Иқтисодчи Юлий Юсупов Ўзбекистон қачонгача камбағал давлат бўлиб қолиши мумкинлиги ҳақида мулоҳаза билдирди. Андижон ҳокими аҳолига электр энергияси ҳамда газни тежаб ишлатишни тавсия қилди. Миллиардер Усмоновнинг жияни иккинчи марта турмушга чиқди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.
__________________________________________________________
Иқтисодчи Юлий Юсупов Ўзбекистон нега камбағал давлат бўлиб қолаётгани сабабини очиқлади
Таниқли иқтисодчи Юлий Юсупов Facebook тармоғидаги саҳифасида Ўзбекистон қачонгача камбағал давлат сифатида қолиши ҳақида фикр билдирди.
“Нега Ўзбекистон меҳнатсевар ва тадбиркор аҳолиси, табиий бойликлари бўлатуриб жаҳоннинг энг камбағал 40 та давлати қаторига киради? Чунки ўзбек иқтисодиёти ўз елкасида юзлаб, минглаб сунъий монополиялар ва коррупционер текинтомоқларни кўтариб турибди. Масалан, уларга импорт маҳсулотни 48 минг долларга сотиб олиб, божхона тўловларидан бор-йўғи 15 фоиз ҚҚСнигина тўлаб (агар тўласа), уни бизга 76 минг долларга сотишга рухсат берилган”, деб ёзади Ю.Юсупов.
Олий Мажлис депутатларига “Uzauto Motors” фаолиятига доир рақамларни жамоатчиликка эълон қилиш тақиқлангани бежиз эмас: мафия очиқликни ёқтирмайди!
Таъкидланишича, мамлакатни камбағалликдан чиқариш учун аҳоли ва бюджетни паразит каби кемираётган сунъий монополияларга барҳам бериш, рақобатни чекловчи ва айрим тоифалар учун имтиёзлар берувчи солиқ тизимидан воз кечиш, қишлоқ аҳолисини мажбурий давлат буюртмалари ва ҳокимларнинг чексиз ҳукмронлигидан иборат феодал-крепостнойлик тизимидан озод этиш лозим. Ю.Юсупов, шу билан бирга, оғир иқтисодий давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, айрим коррупциялашган амалдорлар томонидан аллақачон “прихватизация” қилинган давлат корхоналарини хусусийлаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини том маънода таъминлаш лозимлигига урғу берган.
Шуҳрат Абдураҳмонов газ ва электр муаммосидан норози аҳоли кўчага чиққанига муносабат билдирди
Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 2020 йил якунлари ва 2021 йилда режалаштирилган ишлар бўйича халққа ҳисобот берди (www.xabar.uz, 16 декабрь). Ҳисоботдан сўнг матбуот вакиллари cаволларига жавоб берган ҳоким вилоятда газ ва электр етишмаслиги туфайли одамлар кўчага чиққани ҳолатига ҳам муносабат билдирди.
“Президентимиз биздан халқни рози қилишни сўраяпти. Биз ҳаммасини очиқ айтишимиз керак, бор нарсани бор, йўқ нарсани эса йўқ дейиш шарт. Одамлар йўқ нарсага ишониб қолмасликлари керак. Очиғини тан олиш лозим, қайсидир маҳаллаларга газ билан таминлаш кафолати берилган, аммо турли сабаблар туфайли газ етиб бормай қолди. Бухородан келаётган газ босими пасайиб кетгани бунга сабаб бўлди. Одамларнинг талаб қилишга ҳаққи бор”, деган Ш.Абдураҳмонов.
Қайд этилишича, вилоятда чироқ ўчмай ёниши учун кунига 18 миллион киловатт энергия талаб қилинади, ҳозир эса кунига 17 миллион киловатт олиняпти. Демак, бир миллион киловатт танқислик бор. Вилоят раҳбари аҳолига электр энергияси ҳамда газни тежаб ишлатишни тавсия қилган.
“Ортиқча истеъмолга йўл қўймасликни тарғибот қиламиз. Бугунги куннинг энг долзарб вазифаси шу”, деган вилоят раҳбари.
Миллиардер Усмоновнинг жияни иккинчи бор оила қурди; тўйда таниқли юлдузлар хизматда бўлди
Россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни Ганя Усмонова иккинчи марта турмушга чиқди (www.daryo.uz, 14 декабрь). Тошкентдаги Hilton меҳмонхонасининг 21-қаватидаги тантаналар залида бўлиб ўтган тўйда Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров, Юлдуз Усмонова, хонандалар DJ Piligrim, Рашид Холиқов ва яна бир нечта эстрада гуруҳи хизматда бўлди. Маросимни таниқли россиялик бошловчи Александр Белий ва ўзбекистонлик телебошловчи Нилуфар Сотиболдиева олиб борди.
Куёвнинг исми Шуҳрат экани хабар қилингани ҳолда, унинг шахсига доир бошқа маълумотлар очиқланмаган.
27 ёшли Ганя Усмонова Тошкентдаги “Гриляж” ресторанига эгалик қилади. Шунингдек, у ўз номи билан аталувчи бренд асосчиси ҳамдир. Ганя 2017 йилда бир пайтлар хонанда Муниса Ризаева билан учрашиб юрган теннисчи Важа Узоқовга турмушга чиққан. Аммо тўйи катта дабдаба билан ўтган ушбу жуфтлик кўп ўтмай ажрашган.