Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:46

OzodDayjest: Кубатиннинг опаси олимнинг ўлимида кимнингдир қўли борлигидан шубҳаланмоқда


Шарқшунос олим Андрей Кубатин шу йилнинг октябрь ойи охирида коронавирусдан вафот этган
Шарқшунос олим Андрей Кубатин шу йилнинг октябрь ойи охирида коронавирусдан вафот этган

Шарқшунос олимнинг опаси Андрей Кубатиннинг ўлимида кимнингдир қўли борлигидан гумондалигини билдирди. Бош вазир ўринбосари тарихий обидаларни муҳофаза этиш тизими эскирганини тан олди. Ўзбек расмийларидан чет элдан қайтган муҳожирларга қандай иш топиб бермоқчи экани сўралди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Марҳум олим Андрей Кубатиннинг ўлимига доир шубҳалар юзага чиқди

Коронавирусдан вафот этган шарқшунос олим Андрей Кубатиннинг опаси Клара Сахарова укасининг ўлимида кимнингдир қўли борлигидан гумонда эканини билдирди (www.gazeta.uz, 15 декабрь).

“Унда ковид тасдиқланди, аммо менда ўпканинг 5-10 фоиз зарарлангани тўғрисида МСКТ бор. Биз уни Зангиотага олиб келдик. Учинчи куни у ўзини ёмон ҳис қилди, зарарланиш 50 фоиздан ошди. Жанжалдан кейин у реанимацияга ўтказилди. Биз қимматбаҳо дориларни сотиб олдик... У тузала бошлади, 20 октябргача ҳаммаси яхши эди. У икки кундан кейин ниқоби олиб ташланишини айтди. 20-куни эса тунги смена ўзгарди. Ўша кундан бошлаб унинг соғлиғи ёмонлаша бошлади...” дейди у.

К.Сахарова укасини кўргани кирганида палатада барча дорилар ишлатилмаган ҳолда ётгани, беморга биргина суюқ ҳолда трамадол берилганини аниқлаган.

Олим ҳали ҳаётлигида Ўзбекистон ҳарбий судига 560 миллион сўм миқдорида моддий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган. 10 декабрь куни К.Сахарова почта орқали суд қарорини олган. Унга кўра товон пули 462 минг сўмни ташкил этади, шундан 446 минг сўм давлат божи тўлови, 16 минг сўм почта хизмати учун олиб қолинган. К.Сахарова суд қарори устидан апелляция берган ва маънавий зарар қопланиши учун ҳужжатлар тайёрламоқда.

“Мен тўхтамайман. Укамни қаматган одамлар жавоб беришлари керак. Бугун улар буни менинг укамга, эртага бошқасига қилишади. Бировнинг онаси йиғлашини, кимнингдир хотини бева қолишини, болалари етим бўлишини истамайман”, деган К.Сахарова.

А.Кубатин 2017 йилда давлатга хоинлик қилишда айбланиб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилган. У ўз айбсизлигини исботлаш учун 2,5 йил курашади. Ниҳоят, 2019 йил 26 сентябрда жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди аппеляция инстанциясида реабилитация қилинди ва суд залидан озодликка чиқарилди.

Тарихчи олим, туркий халқлар тарихига оид илмий рисола ва мақолалар муаллифи Андрей Кубатин октябрь ойи охирида вафот этди.

Бош вазир ўринбосари: “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш тизими ўзини оқламаяпти”

Хива шаҳридаги Тош ҳовли саройининг девори бузилиши Ўзбекистонда маданий мерос объектлари муҳофазаси тизимини қайта кўриб чиқиш кераклигидан дарак бермоқда (www.kun.uz, 13 декабрь). Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия раиси Азиз Абдуҳакимов айтиб ўтди.

“Бузган ташкилот деворда оғиш бўлгани, уни сақлаб қолиш мақсадида шундай қилгани, акс ҳолда буткул қулаб тушиб, ундан ҳам кўпроқ зарар келтириши мумкин, деган фикрларни айтяпти. Маданий мерос департаменти бошқача изоҳ беряпти. Бу ерда кўп саволлар очиқ қоляпти. Шунақа хавф бор экан, бу нега олдинроқ ўрганилмаган? Ўрганилган бўлса, нега олдинроқ илмий-эксперт кенгашига мурожаат қилинмаган? Мурожаат қилинган бўлса, нега тезда жавоб чиқмаган?” дейди А.Абдуҳакимов.

Бош вазир ўринбосарига кўра, Хивадаги тарихий обидага зарар етказилиши шундай қолдирилмайди.

“Бундан хулоса қилиш мумкинки, ҳозирги тизим самарали ишламаяпти. Маданий мерос объектлари муҳофазаси тизимини қайта кўриб чиқишимиз керак. Биз маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ва реставрация қилишнинг самарали тизимини йўлга қўймасак, туризм йўналишида қилаётган шунча ишларимиз маъносиз бўлиб қолиши мумкин”, деган А.Абдуҳакимов.

Эслатиб ўтамиз, ЮНEСКО ҳимоясидаги тарихий обида – “Ичан-Қалъа” музей-қўриқхонасидаги Тош ҳовли саройининг қадимий девори бузилгани ҳақида хабар тарқалгач, Маданият вазирлиги бунинг учун илмий-эксперт кенгашидан рухсат олинмаганини билдирди. Пировардида Хоразм вилояти прокуратураси ҳолат юзасидан жиноят иши очди.

Ўзбекистонлик муҳожирлар Россиядан қайтмоқда: ҳукумат энди нима қилмоқчи?

Россияда ишлаб рўзғорини бутлаб келган юртдошларимизнинг бир қисми ҳозир уйга қайтган. Бизникилар бу ҳақда лом-лим демаётган бўлса-да, хорижий ОАВда ҳақиқий вазиятга доир хабарлар эълон қилиняпти, деб ёзади Platforma.uz Телеграм-канали.

Россия ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, рус диёридаги жами мигрантлар сони қарийб 6 миллионга тушиб кетган. Аввалги йилларда бу кўрсаткич 11 миллион атрофида бўлган. Бунга эса коронавирус инқирози асоратлари – Россияда иш ўрни учун рақобат кучайгани ва рублнинг қадрсизланиши сабаб бўлмоқда.

“Билишимизча, яқин-яқингача бу мамлакатда ризқ териб юрган ўзбекистонлик ёлланма ишчилар сони 4 миллион атрофида эди. Россия ИИВ хабарига асосланиб хомчўт қилсак, демак, ҳозир тахминан 1,5 миллион мигрантимиз Ватанимизда! Шу ўринда бизни ҳақли бир савол қийнайди: энди шунча одамга Ўзбекистон ҳукумати қандай иш топиб бермоқчи? Бу борада бирор тайинлироқ дастур ёки ҳозирги тилда айтганда, “йўл харитаси” борми?” деб ёзади Телеграм канал.

Муаммонинг иккинчи томони ҳам бор: Россиядаги меҳнат муҳожирлари ойма-ой жўнатиб турган хорижий валюта миқдори икки баробар камайиб кетиши миллий иқтисодиётга ҳам таъсир ўтказади. Қолаверса, ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари шундоқ ҳам қимматлашиб бораётган бир вазиятда реал аҳоли қаторига 1,5 миллион киши қўшилиши билан ош-нон баҳоси ҳам яна ошиши ҳеч гап эмас.

XS
SM
MD
LG