Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:55

“Тошкент меҳмонхоналарида жой қолмаган”. Россияликлар мобилизациядан қаерга қочмоқда?


Россияда  қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилиниши ортидан мамлакатнинг чегара масканларида тирбандлик юзага келган. 
Россияда  қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилиниши ортидан мамлакатнинг чегара масканларида тирбандлик юзага келган. 

Россия ва Қозоғистон орасидаги “Бугристое” чегара масканида, йўлнинг Қустанай йўналишида бир неча километрга чўзилган тирбандлик юзага келган.

Президент Владимир Путин 21 сентябрь куни қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилиши ортидан бундай ҳолат мамлакатнинг бошқа чегара масканларида ҳам кузатилмоқда.

Nordic.News агентлиги Твиттерда Россиянинг Финляндия билан чегарасида автомобиллар туриб қолгани акс этган видеони жойлаштирди.

Финляндия Европа Иттифоқининг Россия билан қуруқликдаги энг узун - 1, 3 минг километрлик чегарага эга давлати ҳисобланади.

Бу давлат россиялик сайёҳлар учун мамлакатга кириш тартибини кучайтирмоқчи.

Мобилизациядан қочиш

Yandex.maps хизматига кўра, Россиянинг Грузия, Беларус, Монголия билан чегарасида ҳам автомобиллар тирбандлиги юзага келган.

Видеоларда Россия-Грузия чегарасида юзлаб автомобилларнинг тўпланиб қолганини кўриш мумкин.

Баъзи ҳайдовчилар мобилизация эълон қилинганидан кейинги биринчи тунни чегарада ўтказган.

“Тирбандлик Юқори Ларсдан Қуйи Ларсгача чўзилган. Тақрибан 5-6 километр. Одамлар кечадан бери туришибди. Менинг ўзим 8 соат бўлди турибман”, - дейди ҳайдовчилардан бири.

Мобилизация эълон қилинган 21 сентябрнинг ўзида россияликлар визасиз боришлари мумкин бўлган Боку, Тошкент, Истанбул, Ереван каби шаҳарларга рейслар учун чипталар сотилиб бўлгани ҳақида хабарлар олинганди.

Тошкентга авиачипталар "ўн баробар" ошди

22 сентябрь куни Москвадан Тошкентга авиачипта нархи бир томонга қарийб 9 минг долларгача кўтарилди.

"Внуково аэропортидан учмоқчи бўлсангиз, Тошкентга 603 минг 50 рубль. Кетишни хоҳловчилар кўп, талаб кўп. Эрталабдан 200дан ортиқ одам билет сўраб телефон қилди", - дейди Россияда авиабилет савдоси билан шуғулланувчи тадбиркор ва блогер Фарҳод Темиртирноқ Озодлик билан суҳбатда.

Россиянинг бир қатор аэропортларида хорижга йўл олган эркак йўловчилар қўшимча текширувдан ўтказилаётгани айтилмоқда.

Паспорт назоратида чипта қачон сотиб олингани, қайтиш чиптаси бор-йўқлиги, жўнаб кетаётган шахс ҳарбий хизматни ўтаганми, ҳарбий ихтисослиги бор-йўқлиги ҳақида саволларга тутилмоқда.

Россия президенти Владимир Путин чоршанба куни урушга қисман сафарбарлик эълон қилди. Аммо сафарбарликнинг аниқ миқёси ҳозирча номаълум. Тармоқларда Россия минтақаларидан турли ёшдаги эркакларнинг автобусларга босиб олиб кетилаётгани видеолари тарқалмоқда.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, 300 минг заҳирадаги аскарни ҳарбий хизматга чақириш режалаштирилган.

Кўпчилик россияликлар мамлакатни тарк этишни урушга тортилмасликнинг энг қулай йўли сифатида кўрмоқда.

Айни пайтда, одамларнинг четга оқими ортидан Россиянинг айрим минтақаларида сафарбарликка чақирув қоғози олмаган аскар ва заҳирадаги зобитларнинг ўз шаҳар ва туманларидан ҳарбий комиссия рухсатисиз чиқиб кетиши вақтинча чекланди.

Россиядаги потенциал чақирилувчилар қочиб кетиши мумкин бўлган давлатлар кўп эмас.

Россияликлар хорижга чиқиш паспортисиз Беларус чегарасини кесиб ўтишлари мумкин, аммо февраль ойида Россия ҳарбийлари Киевга ҳужум қилган Беларусни хавфсиз жой деб кўрилмайди.

Туркия россияликлар учун виза талаб қилмаса-да, хорижга чиқиш паспортисиз бу давлатга боришлари имконсиз.

Шу жиҳатдан Арманистон ва Марказий Осиё давлатлари россияликлар қочишлари учун қулай йўналиш бўлиб қолмоқда.

“Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон россияликлар хорижга чиқиш паспортисиз киришлари мумкин бўлган давлатлар. Ҳозир бу мамлакатларнинг барчасига чипталар сотиб бўлинган, яқин уч кун ичида у ерга уча олмайсиз”, - дейди Озодлик билан суҳбатда Россияни тарк этган муҳожирларга ёрдам берувчи "Ковчег" ташкилоти раҳбари Анастасия Буракова.

Бураковага кўра, Ўзбекистон россияликлар учун сафар қилиш қулай бўлган мамлакатлардан.

Ўзбекистонда ишлаб турган Uzcard ва МИР тизимидаги кобейжинг картаси россияликларга тўлов қилиш имконини беради.

"Тошкент меҳмонхоналарида жой қолмаган"

Пайшанба куни Тошкент аэропортида Россиядан келувчилар сони кескин ортгани кузатилди.

Пойтахт Тошкентда меҳмонхоналарида нархлари ошиб кетган, баъзиларида жой қолмаган.

"Ҳамма жой сентябрь ойи охиригача брон қилиб бўлинган", - деди "Тошкент" меҳмонхонаси ходими Озодликка.

Март ойининг бошларида Украинадаги уруш ва Ғарб санкцияларининг кучайиши фонида минглаб россияликларнинг Ўзбекистонга оқими ортидан Тошкентда уй-жой ва ижара ҳақлари қимматлай бошлаганди.

Блогер ва жамоат арбоби Азиза Умарова Facebook саҳифасида россияликларнинг янги оқими нарх-навонинг янада кўтарилишига олиб келиши ҳақида ёзди:

“Воқеалар жадал ривожланмоқда. Қисман сафарбарлик эълон қилинди. Русларнинг катта оқимини кутинг, нархлар кўтарилади, кўчмас мулк ҳам. Ва булар февраль ойидан бери кузатилаётгани каби, ўзларини масофадан туриб боқишга қодир бўлган фрилансерлар ва IT мутахассислар эмас. Ҳар хил одам келади”.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Россиядаги мобилизация ортидан бу мамлакатдан қанча одам Ўзбекистонга кириб келгани ҳақида бирон маълумотни очиқлагани йўқ. Ижтимоий тармоқларда рус муҳожирлари оқимини назоратга олиш ва аниқ тартиблар жорий қилишга чақириқлар янграмоқда.

Айни пайтда Россияга қўшни Болтиқбўйи ва Скандинавия давлатлари ҳарбий сафарбарликдан қочаётган россияликларнинг киришига чекловлар жорий этган.

Форум

XS
SM
MD
LG