Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:53

OzodTa’sir: “Oltin mato tex" кластер фермерлардан ноқонуний ушлаб қолган 2 миллиард сўмни қайтариб берди


Андижон вилоятидаги “Oltin mato tex” кластер корхонаси пахтани қуритиш ва тозалаш харажатлари учун асоссиз ушлаб қолган икки миллиард сўмга яқин маблағни фермерларга қайтарди.

Андижонлик фермерлар Озодликка кластер турли баҳоналар билан уларнинг ҳақини “ҳам бўйидан, ҳам энидан уриб қолаётгани” ҳақида шикоят қилган эди.

Пахтаобод туманидаги “Нур агро” фермер хўжалиги бошлиғи Рашидбек Мамадалиевнинг айтишича, мақола эълон қилингандан сўнг, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва инспекциясидан мутахассислар келиб, фермерларнинг шикоятларини ўрганган:

“Жудаям хайрли иш бўлди. Масалан, мутахассислар текшириб чиққанидан сўнг, мендан асоссиз ушланган 13 миллион сўмни кластер қайтариб берди. Туман бўйича икки юздан ортиқ фермернинг пахтани қуритиш ва тозалаш харажатлари баҳонасида кластер ушлаб қолган қарийб икки миллиард сўми қайтарилди. Фермерлар жудаям хурсанд бўлишди. Менинг билишимча, шу сабаб, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва инспекциясидан бошқа туманларда ҳам кластерларнинг фаолиятини текшираётган экан”.

Рашидбек Мамадалиев 12 ноябрда клстернинг ғайриқонуний тарзда пул ушлаб қолгани ҳақида шундай деган эди:

“Кластер бизнинг фермер хўжалигимизга 150 млн сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағини етказиб бермади. Бундан ташқари, 8 тоннадан ортиқ минерал ўғитни ололмадик. Пахтани етиштириш учун ўз ички имкониятларимиздан фойдаландик. Биз кластерга 196 тонна қуруқ ва сифатли пахта хом ашёсини 100 фоиз юқори сортда етказиб бердик. Шартномавий мажбурият бир теримдаёқ ортиғи билан уддаланди. Кластер ўзининг лабораториясида пахтанинг сифати, қуруқлиги, тозалигини текшириб, энг юқори навга қабул қилган эди. Лекин кластер пахтани қуритиш ва тозалаш харажатлари учун, деб даромадимиздан 18 млн. сўм пул ушлаб қоляпти. Бунча кўп пулни нимага асосан ушлаб қолишганини сўрасак, бирор бир тасдиқланган меъёрий хужжат кўрсатиб бера олишмади”.

Пахта ва ғаллачилик билан шуғулланадиган фермерларни кластер корхоналарига бирлаштириш 2017 йилда бошланган эди.

Озодлик ўтган вақт давомида кластерлар ва фермерлар ўртасида юзага келган муаммолар ҳақида бир неча суриштирув ва мақолалар эълон қилди.

XS
SM
MD
LG