Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:47

Ўзбекистонда ўқувчи ўзини ўлдириш учун мактаб томидан ташлади


Иллюстратив сурат: 28 январ куни Янгийўлдаги 4-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси Ҳакимов Бекслан икки қаватли мактаб томидан ўзини ташлаган. Оқибатда бола бир умр ногирон бўлиб қолди.
Иллюстратив сурат: 28 январ куни Янгийўлдаги 4-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси Ҳакимов Бекслан икки қаватли мактаб томидан ўзини ташлаган. Оқибатда бола бир умр ногирон бўлиб қолди.

Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳридаги умумтаълим мактабида ўзини томдан ташлаб ўлдирмоқчи бўлган ўқувчининг онаси Озодлик билан суҳбатда мактаб раҳбариятини боласини суицид холатига келтирганликда айблади.

28 январ куни Янгийўлдаги 4-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси Ҳакимов Бекслан икки қаватли мактаб томидан ўзини ташлаган. Оқибатда бола бир умр ногирон бўлиб қолди. Шаҳар прокуратураси воқеа юзасидан суриштирув ўтказиб, жиноят аломати йўқ, деб хулоса чиқарган. Халқ таълими бўлими мулозимининг Озодликка айтишича, воқеа ортидан мактаб директори муовини лавозимидан бўшатилган, икки ўқитувчига нисбатан интизомий чора кўрилган.​

Ўзини томдан ташлаб ўлдирмоқчи бўлган мактаб ўқувчичиси ҳозирда онаси Муқаддас Раҳмонқулованинг айтишича, тўшакка михланиб қолган.

Врачлар унинг бир умр ногирон бўлиб қолишини айтишган.

Раҳмонқулова 5 март куни Озодлик билан суҳбатда ўғлини суицид холатига келишида мактаб раҳбарияти ва муаллимларини айблади.

- Боламни чўнтагидан электрон сигарет топишиб, уни нашавандга чиқаришган. Болани чўнтагидан чиқди дегани у чекди дегани эмаску. Ўқитувчилар эса электрон сигаретни кальян тутатадиган, деб ўйлашган-да. "Энди беш йилга қамаласан", деб қаттиқ қўрқитишган. Мени ҳам мактабга чақиришди. Завуч менга "мана тарбияли болангизни ёнидан чиққан нарса", деб қўлимга берди, "мана шу билан беш йилга қамалади", деди. "Мана шу мени боламдан чиқдими", деганимни биламан, ўғлим югуриб чиқиб кетди, туалетга кетдими десам, мактабни томига чиқиб олибди, "мендан рози бўлинг" деб, кейин ўзини ташлаворди, - дейди Муқаддас Раҳмонқулова.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:43 0:00
Бевосита линк

Ўзини томдан ташлаб, жонига қасд қилмоқчи бўлган ўқувчининг синф раҳбари Дилбар Қумихбаева Озодлик билан суҳбатда боланинг суицид холатига келишига, муаллимлар айбдор, деган иддао нотўғри эканини айтди.

Қумихбаевага кўра, боланинг ўзида суицидга мойиллик бўлган.

- Бу бола олдин ўқиган мактабида ҳам шундай ишлар қилган экан. 7-синфгача бошқа мактабда ўқиган. У ерда ҳам психологларни айтишича, ўзини ташлашга уриниш қилган экан. Энди прокуратура буни текширди, ҳаммамизни чақиришди сўроққа. Ҳозир ўқувчиларга овозимизни сал қаттиқроқ гапиришга қўрқиб қолганмиз, - дейди Дилбар Қумихбаева.

Шаҳар Халқ таълими бўлимининг Озодлик суҳбатлашган мулозими прокуратура суриштируви ортидан мактаб директори муовини лавозимидан бўшатилгани, икки ўқитувчига нисбатан интизомий чора кўрилганини айтди.​

- Муаллимлар болани тўғри йўлга чақириш учун қаттиқ гапиргандир, деб, зам.директоримиз ишдан бўшатилди, ҳарбий тарбиячи ҳам ишдан бўшатилди. Бу дегани шу муаллимлар айбдор, дегани эмас, болани онасига навстречу бориш учун биз шундай қилдик, - деди Янгийўл Халқ таълими бўлими мулозими.

Янгийўл тумани прокуратурасидан суриштирув натижалари бўйича маълумот олиб бўлмади.

Ўзбекистонда ёшлар, айниқса мактаб, коллеж ўқувчилари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда.

Ўтган уч ой давомида Озодликка билдирилган ана шундай ўнта воқеа ҳақида хабар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди.

2019 йил феврал ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига “Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри” ва “Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи” лавозимлари киритилди.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар уларга психиатрия ёрдами кўрсатилиши вақтида бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.

Янги таҳрирдаги “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилиб, унда аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари функциялари ҳамда ваколатлари аниқ чегараланиши назарда тутилади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.

XS
SM
MD
LG