Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:33

Тошкентда 15 яшар бола бошқарган Nexia авариясида милиция ходими нобуд бўлди


sayyod.com нашри воқеа жойидан олинган расмларни эълон қилди
sayyod.com нашри воқеа жойидан олинган расмларни эълон қилди

Тошкентда рўй берган автоҳалокатда бир милиция ходими ҳалок бўлди. Озодликка маълум бўлишича, 25 майга ўтар кечаси Юнусобод туманида Nexia русумидаги ички ишлар идораларига қарашли Matiz автомобилига келиб урилиши оқибатида яна бир милиция ходими жароҳатланган. Воқеа гувоҳларининг Facebook тармоғида ёзишича, Nexia ҳайдовчиси ўртоқлари билан пойга ўйнаётиб, машина бошқарувини йўқотиши натижасида йўл четида турган милиция автомобилига келиб урилган.


Тошкентнинг Юнусобод туманидан ўтувчи Амир Темур шоҳ кўчасида 25 майга ўтар кечаси рўй берган воқеа ҳақида Facebook тармоғидаги “Водители Ташкента” гуруҳи аъзолари ҳам ёзишмоқда. Бу хабарларда 9 синф ўқувчиси бошқарган машина икки милиционерни уриб юборгани ва иккаласи воқеа жойида ҳалок бўлгани айтилади.

Sayyod.com нашри ҳам икки милиция ходими нобуд бўлганини ёзди. Нашр берган хабарда ҳам аварияга сабабчи бўлган машинани 9 синф ўқувчилари бошқаргани айтилади.

Озодликнинг Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасидаги манбаси 25 май куни тунгги соат 02:40 атрофида шундай ҳодиса рўй берганини, лекин бир киши ҳалок бўлганини билдирди.

“25 майга ўтар кечаси Амир Темур шоҳ кўчасининг Ўзбекистон миллий банки биносига яқин қисмида авария рўй берди. Банкда хизмат олиб бораётган қўриқлаш бўлими ходимларини текширгани борган йигитлардан бири нобуд бўлди. Улар Matizда бўлишган, қайтиб чиқиб, энди машинага ўтираётган пайтда Nexia келиб орқасидан урган. 44 ёшли капитан касалхонага кетаётганда жон берган. Иккинчиси жароҳатлар билан касалхонага олиб борилган, биринчи ёрдам кўрсатилиб, бош мия чайқалиши ташхиси билан жавоб бериб юборилди”, дея билдирди манба.

Озодлик илтимосига кўра воқеа тафсилотларини ўрганган Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасидаги манба ҳам аварияга сабабчи бўлган Nexia ҳайдовчиси вояга етмаган бола бўлганини тасдиқлади.

“15 ёшли бола бўлган. Ёнида яна бир ўртоғи бўлган. У берган кўрсатмаган кўра, машинани ювиш баҳонасида уйидан олиб чиққан. Аварияга сабаб бўлган вазият ҳақидаги саволга “йўлимдан бошқа машина чиқиб қолди, ўшандан олиб қочаман, деб бу машинага урилдим”, дея жавоб берган. Бу болалар маст ҳолатда бўлмаган”, дейди бошқарма вакили.

Унинг айтишича, ҳодиса юзасидан текширув олиб борилмоқда ва аварияга кўча пойгаси сабаб бўлганми, йўқми ҳозирча аниқ айтиш қийин. Лекин ҳалокат рўй берган вақт кечаси соат учлар атрофида бўлгани учун буни эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди, дейдиe.

Facebook тармоғидаги “Водители Ташкента” гуруҳи аъзоларига кўра, Тошкент кўчалари тунда автопойга майдони сифатида ишлатилиши одатий ҳолга айланган.

“Бир нарсани айтишим мумкин. Бу стритрейсерлар дастидан фақат аҳмоқона авариялар содир бўлади холос. Нексиясига махсус турбина ва рангли дискларни ўрнатиб олиб, ўзларини худди спорт машинада, деб ўйлашади. Натижада бу бахтсизлик билан тугайди”, деб ёзади гуруҳ аъзоларидан бири.

“Бундай пойгалар бўлиб туради. Бу ҳозир трендга айланган. Шаҳарнинг кўп жойларида пойга бўлади. Кўпинча кутилмаганда светофорда турган пайтда ҳам бошланиб кетиши мумкин. Шаҳарда қони қизиган йигитлар кўп. Лакокраска (Тошкент лок бўёқ заводи, Содиқов кўчасида жойлашган) ёнида тунлари пойга бўлади. Лекин яхшиси шаҳар ичида пойга қилмаган яхши. Ўзингку майли, бошқа одамларни ўлдиришинг мумкин, Худо кўрсатмасин”, деб ёзади Интернетдаги “Автоклуб Заз Узбекистан” гуруҳи иштирокчиларидан бири.

Маълум бўлишича, Тошкент вилоятининг Пскент туманида ярим-расмий пойгалар ўтказилади. Автомбил ҳаваскорларига доир интернет гуруҳлари турли кўнгилсиз воқеалар олидини олиш учун Пскентдаги автопойгада қатнашиш учун махсус рўйхатга ёзилишни маслаҳат бермоқда.

Тошкентда катта тезлик натижасидаги автоҳалокатларнинг энг шов-шувлиси 2013 йил майида рўй берган эди. Ўшанда миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни Бобур Усмонов Ford Mustang машинасида катта тезликда келаётиб, бошқарувни йўқотиши натижасида ўзи ва пассажир ўриндиғидаги 25 ёшли аёл нобуд бўлган эди.

XS
SM
MD
LG