Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:43

Ўзбекистондаги компания эгаларини очиқлаган сайт муаллифи жазоланиши мумкин


Дастурчи Бобурмирзо Ҳамроқулов (github.com сайтидан олинган сурат)
Дастурчи Бобурмирзо Ҳамроқулов (github.com сайтидан олинган сурат)

Ўзбекистонда юридик шахсларнинг электрон маълумотлар базасини юритувчи Orginfo.uz сайти асосчиси Бобурмирзо Ҳамроқуловга нисбатан маъмурий иш очилди.

Андижон вилояти Асака тумани ИИБдан олинган маълумотга кўра, бу иш ИИВ Киберхавфсизлик маркази томонидан Давлат статистика қўмитаси шикояти асосида очилган.

Статистика қўмитаси, дастурчи Бобурмирзо Ҳамроқуловни ташкилот сайтдаги маълумотларни қўмита розилигисиз сайтига жойлаш ва “ёлғон маълумот тарқатиш”да айбламоқда.

Юридик шахсларнинг электрон реестрини юритувчи orginfo.uz сайтида расмий сайтда топиш қийин бўлган маълумотлар, битта саҳифада қисқа ва содда шаклда, ширкат эгаларининг номи билан бирга келтирилади.

Жамоатчилик фаоллари ва блогерлар, Ўзбекистонда ҳануз муқобили бўлмаган маълумотлар базасини яратган Orginfo.uz сайти асосчисига бундай айблов қўйилишини сўз эркинлигига босим ўлароқ баҳоламоқда.

Бобурмирзо Ҳамроқулов azon.uz, tujjor.com веб-сайтларини тузиш ҳамда “UzAuto Motors”, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва бошқа ширкатларга оид фойдаланувчилар учун жуда қулай ва содда Телеграм-ботларини ишга тушириши билан ҳам танилган.

Стаститика қўмитаси: "Ёлғон маълумотларни тарқатган"

Андижон вилояти Асака тумани ИИБси Orginfo.uz сайти асосчиси дастурчи Бобурмирзо Ҳамроқуловга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 202-2-моддаси (“Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш”) бўйича маъмурий иш очди.

Orginfo.uz сайтида Ўзбекистондаги турли корхона, фирма ва бошқа юридик ташкилотлар, уларнинг эгалари ҳамда алоқадор шахсларга оид қўшимча маълумотларни олиш мумкин.

Гап шундаки, худди шундай платформа Давлат статистика қўмитаси расмий сайтида мавжуд ва Orginfo.uz айни шу сайтдан олинган расмий маълумотларни бериб келади.

2021 йилнинг январида ишга туширилган бу сайт, ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 17 июндаги маъмурий баённомасига кўра, “манба сифатида Давлат статистика қўмитасини кўрсатган ҳолда, юридик шахслар тўғрисидаги эски, бугунги кун ҳақиқатига тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатган”.

Kun.uz нашри билан суҳбатда дастурчи Бобурмирзонинг айтишича, Orginfo.uz базасида Ўзбекистонда қайдга олинган 620 мингга яқин ширкат ҳақида маълумот келтирилган.

Статистика қўмитаси бу ширкатларга оид маълумотларни муттасил янгилаб туради. Orginfo.uz сайти муаллифига кўра, унда ўз сайтидаги маълумотларни ҳар куни янгилаш имкони йўқ.

Дастурчининг маҳаллий нашрга айтишича, бу маълумотларни бир ойда бир марта янгилайди ва бу орада баъзи маълумотлар эскириб қолиши мумкин. Эндиликда айнан шунинг учун уни эски маълумотларни тарқатишда айблашмоқда.

Сайт муаллифининг айтишича, шу йил 11 августда уни илк бор сўроққа чақиришган. Ўшанда у, тортишувга сабаб бўлган платформани шу йилнинг январида Россияда магистратурада ўқиб юрганида очгани, ундан моддий манфаат кўзламагани, сайт аноним эмаслиги ва чет эл серверларида эмас, .uz доменида жойлаштирилганини терговчиларга тушунтиришга уриниб кўрган.

Зотан, Бобурмирзо Ҳамроқулов Orginfo.uz да берилаётган маълумотлар расмий эмаслигини таъкидлаб, “Eslatma: Saytda berilgan barcha ma'lumotlar norasmiy. Rasmiy ma'lumotlarni tegishli davlat tashkilotlari saytlaridan olishingiz mumkin”, деб огоҳлантириш бериб боради.

