқаро юридик форумининг очилиш маросимида айтиб ўтди (www.gazeta.uz, 22 апрель).

“Албатта, жамият хоҳлаётган очиқлик, ҳисобдорлик, бюрократия ва коррупциядан холи бўлишни барча ташкилотлар бир хилда тушунмайди ва қабул қилмайди”, деди Р. Давлетов.

Вазирга кўра, бюджет пуллари сарфланиши шаффофлиги таъминланиши, шу билан бирга, амалдорларнинг кўчмас мулк ва машиналари тўғрисидаги маълумотлар очиқланиши керак.

Аввалроқ бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов амалдорларнинг харажатлари, уйи, машинаси, кийим-кечагу соатигача назорат қилиниши лозимлиги ҳақида гапирган эди.

Адлия вазири Р. Давлетов ўтган ҳафта иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан суҳбатда Ўзбекистон қонунларида барча фуқароларга тенглик белгилангани, аммо ижро тизимида жуда катта муаммолар борлигини тан олган эди.

“Бизнинг қонунчилик сифат ва белгиланган норма нуқтаи назаридан универсал характерга эга. Қандайдир элита қисми манфаатига қаратилмаган бўлса ҳам, лекин ижро билан муаммо бор. Қонунчилик бир хилда қўлланиши керак. Сиз қайси вилоят ёки туманда бўлсангиз ҳам, қонун кучига таяниб ҳаракат қилишингиз керак. Яъни ижро ҳар хил бўлса, парокандаликка олиб келади”, деган вазир.

“Оёқдаги кишан”: Таҳририятлар ҳукуматдан солиқ имтиёзи сўрамоқда

Ўзбекистондаги бир қатор оммавий ахборот воситалари раҳбарлари таҳририятлар зиммасидаги солиқ ставкалари миқдори юқори экани, бунинг салбий оқибатлари ва уларнинг ечими ҳақида гапирди, деб хабар берди Kun.uz нашри.

“Масалан, республикадаги йирик ишлаб чиқарувчи бўлган GM Ўзбекистон ёки ОКМК қандай солиққа тортилса, сайтлар ҳам шундай солиққа тортиб келинмоқда. Ваҳоланки, юқорида номлари кўрсатилган йирик ишлаб чиқарувчилар ўзлари маҳсулот ишлаб чиқариб, уни реализация қилишади. Сайтлар фақат ахборот ишлаб чиқаради, унинг реализацияси амалда мавжуд эмас, яъни ўқувчи сайтда чиққан ахборотларни ўқигани учун ҳеч қандай пул тўламайди. Бундай вазиятда икки хил ҳолатдаги субъектни бир хил солиққа тортиш мантиққа тўғри келмайди”, деган Human.uz сайти асосчиси Хуршид Далиев.

Ҳам обуна, ҳам етказиб бериш харажати учун ҚҚС тўлаш талаби таҳририятларнинг иқтисодий аҳволини баттар оғирлаштирмоқда.

Xabar.uz ахборот-таҳлилий портали раҳбари Абдуғани Абдураҳмоновга кўра, ОАВнинг реклама тушумлари ҚҚС солиғидан озод этилиши керак.

“Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган ходимларни ижтимоий ҳимоялаш мақсадида уларнинг ойлик маошидан ушланадиган солиқни 50 фоизга қисқартириш керак. Шунингдек, иш берувчидан ундирилаётган ягона ижтимоий тўлов йиғимини ҳам қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Аҳвол шу зайлда давом этаверса, босма нашрлар ҳам, кўплаб электрон нашрлар ҳам ёпилиб кетиши эҳтимолдан холи эмас. Бунинг ўрнини тўлдириш эса жуда ва жуда қийин бўлади”, деган А. Абдураҳмонов.

Таъкидланишича, ҳукумат кўплаб тармоқларга преференциялар бераётган бир пайтда жамиятни иллатлардан тозаловчи журналистика соҳасига ҳам имтиёз берилиши керак.

“ОАВга солиқ преференцияларини бериш бу шунчаки бизнесни қўллаб-қувватлаш эмас, балки тараққиётнинг демократик йўлини қўллаб-қувватлашдир”, деган Anhor.uz нашри бош муҳаррири Лола Исломова.

XS
SM
MD
LG