Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:31

Озодбек Назарбековнинг прокурорларга қарши "исëни" санъаткорларга қимматга тушиши мумкин


Озодбек Назарбеков тўйлардаги хизмат ҳақи энг қиммат ўзбек қўшиқчиларидан бири ҳисобланади.
Озодбек Назарбеков тўйлардаги хизмат ҳақи энг қиммат ўзбек қўшиқчиларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг санъаткорлар хизматидан текин фойдаланиб келаётган прокурор ва бошқа куч ишлатар тизимлари амалдорларининг бундан буён санъаткорлар хизматидан пул ўтказиш йўли билан фойдаланишларини йўлга қўйиш таклифи ижтимоий тармоқларда баҳсу мунозарага сабаб бўлмоқда. Ушбу жанжал, шунингдек, тўйларда жарақ-жарақ пул топаётган саъаткорларни солиққа тортиш талабини ўртага чиқарди.​

2 июнь куни "Ўзбекконцерт" ташкилотида ўтказилган мажлисда таниқли қўшиқчи Озодбек Назарбеков прокуратура ва бошқа давлат муассасалари амалдорларининг ўз базмларида хонандалар хизматидан бепул фойдаланиш устига, дўқ уриб санъаткорларни обрўсизлантиришини танқид қилган эди.

Бу чиқишидан сўнг ўзбекистонлик айрим санъаткорлар орасида Озодбек Назарбековни “қўзғолончи хонанда”га чиқарганлар ҳам бўлди.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда Назарбековнинг бу танқиди жиддийгина эътирозга учрамоқда.

Хусусан¸ “Однокласники” ижтимоий тармоғининг Лазиза Фаттоҳова исмли фойдаланувчиси:

"Озод ака¸ прокурорларнинг корпоративкаларига бепул боришни истамасангиз, у ерда Сизни обрўсизлантиришса¸ нега у ерга борасиз?", деб ёзган бўлса¸​ Facebook тармоғида MisterX исмли фойдаланувчи:

"Прокурорлар айбдор, Назарбеков беайбми? Шунча йил прокурорлардан хўрланган эканлар¸ нега бугун бу масалани кўтариб чиқаяпти", - дея изоҳ қолдирди.

Айни пайтда ўзбек интернет нашрларида хонанданинг “инқилобий чиқиши” ортидан унинг тўйлардаги даромаддан давлатга солиқ тўламаслиги пеш қилинган ўнлаб мақола босилди.

Самарқандлик блоггер Мирзо Субҳонов “Озодбек қўзғолони ёки озодликка чиққан санъаткорлар” мақоласида хонандани “давлат органларига асоссиз равишда очиқдан очиқ туҳмат қилиш”да айблади.

“Ҳурматли фуқаро О.Назарбеков! Агар Сизни давлат ташкилотлари мансабдор шахсларидан кимдир хафа қилган бўлса ҳам, Сиз умумий бир давлат органини айблашга хаққингиз йўк! Сизни хафа қилган мансабдор шахсларнинг исм-фамилиясини айтинг, исбот келтиринг, акс ҳолда Сизнинг кўчадаги пистафуруш миш-мишчидан фарқингиз йўқ”, - деб ёзди Субҳонов ўз блогида.

Ўзбекистонлик юрист Искандар Облоқулов эса ўз блогида Озодбек Назарбековнинг ҳам¸ ўзбек шоу бизнесидаги бошқа санъаткорларнинг ҳам адолатни талаб этишга маънавий ҳаққи йўқ, дея фикр билдирди .

“Чунки уларнинг ўзлари қонунга зид ишлашади, касса аппаратларисиз ишлашади, солиқ тўлашмайди”, - деб ёзди Облоқулов.

Озодлик бу фикрлар юзасидан Озодбек Назарбековнинг ўзидан муносабат олишга уринди¸ бироқ унинг маъмуридан "хонанданинг вақти йўқ" деган жавоб олди¸ холос.

Журналист ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов фикрича, Озодбек Назарбековнинг прокурорларга қарши гапириши ортидан келиб чиққан можаро иккита адолатсиз томоннинг бир-бири билан уришиб қолганини англатади:

- Ўғри билан қароқчининг уришиб қолиши билан боғлиқ бир нарса бўлаяпти. Булар ўша корпоративга бепул борган, прокурорлар индамай келган. Энди¸ “Ҳа шунақами¸ унда нега солиқ тўламайсан”, деган гаплар бўлаяпти. Чунки, солиқдан қочмаслик масалаларини ўша прокуратура ҳузуридаги Департамент назорат килади-да, - дейди Ташанов.

Шу ўринда журналист ушбу можаро тўйларда миллонлаб пул топаётган саъаткорларни солиққа тортиш масаласини ўртага чиқарганини қўшимча қилади:

- Ҳуқуқий нуқтаи-назардан ҳам, инсоф нуқтаи-назардан ҳам хонандаларни солиққа тортиш керак. Масалан¸ айтайлик, йиллик лицензияни 6-8 миллион сўмга олиб¸ битта тўйда 5000, 10 минг доллар пул топаётганлар бор. Озодбек Назарбеков¸ ўзим аниқ биламан¸ Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманига 10 минг долларга борган. Ҳазил пул эмас бу! Юлдуз Усмонова, бир бойваччанинг тўйига 10 минг долларга борган. Улар давлатга, халққа шундан бирон солиқ тўламайди? Шунча даромад топаётган бўлса¸ халқнинг ғазнасини ҳам ўйлаш керак. Одам озгина ватанпарвар бўлиши керак. Мана шу ҳозир жамоатчиликни қизиқтираяпти ва бу мавзу ижтимоий тармоқларда муҳокамадан тўхтамайди, токи хонандалар солиққа тортилишига эришилмагунча - дейди Ташанов.

Ўзбекистон Солиқ кодексига кўра, “Ўзбекконцерт” лицензиясига эга санъаткорлар тўй-томошалардан топган даромадидан солиқ тўлашдан озод қилинган.

Кодекснинг 180-моддаси 1-бандида,"концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияси бўлган шахслар солиқдан озод этилади", деб ёзилган.

XS
SM
MD
LG