Статистика қўмитаси талаби билан, бироз олдин ўз сайтида қўмитани манба сифатида кўрсатишни ҳам тўхтатган.

Блогер: Айбловга асос йўқ!

Андижонлик дастурчи яратган Orginfo.uz сайти бир қанча қулайликларга эга, дейди Озодликка "Муфаса" блоги муаллифи тошкентлик блогер Мирсаид Ҳайдаров.

- Бу сайтда кимнидир фамилиясини ёзиб ҳам унинг номида қанақа фирма борлигини қулай ва тез аниқлаш мумкин. Ҳокимият ёки вазирликда ишлаётганлар ҳақида, масалан, маълумот топса бўлади. Жуда қулай ишланган! Интерфейси жуда қулай. Давлат сайтида эса STIR рақамини (Солиқ тўловчининг идентификация рақами – таҳр.) билмасангиз маълумот тополмайсиз. Orginfo.uz сайтида эса одамнинг исми-шарифини ёзишингиз билан топасиз. У бераётган маълумотлар махфий ҳам эмас – расмий давлат статистика базасидан олинаётган маълумот. Қўмита ўзининг сайтини атайлаб соддалаштирмаяпти, билишимча, дейди блогер.

Мирсаид Ҳайдаровнинг айтишича, бу сайт Интеллектуал мулк агентлигининг савдо белгилари бўйича очиқ базаси билан ҳам интеграция қилинган ва изланаётган шахс, ташкилотга оид барча маълумотни битта саҳифада қисқа ва содда қилиб чиқариб беради.

Кўринишидан жуда содда қилиб қурилган сайт ҳақиқатан атиги 3 та асосий саҳифа – “Излаш”, “Статистика” ва “Боғланиш”дан иборат.

Блогер Мирсаид Ҳайдаров Бобурмирзо Ҳамроқуловга қўйилаётган айбловлар ҳам асоссиз эканини гапиради.

- “Ёлғон маълумот тарқатиш” дея қўйилган айблов муайян шахсга нисбатан белгиланади. Стаститика қўмитаси шахс эмаску! “Ёлғон маълумот тарқатиб, шахсни обрўсизлантириш” дейилган. Қўмита шунчаки муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат қилиши керак. Қизиғи, маъмурий жазога тортилгани билан сайт ишини тўхтатиб қўймайдику. “Давстатқўмдан маълумот олмаяпман!”, деб қўйиб юрсачи? Суд шу сабабли Orginfo.uz фаолиятини ҳечам тўхтата олмайди қонунан. Давстатқўм Киберхавфсизлик департаментига, департамент Андижон ИИБга шикоятни ўтказворган. Суриштирувни эса бечора бир участковой олиб боряпти, “Ким у, қанақа сайт, статистика нима ўзи” деб. У судга олиб чиқади, суд жарима қўйиб беради-да Orginfo.uz га, деди блогер “Муфаса”.

Андижон вилояти Асака туман ички ишлар бўлими 2021 йил 17 июндаги хатига асосан маъмурий баённома расмийлаштириб, бу ҳақда огоҳлантириш учун дастурчи Ҳамроқуловни чақиртирган ва маъмурий иш қўзғатилгани ва иши судда кўриб чиқилишини билдирган. Аммо суд қайси муддатга белгилангани номаълумлигича қолмоқда.

Андижон вилояти Асака тумани ИИБ, Бобурмирзо Ҳамроқуловга нисбатан давлат идораси арзи кўриб чиқилаётганини тасдиқлади. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳам, Озодликка жавобан, дастурчи Ҳамроқулов иши ҳануз кўриб чиқилаётганини билдирди.

- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс асосида унга иш очилган бўлса, демак тегишли материаллар мавжуд. Ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмоқда. Агарда айби исботланса, суд томонидан ҳуқуқий жазо кўрилади. Бўлмаса – оқланади, деди вазирлик матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 202-2-моддасига мувофиқ суд Бобурмирзо Ҳамроқуловни “ёлғон маълумот тарқатиш”да айбдор деб топса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача ёки 13,5 млн сўм жаримага тортиши мумкин.

"Orginfo.uz иши - сўз эркинлигига ҳужум"

Ўзбекистонлик жамоатчилик фаоллари, журналистлар ва блогерлар Orginfo.uz таъсисчисига бошланган босимни сўз эркинлигини бўғиш, деб баҳоламоқда.

