Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:49

OzodDayjest: Сенатор каттаконлардан юрак олдириб қўйган ЙПХ ходимларини танқид қилди


Сенатор Б. Матмуратов ЙПХнинг айрим принципсиз ходимлари катта амалдор ва бойваччаларнинг фарзандларини тартибга чақиришдан қўрқишини иддао қилди. Каттақўрғондаги газ портлашидан олдин аҳоли масъулларни эҳтимолий фалокатдан кўп бор огоҳлантиргани айтилмоқда. “Нархоз” ректори сиёсий партияларнинг сайловолди дастурларига киритилган ғояларни “сирти ялтироқ” деб атади. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Сенатор: Каттаконларнинг боласини тартибга чақиришга айрим орган ходимларининг юраги дов бермайди

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида қоидабузарликлар, хусусан, инсон ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари камайиши учун соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш лозим, деб ҳисоблайди сенатор Ботир Матмуратов (www.daryo.uz, 11 октябрь).

Сўнгги ойларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга масъул идораларнинг ушбу вазифага лойиқлигини шубҳа остида қолдирувчи бир неча ҳодиса рўй берди. Масалан, Олмалиқ шаҳридаги рейд вақтида қоидабузарлиги учун тўхтатилган “Малибу” автомобили ЙПХ ходимига юқори турувчи масъул томонидан берилган буйруқ сабаб ҳеч бир чора кўрилмай қўйиб юборилгани жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлди.

“Ярим кечаси баланд овоз чиқариб, жуда тез ҳаракатланаётган машиналарни кўриб, бизда ҳуқуқ-тартибот органлари борми ўзи, дея ҳайрон қоламан. Минг афсуски, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг айрим принципсиз ходимлари ўзича каттакон ва бойваччаларнинг болаларини тартибга чақиришдан қўрқади... Агар қўлингдан келмаса, жамоатчиликни чақир. Интернетга чиқиб кетсин – танқиддан одам уялади”, деган сенатор Б. Матмуратов.

Қайд этилишича, оқибати аянчли ЙТҲларнинг кўпайишида айрим ҳолларда йўл инфратузилмасининг талабга жавоб бермаслиги ҳам сабаб бўлмоқда.

“Нафақат ўз фуқароларимиз, балки чет эллик ҳайдовчилар ҳам йўлларимиз талабга жавоб бермаслиги ҳақида гапиряпти. Бу – уяладиган ҳолат. Йўлларни қуриш, йўл белгиларини сақлаш масаласида қатъий интизом ўрнатилиши, бу масала жамоатчилик назоратида бўлиши лозим. Керак бўлса, парламент назоратида бўлсин”, деган Б. Матмуратов.

Самарқандда газ портлаши ортидан барча АГТКСларнинг қувурларини жиддий текшириш талаб қилинди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридаги хонадонлардан бирида 8 октябрь куни газ портлаб, икки киши жабрланди. Аҳоли бир йилдан буён масъул идораларга муаммо ҳақида бонг уриб келган, аммо мутасаддилар мурожаатларга эътибор қаратмаган (www.kun.uz, 11 октябрь).

“Каттақўрғон шаҳри Кўҳнадам маҳалласи Тошкент кўчасида яшовчи аҳоли, жумладан, бизнинг уй-жойимиз, фарзандларимиз ва ўзимиз бир неча йилдан буён портлаш хавфи остида қолмоқдамиз. Ҳудудда бир қатор автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари қурилгач, аҳоли хонадонлари орасидан ҳаётимиз учун хавфли бўлган юқори босимли газ тармоқлари ўтказилди. Натижада, 2015 йилда маҳалламиздаги юқори босимли газ қувурларидан Тошкент кўчасида жойлашган 147-уйнинг ертўласига сизиб кирган газ таъсирида кучли портлаш рўй берди. Шундан кейин ҳам қувурлар бошқа жойга кўчирилмади. Бу юқори босимли қувурлар кўчирилмаса кўплаб хонадонлар, одамлар, болалар жабр кўриши мумкин”, деб ёзган аҳоли Бош прокуратурага йўллаган мурожаат хатида.

6 йил аввал 147-уйда портлаш юз берган бўлса, 8 октябрь куни эрта тонгда унга қўшни бўлган 145-уйда портлаш содир бўлди. Текширувлардан кейин АЁҚШларга тортилган йирик қувурлардан бири ёрилиб, газ шу орқали сизгани аниқланди.

Бу – юқори босимли газ қувурларидан газ сизиши оқибатида рўй берган илк портлаш эмас. 2019 йил 11 ноябрь куни Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани Сурум маҳалласидаги намунали уй портлаши оқибатида бир оиланинг 3 аъзоси вафот этди ва 3 киши бутун умрга мажруҳ бўлиб қолди.

Шунга кўра, “Kun.uz” нашри коррупция омиллари мавжуд бўлиш эҳтимолини ҳисобга олиб, Бош прокуратура республикадаги жами АГТКСларнинг қувурлари лойиҳаланиши талабларга жавоб беришини ўз назоратига олиши кераклигини ёзган.

“Албатта, талабга жавоб бермайдиган, аҳоли тураржойларига потенциал хавф туғдирувчи АГТКСларнинг қувурлари кесиб ташланиши керак. Зеро, ҳар қандай тадбиркорнинг қиладиган фойдаси инсон умридан азиз эмас”, дея хулоса қилган нашр.

Эксперт: Сиёсий партиялар сайловолди дастуридаги аксар ғоялар реалликдан йироқ

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов сиёсий партияларнинг сайловолди дастурларига киритилган ғояларни “сирти ялтироқ” деб атади (“Жамият” газетаси, 14 октябрь).

“Сиёсий партияларнинг сайловолди дастурларидаги аксарият ғоялари реалликдан анча йироқ. Айниқса, иқтисодиётимизни кўтаришга қаратилган таклифларнинг турли учрашувлар, ҳатто оддий суҳбатлар чоғида ҳам иқтисоддан хабари бор одамлар ўзаро баҳслашиб, ҳисобини чиқаролмай овора. Дарҳақиқат, баъзи сайловолди дастурларда давлат бюджети ҳисобига баландпарвоз иқтисодий масалаларни таклиф этилаётгани анча баҳсталабдир”, деб ёзган у.

ТДИУ ректори Халқ демократик партияси вакили Мақсуда Ворисованинг аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш таклифига ҳам қарши чиққан.

“Табақалаштирилган солиқ тизими асосан ривожланган ва норасмий сектор улуши паст бўлган давлатларда қўлланади. Бошқача айтганда, табақалаштирилган солиқ тизимини қайтариш норасмий секторни янада кучайтиришга ва давлат бюджети даромадларининг пасайишига олиб келади”, деган Қ.Шарипов.

Халқ демократик партиясидан президент сайловида номзод сифатида кўрсатилган М. Ворисова аввалроқ аҳолининг бой ва камбағал гуруҳлари ўртасида фарқни камайтириш мақсадида табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш, хусусан, ҳашам солиғи, яъни қимматбаҳо товарлар, ҳашаматли кўчмас мулк ва қимматбаҳо машиналарга ҳам солиқ солишни таклиф қилган эди.

XS
SM
MD
LG