Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:43

OzodDayjest: Тошкент шаҳар ҳокимлиги тадбиркорга 1 миллион доллар товон пули тўлашни пайсалга солмоқда


Ўзбекистондаги барча тергов идораларини ягона тузилмага бирлаштириш таклиф этилмоқда. Пойтахт ҳокимлиги икки хил стандартга йўл қўяётганликда айбланди. Таниқли актёр Аҳмадбой сабаб хонавайрон бўлганини очиқлади. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

"Латентлик”. Бу иллат ҳуқуқ-тартибот тизимида ҳамон учрамоқда

Жабрланган ёки ҳуқуқи поймол этилган фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берганда мурожаатни рўйхатдан ўтказмаслик ҳолатлари ҳали-ҳамон учрамоқда (“Маҳалла” газетаси, 2021 йил 36-сон).

“Сабаби, айрим идораларнинг фаолиятига ўша ҳудудда маълум бир даврда жиноятлар, ҳуқуқбузарликлар сонининг ошиши ёки камайишига қараб баҳо берилади. Бунақа идораларнинг навбатчилик қисмлари эса бевосита биринчи ўринбосар ёки раҳбарга бўйсунгани учун раҳбарлар кўпинча масаланинг “осон ечими”ни танлайди. Шу боис аксар ҳолларда мурожаатларни рўйхатга олмасликка, яширишга ҳаракат қилинади. Бу ҳолат ҳуқуқшунослик илмида “латентлик” дейилади”, - деб ёзган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Ғафуржон Пўлатов.

Қайд этилишича, жиноятчи жазосиз ва кўчада қолар экан, ҳуқуқбузарлик ва жиноят давом этаверади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда бир қанча ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тергов амалиёти билан шуғулланади. Муаллифга кўра, уларни бирлаштириб, ягона тергов органи ташкил этиш вақти аллақачон келган.

“Фикримча, мамлакатдаги барча тергов идораларини бирлаштириб, Президентга бўйсунадиган ва парламентга ҳисобдор бўлган ягона тергов органини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Ана шунда фақат юридик маълумотга эга бўлган ва бу соҳани сир-асрорини тушунадиган чуқур ихтисосликка эга, касбий салоҳияти етарли бўлган кадрлар бир жойга тўпланади ва самараси кўрина бошлайди. Энг асосийси, тергов органининг суд ҳокимияти сингари процессуал мустақиллиги амалда таъминланади”, - деб ёзган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Ғ. Пўлатов.

Пойтахт ҳокимлиги товон пули тўлашда икки хил стандартга йўл қўймоқда

Тошкент шаҳар ҳокимлиги тадбиркорга 1 млн долларлик мулк учун товон пули тўлашни пайсалга солмоқда (www.kun.uz, 13 cентябрь). “Тулпор савдо уйи” МЧЖга тегишли 55 сотих ер майдони давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олиб қўйилган, 2035 квадрат метрли бино эса компенсация ва ер майдони бериш ваъдаси билан бузиб ташланган.

Тошкент шаҳар иқтисодий суди кассация инстанциясининг қарори билан тадбиркорга 2 млрд 21 млн сўм товон тўланиши керак, аммо бу қарор жорий йил 1 февралидан бери ижро этилмаётир.

Ҳолбуки, пойтахт ҳокимлиги айни шундай ҳолатлар бўйича бошқа мулкдорларга товон пули тўлаб берган. Шунга кўра, нашр ҳокимликни товон пули тўлашда икки хил стандартга йўл қўйиш ва президент топшириғини бажаришни пайсалга солишда айблаган. Мақолада, шу билан бирга, ҳокимлик масъулларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатларига ҳам эътибор қаратилган.

“Ўзбекистонда қачондан бери шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари раислигидаги ҳудудий кузатув кенгаши давлат ҳокимиятининг учинчи бўғини ҳисобланувчи суддан устун бўлиб қолди?! Қачондан буён ҳудудий кузатув кенгашининг йиғилиш баёни суд қарори ижросини тўхтатиб қўя оладиган даражада кучга эга бўлиб қолди?” - деб ёзган нашр.

Таниқли актёр Аҳмадбой сабаб кўчада қолгани ҳақида сўзлаб берди

Аҳмадбой донғи чиққан пайтда “фалон санъаткор шунча пул тикибди, фалон актёр бунча машинасини берибди” қабилидаги мишмишлар урчиган эди. Вақт ўтиб овозаларда жон бўлгани ойдинлашмоқда. Хусусан, таниқли актёр Миролим Қиличев Аҳмадбой сабаб уч хонали уйидан ажралиб, кўчада қолгани ҳақида сўзлаб берди (www.daryo.uz, 11 cентябрь).

“Аҳмадбой шов-шув бўлиб юрганида мен ишонмай юрдим. Лекин кунлардан бир куни театримизда дўстимиз мени шу ишга кўндирди. Ўша пайтларда “Matiz” русумли автомобилим бор эди. Мен машинамни тўғридан-тўғри Аҳмадбойга эмас, унинг Рихситилла деган шогирдига бердим. Қарасак, пули вақтида бериляпти. Кейин яна битта машина билан йиғиб юрган пулимизни бердик. Ўша вақтда “Captiva-2” русумли автомобиль энди чиққан пайтлари 30 минг долларга сотиб олган эдим. Ана шу “Captiva-2”ни ҳам бердик”, - деган актёр.

Маълум бўлишича, М. Қиличов “ўртада мен турибман” деб, дўстлари ва устозларини ҳам ушбу бизнесга пул тикишга кўндирган. Бу орада Аҳмадбой ва унинг шериклари қўлга олингач, актёр уч хонали уйини сотиб, пулини ўша лафз қилган одамларига тарқатиб чиққан.

“Лафзимга жавоб бериб, ўзим итдек қийналсам ҳам, пулларни ортиғи билан тўладим. Осон келган пул осон кетар экан. Бу ўзи нотўғри эканига ичимда шубҳа бўларди. Кимдир бу “нотўғри эмас, судхўрлик эмас” дерди, ўзим эса ичимда “бу нотўғри иш” дердим… Хуллас, шу ишларим Худога хуш келмади”, - деган санъаткор.

Эслатиб ўтамиз, халқ орасида Аҳмадбой номи билан танилган А. Турсунбоев жиноий гуруҳ раҳбари сифатида молиявий пирамида ташкил этишда айбланиб, 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан ҳамда 14 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этилган. А. Турсунбоев маҳкамада, агар уни кечиришса, чорва ва картошка экиш билан шуғулланмоқчи экани ҳақида гапирган.

XS
SM
MD
LG