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев эса ўз саҳифасида статистика қўмитасининг Orginfo.uzдан “хафа бўлгани” сабабларини бундай тушунтиради:

“Ундан кўра, айрим коттаконларга шубҳали тендерларда ғолиб бўлаётганда, давлатнинг катта мулкларини сотиб олаётганда ёки бошқа ҳолатларда журналистлар, блогерлар ва кенг аҳоли осонгина уларнинг бизнеси ҳақида маълумот топаётгани ёқмаяпти, деб қўя қолинглар”.

Дастурчи Бобурмирзо Ҳамроқуловнинг маъмурий жавобгарликка тортилишини яна бир таниқли иқтисодчи блогер Отабек Бакиров ҳам қоралади.

Статистика қўмитаси кимни ҳимоя қилаяпти? Ваколатларини шахсий ва қариндош уруғи билан бойиш учун ишлатиб ётган, бизнес билан чатишиб кетган, ҳар қадами манфаатлар тўқнашувидан иборат амалдорлар кети очилиб қолаётганидан шунчалар ташвишдами? Қачондан буён очиқ маълумотлар асосида сервис яратиш қонунбузарлик бўлиб қолди?” дея савол ташлади Бакиров.

Ҳуқуқшунос блогер Зафарбек Солижонов эса жамоатчиликни андижонлик иқтидорли дастурчи йигит ҳаётига бефарқ бўлмасликка чақирди.

“Оrginfo.uz сайтини яратган дастурчи йигит ҳимоясига ҳар бир фаол шошилиши керак. Бефарқ бўлмайлик. Шу вақтгача бир қанча ноқонуний ёки адолатга тўғри келмайдиган маълумотлар олинишида ва уларнинг жамоатчиликка хабар қилинишида бу боланинг ҳиссаси катта бўлди. Respect!” ёзди Зафарбек Солижонов.

Orginfo.uz дастурчи-инженер Бобурмирзо Ҳамроқуловнинг ягона лойиҳаси эмас.

Асакалик Бобурмирзо Ҳамроқулов Тошкентдаги Ислом университетининг жаҳон иқтисодий алоқалари бўйича бакалаврлик йўналиши, сўнгра Татаристондаги Иннополис Университетининг ахборот технологиялари бўйича магистратура йўналишини тамомлаган.

У Ўзбекистондаги реклама баннерларига буюртма беришга мўлжалланган Bilboard онлайн платформаси, онлайн харид имконини берадиган tujjor.com веб-сайтини ҳам ишга туширган.

Бундан ташқари, бу ёш дастурчи Ўзбекистон темир йўлларида поездлар жадвали, чипталар ва нархларни акс эттирувчи @UzPoezdBot Телеграм-ботини очган. Бу эса Ўзбекистон темир йўллари акциядорлик жамиятининг бундай қулай иловаси йўқлиги, ташкилот сайтининг мобил версияси эса фойдаланишга ноқулай эканини яққол кўрсатган эди.

Ҳамроқуловнинг маҳаллий нашрларга айтишича, бу Телеграм-ботини ишга туширишга атиги 3 кун сарфлаган ва барча маълумотларни расмий eticket.uzrailway.uz сайтидан олган.

Бундан олдин андижонлик программист GM Ўзбекистон веб-сайтидан очиқ маълумотларни тўплайдиган, дилерларни излаш, автомобил нархларини билиш ва уларнинг техник хусусиятларини кўриш имконини берувчи GMAvtobot Телеграм-ботини ҳам ишга туширгани ҳақида маҳаллий ахборот воситалари хабар қилган.

Бобурмирзонинг автоботи чиқишидан бир неча кун ўтиб, GM-Ўзбекистон ширкати ҳам ўзининг расмий-ботини ишга туширганди.

Ўзбекистонда охирги бир йилда соғлиқни сақлаш тизими, иқтисод ва таълим тизимидаги муаммоларни кўтариб чиққан бир қанча блогер ҳуқуқ-тартибот идораларига чақирилгани ва огоҳлантирилганини хабар қилган эди.

Иккинчи муддатга сайланган Шавкат Мирзиёев, ўз таъбирича, қонуний фаолият олиб бораётган журналист ва блогерларни ҳимоя қилишга ваъда берган.

Сайловлар арафасида қатор халқаро матбуот ташкилотлари сайлов йилида Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигининг ёмонлашгани, блогер ва тармоқ фойдаланувчилари устидан назоратни кучайтиришга қаратилган қонунлар қабул қилинганини танқид қилган.

XS
SM
MD
LG