Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:26

Талабалар Дипломатия университети ректоратига контракт пули оширилганидан норозилик билдирди


5 сентябр куни ЖИДУ талабалари ректорат биноси олдига тўпланмоқда.
5 сентябр куни ЖИДУ талабалари ректорат биноси олдига тўпланмоқда.

Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг ўқиш контракт пули икки баравар оширилишидан норози бўлган ўнлаб талабаси янги ўқув йилининг биринчи куни - 5 сентябрда олийгоҳ ректорати биноси олдида йиғилди. Талабалар ўқиш пулини тўлай олмай билим юртидан ҳайдалиш хавфи остида қолганликларини айтмоқда.

Ўтган ой Университет ўқиш пулини 12 миллион сўмдан бирданига қарийб 24 миллион сўмга кўтарганди. Университетнинг бухгалтерия масалаларига масъул мулозим Озодлик билан суҳбатда ўқиш нархлари талабалар манфаатини кўзлаб ўқув сифатини кўтариш мақсадида оширилганини айтди​.

Олдинроқ университет ректорати ҳам ўқиш нархлари оширилиши юзасидан изоҳ берганди.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган талабаларидан бири ўқиш пулининг кутилмаганда икки баравар кўтарилиши ўзи ва кўплаб курсдошларини анча мушкул аҳволда қолдирганини айтди:

- Биз ҳозир ректорга ўқиш ҳақи асоссиз оширилгани юзасидан норозилигимизни билдириш учун ректорат олдига тўпландик. Мен билан бирга элликка яқин талаба турибди. Биз ўқиш ҳақи аввалгидай қолдирилиши ёки ўқиш пулини тўлай олмаётган талабаларга енгилликлар берилишини талаб қиляпмиз. Ўтган йил ўқишга қабул қилинганимда ўқиш пули 12 миллион сўм эди. Ҳозир эса 24 миллионга чиқиб кетди. Бундан ҳамма норози. Ректорга ҳам порталга ҳам шикоят қилдик, ҳеч натижа бўлмаяпти.

ЖИДУ талабалари ректорат биноси олдида.
ЖИДУ талабалари ректорат биноси олдида.

Университетнинг бошқа бир талабаси эса ўқиш пули ошгани сабаб контракт пулини тўлай олмай, ўқишни давом эттираолмаслик хавфи остида қолганини айтди:

- Мен оддий оиладанман. Ўқишга ўз билимим билан кирганман. Яхши баҳоларга ўқийман. Ота-онам контракт пулини тўлашга қурби етмайди. Шу пайтгача қарз қилиб тўлаб келаётгандик. Ҳозир икки баравар кўтарилиб, ўқиш йилига сал кам 3 минг доллларга тўғри келяпти. Бу пулни мен қаердан оламан?!

ЖИДУ талабалари ректорат биноси томон юриш қилмоқда.
ЖИДУ талабалари ректорат биноси томон юриш қилмоқда.

Озодлик талабаларнинг арзи юзасидан Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига боғланди.

Университетнинг бухгалтерия масалаларига масъул мулозим Озодлик билан суҳбатда ўқиш нархлари талабалар манфаатини кўзлаб ўқув сифатини кўтариш мақсадида оширилганини айтди:

- Университетнинг моддий-техника инфратузилмаси янгиланмоқда, спорт иншоотлари қайта қурилмоқда, талабалар учун янги ахборот-ресурс маркази барпо этилмоқда, булар шу студентлар учун қилиняпти ва пул туради. Бундан ташқари халқаро иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий соҳалардаги малакали хорижлик мутахассисларни университетнинг таълим жараёнига жалб қилямиз. Жорий ўқув йилида чет элдан камида 10-15 нафар етакчи халқаро олимни таклиф қилиш режалаштирилган. Улар бепулга келмайди албатта. Бу ишларни ҳаммаси талабалар учун, уларнинг сифатли билим олишлари учун қилиняпти.

Бундан олдин университет ректорати ҳам ўқиш нархлари оширилиши юзасидан изоҳ берганди.

Айни пайтда университет ўқиш пулини бир йўла ўтказиш имконига эга бўлмаган талабаларга кўмак беришга ҳаракат қилаётгани ва уларни қўллаб-қувватлаш учун турли вариантлар таклиф этмоқда. ЖИДУ масъул ходими бундай деди:.

- Иложи борича, биз ҳозир ҳар бир талаба билан ишлаяпмиз, уларни молиявий муаммоларини ўрганяпмиз. Уларга қулай вариантларни таклиф қиляпмиз, университетда ишлаш имконларини таклиф қиляпмиз, ўқиш пулини ҳар ойда бўлиб-бўлиб тўлаш масаласини ҳам ўрганяпмиз.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети мулозими ўқиш пулини тўламаган талаба ўқишдан ҳайдалиши мумкинлигини истисно этмади.

Лекин, университетда ҳозирча ўқиш пулини тўламай қолиб талабанинг ўқишдан ҳайдалгани ҳолати бўлмаган.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўқув базасини янгилаш ва ўқиш нархларининг оширилиши Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ЖИДУ фаолиятига нисбатан қаттиқ танқидий чиқиши ортидан рўй бермоқда.

Шу йил январ ойида Мирзиёев Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихоналар ходимлари билан учрашувида ЖИДУни қаттиқ танқид қилар экан, бундай деган эди:

- Афсуски, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети чинакам истиқболли, ўз касбига садоқатли ва профессионал ёш кадрлар тайёрлаш бўйича вазифаларни тўлақонли бажараётгани йўқ. Университет битирувчиларининг давлат идораларига ишга жойлашиши ўта паст даражада қолмоқда.

Президентга кўра, 2017 йилда университетни битирган 235 мутахассиснинг 14 нафаригина Ташқи ишлар вазирлигига ишга қабул қилинган.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.

Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети 1992 йилда олдинги Тошкент Олий партия мактаби биносида очилган эди.

Бугунги кунда уч мингдан ортиқ талаба Халқаро муносабатлар, Халқаро иқтисодий муносабатлар, Халқаро ҳуқуқ соҳалари бўйича айни олийгоҳда таълим олади.

XS
SM
MD
LG